...

...

AGROBLOGER

Мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ карантин бўлгани билан юртимиз фермерларию тадбиркорлари ишни сиз айтгандек тўхтатиб қўйгани йўқ. Аксинча, тадбиркорларимиз ишни жадаллик билан олиб бормоқда.


Келинг, қуруқ гапиргандан кўра, аниқ мисоллар билан фикримизни давом эттирсак. Буни Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “BEK CLUSTER” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона мисолида кузатамиз.


“BEK CLUSTER” холдинг компанияси йирик тадбиркорлик субъектларидан бири бўлиб, унга Мирзаобод туманида 28 минг 409,7 гектар ер ажратилган. Мазкур кўп тармоқли кластер томонидан туманда 100 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилган. Бу ерда йилига 25 миллион долларлик маҳсулот етиштирилади.


Қўшма корхона таркибига иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият олиб бораётган ўнлаб корхоналар киради. Мазкур корхоналарда фармацевтика буюмлари, пахта ва ғалла маҳсулотларини етиштириш, торт ва ширинликлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, текстиль маҳсулотлари чакана ва улгуржи савдоси, қум ва шағални дарё бўйидан карьер усулда қазиб олиш, балиқ, балиқ чавақлари етиштириш ва балиқни қайта ишлаш, ов туризми, иссиқхона-лимонарий, қишлоқ хўжалиги техникаларига сервис хизмати кўрсатиш каби йўналишлар, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларидан тортиб, тўқимачилик, темир-бетон маҳсулотларигача бўлган жараённи ўз ичига олади.


Мазкур корхона маҳсулотлари ички бозорларимизни тўлдириб, қолган қисми Россия, Хитой, Қозоғистон ва Туркия каби давлатларга экспорт қилинади. Жумладан, 2019 йилда корхона томонидан қарийб 35,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.


Ўтган йилда корхонада бир қанча истиқболли лойиҳалар ишга туширилди. Хусусан, 200 гектар ерда интенсив узумзор ташкил этилди. “BEK CLUSTER” МЧЖ масъуллари ҳудуддаги аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида Глобал экологик жамғарма, Жаҳон банки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) каби халқаро ташкилотлар грантлари асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш режаси борлигини ҳам баён қилди. Жумладан, яна 2 минг гектар майдонда туя ва йилқи боқиш йўлга қўйилади. Шу асосда ҳудудда туя сути билан муолажа олиб борадиган клиника очилади. Қолаверса, 8 та боғча ташкил этилиб, кластер корхонаси хўжалиги атрофида яшовчи аҳоли фарзандларига мактабгача таълим жараёнига қатнаш имконияти яратилади. 200 гектар ерда интенсив анор боғи ташкил этиш, ўсимлик ёғи ва омухта ем ишлаб чиқариш заводини ишга тушириш, гўшт етиштиришга ихтисослашган бўрдоқичилик комплекси ташкил этиш, тиббий боғлама воситалари ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган.

Компания таркибидаги корхоналарда 5 минг нафардан ортиқ ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда.


– Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари учун енгилликлар яратилди, – дейди “BEK CLUSTER” МЧЖ асосчиси Улуғбек Сотиболдиев. – Коронавирус пандемияси оқибатида келиб чиққан глобал инқирознинг салбий таъсири компания таркибидаги корхоналарда ҳам сотув ҳажмининг пасайиши, пул оқимининг камайиши кўринишида сезилмоқда. Аммо бу кўпга келган тўй. Бундай шароитда биз ҳукуматимиз томонидан берилган енгиллик ва имтиёзлардан, қолаверса, ўз ички имкониятларимиздан максимал даражада фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартирмасликка ҳаракат қилаяпмиз. Ички бозорларимизга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари –гўшт, сут, сут маҳсулотлари, балиқ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бераяпмиз. Мақсадимиз бозоримизни арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, халқимизнинг дуосини олиш.


