...

...

AGROBLOGER

Автотранспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши айрим муаммолар туғилишига сабаб бўлди.

Қайси хизматдаги ходимлар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи махсус рухсатнома (стикер) олиши мумкинлиги маълум қилинган бўлса ҳам бу борада “ўзбекча ажиотаж” барибир содир бўлди. Машинаси бор одамларнинг аксарияти стикер олиш учун тегишли идоралар эшигига бориб, узундан-узоқ жонли навбатлар ҳосил қилди.

Аслида карантин қоидалари бўйича одамлар бир жойга тўпланмаслиги, навбатга турилса ҳам масофа сақлаши керак. Бу ҳақда ахборот етказа оладиган манба борки, барчасидан фойдаланиб, қайта-қайта бонг урилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳам жон куйдириб, бефарқ бўлмаслик, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланишини бот-бот қайд этди.

Аммо, таассуфлар бўлсинки, кўпчилик шундай эканки, айтилаётган гапларнинг менга алоқаси йўқ, деб ўйлайди...

Стикер олиш бўйича муаммо туғилгач, буни онлайн равишда амалга оширишга ўтилди.

Стикерни биринчи навбатда аҳолига озиқ-овқат, дори-дармон етказиб берувчилар олиши керак. Аммо давлат хизматлари марказларига бирданига минглаб мурожаатлар тушаётгани стикер олиши керак бўлган ҳақиқий талабгорларни аниқлашни қийинлаштирмоқда.

Куни кеча Давлат хизматлари агентлиги директори Халилулло Тўрахўжаев бу ҳолатга изоҳ бериб, бунда ҳақиқатда хизмат кўрсатадиган одамлардан кўра, “премиум-класс“ — BMW X7, Mercedes, Leksus,Hyundai каби автотранспорт воситалари эгалари кўпроқ ариза бериб, тиқилинч қилаётганини маълум қилган эди.

Бу эса аризалар сони кўпайишига, уларни кўриб чиқиш имконияти пасайишига сабаб бўлган.

Ҳақиқатан ҳам озиқ-овқат етказиб берувчилар стикер ололмай қийналаётгани, хусусан чекка ҳудудларда яшовчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берувчи деҳқонлар онлайн ариза беришга ҳам имкон топа олмаётганини маълум қилмоқда. Чунки стикер учун берилаётган аризаларнинг саноғи йўқ ва бу тизимнинг рисоладагидек ишлашига ҳам салбий таъсир кўрсатаётир.

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги “Саййид-Луқмонхон- Тўра” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аюбхон Алимов бизга мурожаат қилиб, асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни Термиз, Тошкент каби шаҳарлардаги деҳқон бозорларига етказиб бериш билан шуғулланиб келишини, ҳозирда захирасида картошка, пиёз ва бошқа маҳсулотлар борлиги, лекин стикер ололмагани учун иши тўхтаб қолганини маълум қилди. Бу ҳақда у туман давлат хизматлари марказига мурожаат қилган. Улар эса вилоят давлат хизматларига мурожаат қилишни тавсия этишган. Термизга боришнинг ҳозир имкони йўқ. Карантин туфайли йўллар ёпилган. Онлайн мурожаат қилишга у бир кундан бери уринса ҳам бунинг иложи бўлмаган.

Бундан кўриниб турибдики, юқорида тилга олганимиз “премиум класс”ларнинг сабрсизлиги, синовли бир пайтдаги “эркатойлик”лари деҳқонларнинг йўлига тўсиқ бўлмоқда.

Қўли ҳамма жойга етишига ўрганиб қолган олигархларимиз карантин пайтида кераксиз қўлларини чўзмасалар яхши бўларди. Ахир ҳақиқатдан зарурат бўлмаган одамларнинг стикерга ёпишиши вазиятни қийинлаштирмоқда. Бунинг касри бугун сезилмаса ҳам эртага, албатта, сезилади. Бозорларни маҳсулот билан таъминлайдиган ўша деҳқону тадбиркорлар-ку. Инсоф қилинг, уларга йўл беринг!


Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА

@AGROBLOGER канали

Report Page