...

...

AGROBLOGER

Қашқадарё вилоятида янги ташкил қилинган Кўкдала туманига шу кунларда йўлингиз тушса, бепоён адирликлар бўйлаб гўё мавжланаётган денгиздек кўзни қувнатувчи шаффоф гумбазчаларга дуч келасиз. Бинобарин, бу шаффоф гумбазчалар остида элимизнинг ризқ-насибаси бўлмиш тарвуз ниҳоллари барқ уриб ривожланмоқда. Айниқса, эртаги тарвуз етиштиришда ўзига хос мактаб яратган Ўтамайли қишлоғи соҳибкорларининг бугун қўли-қўлига тегмайди.

— Январь ойида «стаканча»ларда кўкартириб, олинган 6 минг туп тарвуз кўчатини 1 гектар ерга экиб, устини совуқдан ҳимоя қилиш учун шаффоф гумбазчалар билан ўраб чиқдик, — дейди ўтамайлилик соҳибкор Ғаюм Толипов. — Мана, бир ҳафта бўлди, тарвуз кўчатлари ерга мослашиб олди. Ҳаво илий бошлагач, плёнкадан туйнуклар очамиз, ривожланишига қараб, парвариш қиламиз, суғорамиз. Май ойи охирида ҳосил пиша бошлайди.

Таъкидлаш ўринлики, Ўтамайлида тарвуз республикада биринчи бўлиб пишади, лекин бу йил баҳорнинг нам ва серёғин келиши ҳосилнинг етилишига таъсир қилмай қолмади, албатта.

— Ўтган йили май ойида тарвузни узган бўлсак, бу йилги шароитда ҳосил ёз ойи бошида, аниқроғи, 5 июнь кунлари пишиб етилади, — дея давом этади томорқачи. — Бунинг сабаби шундаки, ўтган йили тарвуз кўчатларини далага 12 мартда эккан бўлсак, бу йил 22 март куни экиб, плёнка билан совуқдан ҳимояладик. Шунинг учун тарвуз бу йил 12-15 кун кечроқ тайёр бўлади. Биласиз, бизда оқар сув йўқ, сувни 180 метр чуқурликдан насос орқали тортиб оламиз. Шунча масофадан чиқадиган чучук сувда ҳам ҳикмат кўп. Бундан ташқари иқлим ҳам тарвуз етиштиришга жуда мос. Насиб этса, 1 гектар ердан камида 30 тонна тарвуз узишни мўлжаллаяпман. Даромадимиз камида 80 млн сўмдан ошади.

Ўтамайли қишлоғи эртаги тарвуз етиштириш орқали мамлакатга маълум ва машҳур. Бу қишлоқда 4800 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 1004 та хонадон бор. Аҳамиятли жиҳати шундаки, шу 1004 та хонадоннинг ҳаммаси плёнка остида эртаги тарвуз парваришлаб, яхшигина даромад олади.

— Қишлоғимиз аҳолиси жами 2000 гектарга тенг томорқа майдонларида тарвуз парваришлайди, бу тарвуз экмаган хонадоннинг ўзи йўқ, дегани, — дейди «Ўтамайли» МФЙ раиси Ойбек Арзиев. — Бизда фақат эртаги эмас, эртаги ва кечки тарвуз, қовун, помидор, бодринг ва бошқа маҳсулотлар ҳам етиштирилади. Энди эртаги тарвуз ҳақида айтадиган бўлсак, тарвузга харидор пайкал бошида савдо қилади. Шу ернинг ўзида пулини санаб бериб, тарвузни машинага юклайди. Дастлабки ҳосил миқдори бу йилги шароитда 40 минг тоннадан ошади.

Бу — биргина битта қишлоқ мисолидаги рақамлар. Агар Кўкдаладаги деярли барча қишлоқларда эртаги тарвуз етиштирилишини инобатга олсак, жорий йилда ички бозор тарвуз билан тўлиқ таъминланиб, экспортга чиқариш имконияти ҳам ортиши эҳтимолга яқин.


Фахриддин Бозоров, xs.uz

AGROBLOGER канали

Report Page