...

...


Салат ўсимлиги илитилган ерларда ва иссиқхоналарда етиштирилади. Иссиқхоналарда кўкат-сабзавотлар асосий экинлар (бодринг ва помидор) экилгунга қадар ёки асосий экин тугагач, эрта баҳорда ёки кеч кузда экиб етиштирилади.


Чунки қиммат турувчи иссиқхоналарни кўкат-сабзавотлар билан банд қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Айрим вақтда тезпишар бир йиллик кўкатларни иссиқхоналарда асосий экинларга (бодринг ва помидорга) зичлаштириб экиладиган экин сифатида ҳам етиштириш мумкин. Бунда уларнинг уруғи ёки кўчати асосий экин экилишидан бир неча кун илгари экилиб, 25-30 кун давомида етиштирилади.


Ҳароратга муносабати: Салат барги – совуққа чидамли ўсимлик. У +5°С ҳароратда ҳам ўсади, аммо унинг яхши ўсиши ва ривожланиши учун мақбул ҳарорат +15 – +20°С дир. Бошчалар +12 – +14°С да етиштирилганда анча зич бўлади. Ўсимлик совуққа чидамли. Унинг совуққа чидамсизроқ навларининг тўп барглар шаклланиш фазасида ҳам -5-7°С каби паст ҳароратга бардош бера олади.


Турли навларнинг совуққа чидамлилиги бир хил эмас. Айрим навлар очиқ ерда қишни ўтказиши мумкин, айримлари ўтказа олмайди. Салатнинг айрим навлари уруғи юқори ҳароратда (+25 – +28°С дан юқори) униб чиқмаслиги ҳам мумкин. Шу боис уруғ экилганда совуқ сув билан суғориш керак. Уни экинлар билан зичлаштириб экилганда ёруғлик кам тушадиган бўлса, бошлар ҳосил бўлмайди.


Тупроқ шароити: Салат тупроқ ва ҳаво намлигига талабчан, лекин меъёридаги намлик мақбул ҳисобланади. Меъёридан ошиқ намлик ҳам зарарли, бунда пастки барглари чириб, айрим касалликлар ривожланади. Бу эса ҳосилнинг камайишига олиб келади. У тупроқ унумдорлигига талабчан. Чунки тез ўсади, унинг ўсиш даври қисқа, илдиз тизими эса унча ривожланмайди. Уни чуқур, намни ўзлаштирувчи, юмшоқ, органик моддаларга бой, озиқ моддаларни енгил ўзлаштирадиган қумлоқ тупроқларда етиштириш яхшироқ. Гумусга бой тупроқларда салатни минерал ўғитлар билан озиқлантирилса, айниқса, азотли ўғитларни бериш жуда самарали натижа беради. Салатни битта далага кетма-кет экиш яхши эмас. Такроран яна ўша далага экилса, касаллик ва зараркунандалари кўпайиб кетади. Уни помидор, қовоқдошлар оиласи, ширин жўхори, лавлаги ва сабзи каби сабзавотлар билан алмашлаб экиш мумкин.


Экиш муддати ва усуллари: Ўзбекистонда салат баргининг 3-5 та ҳақиқий барг чиқарган, 20-25 кунлик кўчати экиб етиштирилади. Иссиқхоналарда баргли салатни навларига қараб 10х10, 15х15 ва 20х20 см масофада экилади. Иссиқхоналарда 4-5 қаторли кичик эгатларга, эгатлар орасини 15-20 см, қаторда ўсимликлар орасини 10-15 см қилиб экилади.


Парваришлаш: Ўсимликларни парваришлаш суғориш, озиқлантириш, эгатлар орасини юмшатиш, бегона ўтларни юлиш ва ягана қилишдан иборат. Салатни камроқ, аммо катта меъёрда суғориш (1м2 га 2-3 л ҳар 5-7 кунда) керак. Шундан сўнг иншоотни шамоллатиш зарур. Чунки меъёридан ошиқ намгарчилик ўсимликларнинг замбуруғ касалликлари билан зарарланишига олиб келади. Тупроқ намлиги 70-80%, ҳаво намлиги – 60-70% бўлиши керак. Суғорилгандан сўнг, ўсимликлар бир-бирига туташиб кетмасдан эгатлар ораси юмшатилиши зарур. Ўсимлик азотли ва калийли ўғитлар билан икки маротаба озиқлантирилади. Бунда биринчи озиқлантириш кўчат экилгандан сўнг 5-7 кун ўтгач (10 л сувга 60-80 г аммиакли селитрани эритиб) озиқлантирилади. Иккинчи марта эса биринчи озиқлантиришдан 7- 10 кун ўтгач (10 лсувга 40 г аммиакли селитра ва 15 г калий тузини эритиб), озиқлантирилади.


Баргли салатни яганалашни ўтоқ қилиш билан бирга уруғи экилгандан 3-4 ҳафта ўтгач, ўсимликлар орасини 6-8 см қолдириб бажариш ҳамда юлиб олинган ўсимликларни истеъмол қилиш мумкин. Салат ўсимлигининг ҳар хил навларини кичик ҳажмли гидропоника шароитида ҳам ўстириш мумкин. Бу усулда қисқа муддатда сифатли маҳсулот олинади. Аммо ўзига хос харажатларни талаб этади.


Ҳосилни йиғиб олиш: Ҳосил кўчат экилгандан сўнг 30-40 кундан кейин йиғиштирилади. Бунда ўсимлик илдизи билан суғуриб олиниб, силкитиб тупроқдан тозаланади. Сўнг яшикларга зич қилиб жойлаштирилади. Эрта баҳорда маҳсулотни барвақтолиш учун уни кузда ёки эрта баҳорда экилади. Шунда ҳосилни май охири ёки июннинг биринчи ўн кунлигида олиш мумкин. Истеъмолга тайёр баргли салат янги, сувли, яшил, оч-яшил туп баргли, илдиз бўйни 2-3 см, баргларининг катталиги илдиз бўйнидан 8 см ва ундан юқори бўлиши керак. Уни йиғишда ва сотишда сўлиган, дағал ва сарғайган барглари бўлмаслиги керак. Плёнкали иссиқхоналарда унинг ҳосилдорлиги 1 м2 дан 3-4 кг, кичик ҳажмли плёнкали иншоотларда 2-2,5 кг ни ташкил қилади. Баргли салатни салқин хоналарда, юқори намликда сақлаш тавсия этилади.


Манба: С.А.Юнусов, "Кўчат сабзавотлар етиштириши китоби (Агробанкдан 100 китоб тўплами)

Report Page