...

...

FERMER

Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани “Чўлқувар” массивида “ARK EKO TEKSTILE СLUSTER“ МЧЖ томонидан обод қилинаётган манзилда инновацион усулда чигит экишга бағишланган вилоят семинари бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳамда туман ҳокимликлари масъул мутасаддилари, маҳаллий ҳокимликларнинг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, сектор раҳбарлари, агросаноат комплексига тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, фермер хўжаликлари ва уларга хизмат кўрсатувчи таъминотчи субъектлар қатнашди.  

Вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Амрилло Назаров бошқарган семинарда ўзаро тажриба алмашиш, экиш агротехник тадбирининг самарали ва инновацион усулларини ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят ҳокимлиги Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аскар Жаводов, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши раиси Аскар Нозимов, Қоровулбозор тумани ҳокими Акмал Остонов ва бошқалар ўз ўрганишлари, фикр-мулоҳазаларини билдирди.  

Деҳқон миришкорлар учун серёғин келган кунлардан сўнг ниҳоят, экиш учун қулай фурсат туғилгани, бундан унумли фойдаланиб қолиш зарурлиги уқтирилгани ҳолда фермер хўжаликларига зарур тавсия ва топшириқлар берилди. 

– Қоровулбозор туманидан бошланган чигит экиш мавсумида вилоят миқёсида жойларда 160 та отряд ташкил қилинган, – дейди вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аскар Жаводов. – Машина-трактор парклари ва фермер хўжаликларига тегишли 300 та юқори унумли замонавий техника агрегати ва шунча эккич, яна 600 тадан ортиқ трактор ва механизм жалб қилинган. Аксарият майдонда гектарига 40 килограммдан, маҳаллий “Бухоро-6”, “Бухоро-8” ва “Бухоро-10“ навига мансуб барака уруғини экиш мавсумини икки ҳафта муддатда сифатли якунлаш мақсадида таъминотчилар ва улар томонидан уруғлик, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш материаллари ва эҳтиёт қисмни дала бошига чиқариш каби ташкилий чора-тадбирга, қолаверса, экин ерлари атрофини хас-ҳашакдан тозалаш, ўргимчаккана ва бошқа зараркунандаларга қарши курашиш мақсадида олтингугурт захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратилган.  

Қоровулбозор туманида жорий мавсумда фойдаланишга киритилаётган ер ҳисобидан умумий 5 минг 618 гектарда чигит экилади. Экиш ишларига 32 та отряд, ярмидан ортиғи юқори унумли трактор бўлган юздан ошиқ техника воситаси, 32 та эккич кучидан унумли фойдаланилади. Айни пайтда 154 та фермер хўжалигида агротехник тадбирлар бошланган. Ўтган 2021 йилда туман миришкорлари ялпи “оқ олтин” хирмонини 13 минг 500 тоннага етказган бўлса, жорий мавсум якунида бу миқдорни 15 минг 780 тоннага етказишни мақсад қилган.  

Қоровулбозор чўлида фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган “ARK EKO TEKSTILE СLUSTER” МЧЖ нинг ҳам юқоридаги ҳосил салмоғида бевосита ҳиссаси бор. Негаки, биргина пахтачилик йўналишида “Чўлқувар” ва “Жарқоқ” массивларида иш юритаётган 63 та фермер хўжалиги ва улардаги жами 3 минг гектар пахта майдонини тасарруфига олган агрокластерда ўтган йили “Бухоро-6” ҳамда “Бухоро-10” навларидан 7 минг 600 тоннадан ошириб баракали ҳосил етиштирилди. Фойдаланишдан чиқарилган ерларни ўзлаштириш борасида вилоятда “Bukhara Agroklaster” МЧЖ яққол пешқадамлик қилмоқда. Айни кунда 3 минг гектар ерни очиш ва экишга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнда “ARK EKO TEKSTILE СLUSTER“ МЧЖ жамоаси ҳам Қоровулбозор кенгликларида 1 минг 500 гектар ернинг учдан бир қисмини очиб, экишга тайёрламоқда. 

– Шу кеча-кундузда “Чўлқувар” ҳамда “Жарқоқ” массивларида фойдаланишга киритилаётган 700 гектардан ортиқ майдонда белгиланган агротехник тадбирлар, тупроқ ишлари бажарилиб, шундан 500 гектарида ўтган ҳафталарда ёққан ёмғирдан сўнг, тупроқ намига чигит экиш агротехник тадбири юқори унумли техникалар ёрдамида бошлаб юборилди, – дейди Қоровулбозор тумани ҳокими Қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Мирғолиб Авезов. – Бунгача эса ҳудудда ирригация ва мелиорация ҳолатини яхшилаш мақсадида ўнга яқин замонавий техника воситасида 3 километр масофага ариқ қазиб, сув йўли очилиб, суғориш тармоғи билан бирга, узунлиги 10 километр электр тармоғи тортилган. Гидроиншоотга 5 та жойда насос агрегатлари ўрнатилмоқда. 

 

Зариф Комилов, ЎзА

FERMER канали

Report Page