...

...

AGROBLOGER

Саудия Арабистони Подшоҳлиги 2019 йилда экология хавфсизлиги бўйича махсус кучларни барпо этди, табиий қўриқхоналар ҳудудларини Подшоҳлик ҳудудининг 4 фоизидан 14 фоизига қадар оширди.

Сўнгги 4 йил ичида ўсимликлар билан қопланиш нисбатини 40 фоизга оширди. Нефт қазиб чиқарувчи мамлакатлар орасида углерод чиқиндилари миқдорини камайтиришда энг юқори кўрсаткичларга эришишга муваффақ бўлди. Подшоҳлик тоза энергия ишлаб чиқаришда инновацион ечимлар топишнинг таркибий қисми сифатида муваффақият билан 40 тонна мовий аммиак ишлаб чиқарди ва экспорт қилишга муваффақ бўлди. Подшоҳлик Нийомда таннархи 5 млрд. АҚШ доллари бўлган дунё миқёсидаги энг йириқ яшил водород ишлаб чиқариш лойиҳасини бошлаб юборди. Унда кунига тахминан 650 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, минтақада ҳар йили 13 млрд. қум бўронлари кўтарилади. 19 аср бошидан бери дунёда қум бўронлари кўтарилиши 25 фоизга ошди. Маржон рифлари 2050 йилга бориб йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолмоқда. Иссиқликдан келиб чиқадиган газлардан ҳавонинг ифлосланиши инсонларнинг ўртача умрини 1,5 йилга қисқартириши тахмин қилинади.

Cаудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бен Сальман Аль Сауд глобал иқлим ўзгаришларига қарши кураш доирасида иккита йирик ташаббус билан чиқди. “Akhbar Al Saudiya” янгиликлар порталининг хабар қилишича, шаҳзода илгари сурган дастур бўйича яқин ўн йилликда подшоҳлик ҳудудларига 10 млрд дарахт ўтқазилади. Шу билан бирга валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бен Сальман Аль Сауд “Яшил Яқин Шарқ” дастурини ҳам илгари сурган бўлиб, унга кўра минтақага 40 млрд дарахт экиш кўзда тутилган.

Саудия Арабистонининг “Яшил Саудия Арабистони” ва “Яшил Яқин Шарқ” бўйича икки ташаббусида Подшоҳлик ва минтақанинг ер ва табиатни ҳимоя қилиш, бу борада аниқ “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш бўйича қарашлари акс этган. Бу ташаббус глобал иқлим ўзгаришига қарши кураш борасида халқаро саъй – ҳаракатларга ҳисса қўшади.

Саудия Арабистони ташаббусининг эълон қилиниши минтақавий глобал саъй – ҳаракатларни бирлаштиришни кўзда тутади. Бу билан минтақадаги умумий саломатлик мустаҳкамланади, фуқаролар ҳаёт даражаси кўтарилади.

Саудия Арабистонининг “Яшил Саудия Арабистони” ташаббуси муҳим миллий ташаббуси бўлиб, ҳаёт даражасини кўтариш ва келгуси авлодларни ҳимоя қилишга қаратилган. Унинг мақсадлари ўсимлик дунёсини кўпайтириш, углерод чиқиндилари миқдорини камайтириш, ифлосланиш ва ер ҳолатининг ёмонлашувига қарши кураш, денгиздаги ҳаётни сақлаб қолишни қамраб олади. Ташаббус бир қатор муҳим ишларни гавдалантириб, уларнинг асосийлари қуйидагилардан иборат:

– Саудия Арабистони Подшоҳлигида 10 млрд. дарахт ўтказиш.

– углерод чиқиндилари миқдорини 4 фоиздан кўпроқ нисбатда камайтириш.

– Подшоҳликда энергетика ишлаб чиқаришида тоза энергия манбалари ҳиссасини ҳозирги 0,3 фоиздан 2030 йилга бориб, 50 фоизга етказишга қаратилган қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини ишлаб чиқиш.

“Яшил Яқин Шарқ” ташаббуси минтақага оид дастур бўлиб, халқаро ва минтақавий саъй – ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қаратилган. Ташаббусни Подшоҳлик минтақанинг “Йўл харитаси” сифатида илгари сурган. Иқлим ўзгаришига қарши туриш мақсадида қуйидагилар амалга оширилади:

– Минтақада гидрокарбонатлар технологиялари қудратини мустаҳкамлаш.

– Дунёда қайтадан кўкаламзорлаштириш режасини ишга тушириш ва унинг доирасида Яқин Шарқ минтақасида Саудия Арабистони билан қўшиб ҳисоблаганда 50 млрд. дарахт ўтказиш. Натижада дунё бўйича ўтказилиши режалаштириладиган 1 трл. дарахтнинг 5 фоизни ўтказилиши таъминланади ва углерод чиқиндилари миқдори ўртача 2,5 фоиз камайтирилади. Бу билан дунё миқёсида углерод чиқиндилари миқдори 10 фоиздан кўпроққа камайишига эришилади.

“Яшил Яқин Шарқ” ташаббусини амалга ошириш механизми:

Ташаббус Араб кўрфазидаги давлатлар ҳамкорлик кенгашидаги биродар давлатлар ва Яқин Шарқдаги мамлакатлар билан шерикчиликда, “Яшил Яқин Шарқ” ташаббуси мақсадларини биргаликда амалга оширишни истовчи иттифоқчи давлатлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги “Яшил Яқин Шарқ ташаббуси” номи остида йиллик саммитлар ўтказиш устида иш олиб боради. Унда ташаббус тафсилотлари ва амалга ошириш механизмларини муҳокама қилиш учун давлатлар раҳбарлари, вазирлар ва экология соҳасига масъуллар қатнашадилар. Ташаббусларни амалга ошириш борасидаги ишлар 2021 йилнинг тўртинчи чорагида бошланиб, келгуси 20 йил мобайнида давом эттирилади. Подшоҳлик саммитни ўтказиш ва ташаббуслар мақсадлари амалга оширилишини кузатиб борадиган нотижорат ташкилотини барпо этади.

Минтақа сув ва молиявий ресурслар ҳамда технология тақчиллиги, жуғрофий қийинчиликлар каби хавф – хатарларга дуч келмоқда. Шунинг учун Подшоҳлик минтақа давлатлари билан ресурслари чекланган давлатлар учун ташаббусларни молиялаштириш механизмлари ва имкониятларини излаш, технологиялар ва тажрибаларни ишга солиш устида ишламоқда. Бунда минтақада нефт қазиб чиқаришдан келиб чиқадиган углерод чиқиндилари миқдорини камайтириш, қайта ишланган сув, ёмғир ва булутлардан суғоришда фойдаланишда инновацион йўлларни топиш, фақат 3 йил мобайнида суғорилиб, кейинги ривожланиши учун табиий йўллар кифоя қиладиган ва минтақа учун муносиб бўлган дарахтларни ўтказиш каби бошқа ечимларни излаш мақсад қилиб олинган. Конференцияда ташаббуслар мақсадларини амалга ошириш дуч келаётган хавф – хатарлар, уларни ҳал этиш йўллари билан боғлиқ масалалар ҳам кўтарилади.


@AGROBLOGER канали

Шарофиддин Тўлаганов

uza.uz

Report Page