...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов “Sunbula technologies Est." компанияси раиси Убайдулла Сиддийқий билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Элчихона Ўзбекистоннинг «ВМВ Trade Group” компанияси томонидан етиштирилган заъфарон намуналарини компания раҳбарига тақдим этди. Бу маҳсулот Саудия Арабистони озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари агентлиги (SFDA) томонидан текширилади ва тегишли сифат сертификати олинади.

«Умид қиламизки, заъфарон - бу Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизнинг бошланиши бўлади. Келажакда кенг турдаги маҳсулотлар импорт қилиш ниятидамиз.

Саудия вакиллари ҳозир заъфаронни Марокаш, Испания, Ҳиндистон, Афғонистон ва Покистон каби давлатлардан олиб келмоқда. Шу маънода Ўзбекистонда етиштирилиши бошланган заъфаронга қизиқишимиз катта. Умид қиламизки, ўзбек заъфарони сифат жиҳатидан рақобатбардош ва Саудия бозорида ўз ўрнига эга бўлади», деб таъкидлади компания раиси.

Убайдулла Сиддийқий, шунингдек, Ўзбекистондан табиий асал ва тоғ ўсимлик гиёҳларидан тайёрланган маҳсулотларни ҳам импорт қилиш имкониятини ўрганмоқчилигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Саудия Арабистонида шифобахш экологик тоза маҳсулотларга талаб юқори.

Учрашувда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи транспорт коридори яратиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу каби қулай транспорт йўлагининг имкон қадар тез муддатларда қурилиши минтақа давлатларининг савдо-иқтисодий алоқаларига ижобий таъсир кўрсатади. Шу ўринда суҳбатдош мазкур янги транспорт йўлаги барпо этилиши Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо айланмасини ҳам сезиларли ошишига олиб келади, деб умид билдирди.


@AGROBLOGER канали

xs.uz

Report Page