...

...

AGROBLOGER

Боғларда боғ қатор ораларига ишлов бериш, дарахт тагларини чопиб юмшатиш, бегона ўтлар ва ажриқлар ва уларни илдизидан тозалаш, суғориш эгатларини олиш ишлари ўтказиш зарур.

  Боғлар апрель ойида биринчи марта суғорилади. Бунда суғориш миқдори шағалли ерларда гектарига 400–500, оғир соз, бўз тупроқларда 700–800 м3 бўлиши керак. Баҳорда боғлар минерал ўғитлар билан озиқлантирилиши зарур. Бунда минерал ўғитлардан азот 60 кг/га, фосфор 60 кг/га ва калий 30 кг/га миқдорида 15–25 см чуқурликка берилади. МПВ машиналарида ўғит солиш билан бир вақтда орасида тупроқни уч из бўйлаб ҳар йили юмшатиш керак, чунки бу ҳолда ён юмшатгичлар тупроққа 35–40 см чуқурликка ботади ва илдиз тизимини унча шикастламайди, марказий юмшаткич эса 55–60 см чуқурликка ботади. Агар иш 55 см чуқурликда уч из бўйлаб юмшатадиган агрегат билан бажариладиган бўлса, бу ҳолда қатор оралатиб юмшатилади.

  Суғориш эгатлари ток тупидан 0,5–0,6 м масофада иккита суғориш эгати очилади. Ҳосилли боғ ва токзорларда баҳорда озиқлантириш амалга оширилмаган бўлса, апрель ойида бу амални бажариш шарт. Бунда азот 120, фосфор ўғитидан 120 кг/га ва калий ўғитидан 30 кг/га соф ҳолда чуқур (15–25 см) қилиб берилади.

 Тупроқ унумдорлиги паст бўлган боғларда ҳосилдорликни ошириш мақсадида бу меъёрни 20–30 % ошириш мумкин. Минерал ўғитларни органик ўғитлар билан қўшиб бериш улар самарасини анча оширади.

  Интенсив турдаги боғларда минерал ўғит меёрни оддий боғларга нисбатан 30–40 % юқори бўлиб, уларни бир неча муддатларга тақсимлаб бериш самарали ҳисобланади. Томчилатиб суғориш системаси мавжуд бўлган боғларда сувда яхши эрийдиган минерал ўғитларни томчилатгич орқали бериш уларни самарасини бир неча бора оширади.

  Уруғли мева боғларига зараркунанлардан ғилофли куя, мева куяси, нок шира бургаси, бир қанча шира турлари ва тоғ олди минтақаларида парша, мониалиал куйиш касалликлари ривожлана бошлайди. Бу давр уруғли мева дарахтларининг куртаклар ёзилиш давридан гуллагунга қадар давом этади.

  Зараркунандаларга қарши олма ва нокзорларни (агар шу давргача қалқондорларга қарши пуркашлар олиб борилмаган бўлса) 2%ли олеофос эмульсияси билан (100 л сувга № 30 препарати 2 кг + «Фозалон» 0,3 кг) пуркалади. «Олеофос» тайёрлашга № 30 препарати бўлмаса, ғунчалаш даврида «Данитол» ёки «Фуфанон» (100 л сувга 150 г), «Фозалон» ёки «Карбофос» препаратини (100 л сувга 300 г) қўлласа ҳам бўлади.

  Парша ва монилиоз касалликларига қарши олма, нок ва беҳи дарахтлари бордо суюқлигининг 1%лиги (100 л сувга 1 кг мис купороси ва шунча оҳак) билан пуркалади. Пуркаш ниҳоятда сифатли бўлиб дарахт¬лар жиққа ҳўл бўлиши зарур. «Топсин-М» (100 л сувга 150 г) ёки «Вектра» (100 л сувга 30 г) ёки оҳак олтингугурт қайнатмасининг 1 градуслиги билан пуркалгани маъқул.

  Ўрик, шафтоли ва олхўри дарахтлари гулдан чиқгач клястероспориоз барг бужмалоқлиги, ун шудринги касалликларига қарши бордо суюқлигининг 1%ли (100 л сувга 1 кг мис купороси ва шунча оҳак) билан ёғингарчиликнинг миқдорига қараб, ҳафта ўн кун оралатиб 1–2 марта пуркалади.

 Токзорларда касалликларнинг олдини олишда шўра хомток ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши керак. Кул касаллигининг олдини олиш мақсадида токзорлар гуллагунга қадар 1–2 марта туйилган олтингугурт билан чанглатилади (1 гектарга 20–25 кг. сарфланади). Бу давр¬да «Фоликур» ёки «Вектра» 30 г солиниб пуркалса ҳам бўлади.

  Апрель ойида боғ ва токзорларда ўтган мавсумда тарқалган бўлса девпечак (кускута) ҳам униб чиқиши мумкин. Шунинг учун дарахт ва ток тупи атрофи 25–30 см. чуқурликда 1–2 марта ағдариб чопилади. Токзорларда ток мевахўри зараркунандаси тарқалган. Ток мевахўрига қарши «Золон» препаратининг 0,3%ли эритмаси ишлатилади ёки олма қуртига қарши мўлжалланган препаратлардан фойдаланиш мумкин. Оидиум, мильдью ва атракноз каби касалликларга қарши Бордо суюқлиги ёки ООҚ ишлатилади.

  Пуркаш муддатлари: биринчиси токларда 2–3 чинбарг пайдо бўлганда ООҚ билан, иккинчиси 10–12 кундан кейин БС 1% эритмаси билан ва 12–15 кундан кейин олтингугурт билан 1 гектарга 25 кг ёки «Фоликур» 0,02%, «Тиавит» 1%, «Топаз» 0,03% билан дориланади. Суғоргандан кейин ток қатор оралари ва туп атрофини бегона ўтлардан тозалаб, керакли агротехник тадбирларни ўтказиш лозим.

    А.Абдуллаев, А.Арипов, У.Набиев

agro.uz

@AGRB

Report Page