...

...

AGROBLOGER

Аҳоли яшайдиган ҳудудлар, хусусан шаҳар ва қишлоқларнинг кўркам бўлишида манзарали дарахтларнинг ўрни беқиёсдир. Ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришда жойнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос дарахт ва буталарни экиш муҳим аҳамиятга эга.

Истироҳат боғлари, хиёбонлар ва сайилгоҳларнинг кўкаламзорлаштириш композицион турларини яратишда яшил ўсимлик дунёси – япроқ ва нинабаргли дарахтлар, буталар ва кўп йиллик гул ўсимликларидан фойдаланилади. Гилам кўринишидаги гулзорлар, клумбалар, бир хил турдаги гуллардан фойдаланиб барпо этилган гулзорлар, дам олиш бурчаклари, шунингдек, қушлар ва гуллар байрами ўтказиладиган яшил ҳудудлар ўсимлик дунёсини навбатма-навбат гуллаш жараёни асосида ташкил этилади.

Яшил дарахтзорлар ноқулай иқлимли омиллардан ҳимоя қилиш бўйича кучли восита бўлиб хизмат қилади (шамоллар, ҳавонинг қуруқлиги, ҳароратнинг кескин ўзгаришларини) ҳамда аҳоли пунктларининг санитар-гигиеник шароитларини яхшиловчи восита (яъни ҳавонинг таркибини яхшилаш, уни касаллик келтириб чиқарувчи микроорганизмлардан тозалаш, чанг, газ, саноат чиқиндилари ва ҳоказолардан ҳимоя қилиш) ролини ўташини ҳисобга олиш керак. Дарахт-бута ўсимликлари шовқинни ўзига сингдиради. Бу эса шаҳар шароитида, айниқса, муҳимдир. Хиёбонлар, боғлар, гулзорлар одамларга эстетик завқ бағишлайди, асаб системасини тинчлантиради, умуман севимли дам олиш маскани бўлиб хизмат қилади.

Виргин арчаси, ғарб туяси Глиптостробуссимон метасеквойя Қрим ёки Паллас қарағайи, Шарқ биотаси ёки саур ва Элдор қарағайи каби нина баргли кўчатларни асосан эрта баҳор ва кузда эккан маъқул. Бунда кўчатлар эрта баҳорда тупроқ қатлами қизиган вақтда ва куртаклари уйғонишдан олдин экилади.

Кўчатларни экиш учун тупроқ асосан нейтрал ишқорли, қумоқ ёки бўз ҳолида бўлиши лозим. Тупроқнинг ишқорлигини пасайтириш ёки нейтрал ҳолатда бўлишига эришиш учун тупроқлар оҳакланиши зарур. Намлиги юқори бўлган ерга ва сер шамол ҳудудларда кўчатларни экиш тавсия этилмайди.

Кўчатлар экилгандан сўнг суғорилади. Тупроқларни 2–3 маротаба юмшатиш, чириган гўнг билан мульчалаш ишлари олиб борилади.

Бунда ўғитнинг миқдори кўчатларнинг ҳолати ва ёшига қараб белгиланади. Органик ўғитлар, компост ва чириган гўнгларни бир неча йил қўллаш мумкин.

Биринчи суғоришда, кўчат илдизи атрофидаги тупроқ зичлашади, вегетация даврида 8–10 маротаба суғорилади: апрель ойида 1–2 маротаба, май, июнь ва июлда 2 маротабадан, августда бир-икки маротаба.

Суғориш мобайнида тупроқларнинг ишқорлигига катта аҳамият бериш лозим. Бу вақтда тупроқнинг 40–45 см қатламидаги намлик юқори бўлиши талаб этилади.

Экиш мобайнида кўчатлар ораси 5 метр, кўчатлар чуқурлиги 80–100 см, диаметри 80 см бўлиши зарур.

            Япроқ баргли кўчатлар

Писсарда олхўриси, Чилонжийда, Оқтут, Шойи акация, Канада багрянниги, Садақайрағоч, Бандли (ёзги ёки оддий) эман, Мажнунтол, Сохта каштан, Совун дарахти ва Пенсильвания шумтоли каби япроқ баргли дарахтлар кўчати асосан эрта баҳор ва кузда экилади. Эрта баҳорда кўчат куртаклари уйғонишдан олдин экиш мақсадга мувофиқдир.

Меъёрида ўсиб-ривожланиши учун кўчатлар мунтазам равишда суғориб турилиши керак. Бериладиган ўғитларнинг миқдори кўчатларнинг ҳолати ва ёшига қараб белгиланади. Асосан фосфорли ва калийли ўғитлар билан озиқлантирилади.

Япроқ баргли кўчатларни экиш учун тупроқ асосан нейтрал ишқорли, қумоқ ёки бўз ҳолида бўлиши лозим. Кўчатлар ёруғсевар ўсимлик ҳисобланади. Чириган гўнг тупроқларга турли вақтда солиниши керак. Экиш мобайнида кўчатлар ораси 6 м, чуқурлиги 50–60 см, диаметри 80 см бўлиши зарур.

               Буталарни экиш

Бутали аморфа, Доим яшил шамшод, Доим яшил магония, Испан Дроки, Хинд сирени, Ошловчи тотим, Сурия Гибискуси ва Япония беҳиси сингари буталар уруғидан ҳамда қаламчасидан кўпаяди, ниҳоллари тез ўсади.

Буталарнинг кўчати одатда эрта баҳор ва кузда экилади. Эрта баҳорда тупроқ қатлами қизиган вақтда ва кўчат куртаклари уйғонишдан олдин экилади.

Ўғит кўчатларнинг ҳолати ва ёшига қараб берилади. Органик ўғитлар, масалан, компост ва чириган гўнгларни қўллаш мумкин. Куз фаслида асосан фосфорли ва калийли ўғитлар билан озиқлантирилади.

Экиш мобайнида кўчатлар ораси 3 м, кўчат экиладиган чуқур 40–50 см, диаметри 50 см бўлиши мақсадга мувофиқ.

Атрофимизни гўзал ва кўркам кўришни истасак, манзарали дарахт ва буталарни экиш ва парваришлашга эътиборли бўлмоғимиз лозим. Шунда ҳар доим баҳри-дилимиз очилиб юради.


  Б.Тўхтаев

agro.uz

@AGROBLOGER канали


Report Page