Халқимизда “Эл бошига иш тушганда, мард йигитлар юртга қалқондир”, деган нақл бор. Бу нақлга “BEK CLUSTER” МЧЖ томонидан нафақат карантин шароитида, балки доимий равишда амал қилинади. Жумладан, Сирдарё вилоятининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига моддий ёрдам бериб келинади. Хусусан, Мирзаобод туманида истиқомат қилувчи 50 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага 1 қопдан ун, 1 қопдан картошка, 5 литрдан ўсимлик ёғи берилди. Гулистон шаҳар деҳқон бозорида аҳолининг кам таъминланган қатлами учун 5 минг дона тиббий ниқоб бепул тарқатилди. Амалдаги бу саховатли ишлар ҳақиқий эр йигитларга хос фазилат. Бундан ташқари, Гулистон шаҳридаги Меҳрибонлик уйи, Сирдарё вилояти карлар жамияти, Гулистон давлат университети ҳамда бошқа кўплаб ташкилот ва муассасалар билан доимий ҳамкорлик ўрнатилиб, моддий-маънавий ёрдам бериб келинмоқда.


Корхона айрим “тадбиркорлар”га ўхшаб эл бошига иш тушганда нархларни оширмади. Ёки нима бўлар, экан деб четда қараб турмади. Эътиборли жиҳати, “BEK CLUSTER” МЧЖ таркибидаги пахтачиликка ихтисослашган “Mirzaobod universal trade cluster” МЧЖ 2019 йилда пахта етиштиришда 304 гектар ерга томчилатиб суғориш технологиясини қўллаб, юқори натижага эришди. 2020 йилда 6 минг гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта етиштириш режалаштирилган бўлиб, Хитойнинг “XINJIANG ALQUN IMPORT AND EXPORT TRADE CO., LTD” компанияси билан қарийб 4,5 миллион еврога томчилатиб суғориш тизими ускуналарини олиб келиш бўйича шартнома имзоланган.


МЧЖ таркибидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи корхоналарда рақамли технологияларнинг сўнгги ютуқлари қўлланилмоқда. Хусусан, Белоруссиянинг “TECHNOTON” компаниясининг ёқилғи сарфини назорат қилувчи рақамли-интеллектуал датчиклари, АҚШнинг “Trimble Inc” компаниясининг ерни текислаш, экиш, экин орасига ишлов бериш жараёнларини бошқариб, назорат қилувчи ускуналари, “New Science Technologies” компаниясининг “Cropio” дастури шулар жумласидандир. “Cropio” дастури қишлоқ хўжалиги ерларини дистанцион назорат қилиш асосида экин майдонларини оператив мониторинг қилиш, автоҳужжатлаштириш, қишлоқ хўжалиги операцияларини прогнозлаштириш ва режалаштириш имконини беради.


– Рақамли технологияларнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жорий этилиши сифатли маҳсулот гаровидир, – дейди “BEK CLUSTER” МЧЖ иқтисодчиси Зафар Қудратов. – Жорий йилда компания томонидан етиштириладиган ва ишлаб чиқариладиган пахта-тўқимачилик маҳсулотлари ҳажмини ўтган йилдагига қараганда ошириб, 46 минг 466 тонна пахта хомашёси, 15 минг 333 тонна пахта толаси, 13 минг 22 тонна пряжа, 10 минг 417 тонна мато, 29 764 минг дона трикотаж маҳсулотлари, 23 минг 233 тонна чигит, 765 тонна сара уруғлик чигит тайёрлаш мақсад қилинган.


Хитой давлат ва жамоат арбоби Мао Цзедуннинг “Ўзгаришлар шамолини ҳис қилган одам, шамолдан паналиши керакмас, аксинча, у шамол тегирмони қуриши лозим”, деган машҳур ибораси бор. Маҳаллий тадбиркорларимиз мазкур вазиятни ўзига хос имконият сифатида қабул қилиши ва бунда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда янги бозорлар излаб топишга катта эътибор қаратиши лозим.


Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА

@AGROBLOGER канали

Report Page