...

...

AGROBLOGER

Жангкетмон маҳалласи раиси таъсирли бир воқеани айтиб қолди. Айтишича, ҳамқишлоқлари томорқасига арзимас ҳақ эвазига кимёвий дори сепиб юрадиган 46 ёшли маҳалладоши 3 фарзанди билан кам таъминланган оилалар учун ажратилган нафақа ҳисобига ночор кун кечирарди. Ажриқ босган томорқасига қарашга эса ҳуши йўқ эди.

Тадбиркор маҳалладошлари бу оила томорқасига 6 сотихли иссиқхона қуриб бергач, бир йилда қорамол сотиб олди, иккинчи йили чала қолган қурилишларини битказди. Ҳозирги кунда ушбу оила томорқа даромади эвазига қаддини тиклаб олди.

Фарғона вилояти Фурқат туманининг “Жангкетмон” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси томорқачилик ва тадбиркорлиги билан машҳур. Бугун маҳалладаги аксарият аҳолининг бодом кўчатини етиштириш, пайвандлаш борасида катта тажрибаси бор. Бодомлари мевага кирган оилалар бир йилда ўртача 25-30 миллион сўм даромад олмоқда. Картошка, помидор-бодринг, лимон, турли кўкатлар етиштириш ҳамда мебелчилик билан шуғулланиш ҳам жангкетмонлик оилаларнинг қўшимча даромад манбаи ҳисобланади.

Унсиной Умаралиева 70 ёшда. Тиниб-тинчимайдиган онахон набираларига бош бўлиб, томорқадаги 6 сотих иссиқхонада лимон, помидор, бодринг етиштиради. Қишин-ёзин томорқадан кўкат узилмайди. Унсиной аянинг таъкидлашича, бу ҳам соғлиқ учун фойдали, ҳам қўшимча даромад. Томорқасидан йилига 3-4 маротаба ҳосил оладиган оила аъзолари ҳовлининг бир четида асаларичилик, бодом кўчатлари етиштириш фаолиятини ҳам йўлга қўйган.

Акмал Асқаров ҳам миришкор томорқачи. Шу кунларда унинг томорқасидаги мўъжазгина иссиқхонада карам, аччиқ қалампир пишаяпти. Иссиқхонадаги лимон кейинги йилдан мевага киради. Маҳалладошлари сингари мазкур оила ҳам 10-12 тагача қорамол боқади. Рўзғоридан орттириб, сут ва гўшт сотади.


Тадбиркор Комилжон Жўраев ашаддий футбол ишқибози. 1998 йил футбол бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатини Францияга бориб кўриб келгач, “Эйфел-98” деб номланган умумий овқатланиш шохобчасини қурди. Алишер Тожиев ва Фахриддин Нурматовлар қурган тантаналар мажмуаси, Каримжон Тўйчиев ташаббуси билан қад ростлаган шинам ошхона маҳалладошлар хизматида.


– Айни пайтда 1 минг 162 оилада 4 минг 500 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Жангкетмон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Юсуфжон Қўзиев. – Яқинда олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида ўндан ортиқ оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича вазифалар белгиланди. Бу борада ҳам ташаббус маҳалладошларнинг ўзидан чиқди. Бу оилаларга маҳалладошларнинг ўзи ёрдам берадиган бўлди. Шу йилнинг ўзида уларнинг томорқасини даромад манбаига айлантириш чора-тадбирлари кўрилади.


Жангкетмоннинг ўнта кўчасини айланиб, бир қарич ҳам ер бўш турганини кўрмайсиз. Одамлар ҳаёти тўкис ва фаровон бўлиши учун астойдил меҳнат қилаяпти. Баъзи қийналиб қолган оилаларга ҳам ўзлари ёрдам қўлини чўзмоқда. Бу ҳавас қилишга ва барчага ибрат қилиб кўрсатишга арзийди.

Хуллас, жангкетмонликларнинг жайдари фалсафаси шундай: томорқада меҳнат қилган оила асло камбағал бўлмайди.


ЎзА

@AGROBLOGER канали

Report Page