...

...

AGROBLOGER

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда озуқабоп экинлар, интенсив ва замонавий боғ-роғларни барпо этиш долзарб вазифалардан саналади. Бу борада ҳукуматимиз томонидан белгиланган фитосанитар талабларга риоя этиш мақсадга мувофиқдир.  

Хусусан, Бухоро вилояти “Бухоро 2 ТИФ” Ўсимликлар карантини чегара масканида Туркия давлатидан импорт қилинган 23 минг 200 дона олма кўчати инспекция ходимлари томонидан карантин текширувидан ўтказилди. Ушбу кўчатларда карантиндаги зарарли организм мавжудлигига шубҳа қилиниб, Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг марказий лабораториясига юборилди. Экспертиза хулосасига кўра, кўчатларнинг илдиз қисмида карантиндаги “Бўртма нематода” зарарли организми мавжудлиги аниқланди ва тегишли карантин чоралари кўрилиши юзасидан хулоса берилди.  

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, “Бўртма нематода” помидор, бодринг, сабзи, пиёз, ғўза экинлари, гилос, ўрик ва бошқа турдаги мевали дарахтларни кучли зарарлайди. Личинкаларининг ривожланиши натижасида ўсимлик бутунлай нобуд бўлади. Айни пайтгача дунё бўйича “Бўртма нематода”лар билан 2 минг турга яқин турли оилага мансуб маданий ва ёввойи ўсимликлар зарарланиши аниқланган бўлиб, бу ҳолат йил сайин ортиб бормоқда. Ҳудудга кириб келган “Бўртма нематода” нафақат мавжуд ҳосилни нобуд қилади, балки суғориш, техника ва тупроқ орқали бошқа далаларга ҳам тарқалади.  

“Ўздавкарантин” инспексиясининг тақдимномасига мувофиқ, олма кўчатлари келтирилган ҳудудда карантин ҳолати эълон қилинди. Шунингдек, Бухоро вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг махсус полигонида тегишли ташкилотлар масъул ходимлари иштирокида мазкур импорт маҳсулот ёқиш йўли билан йўқ қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунининг 29-моддасига мувофиқ, тадбиркорлар карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришда карантин рухсатномаси, экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва уларни ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари томонидан бериладиган фитосанитария сертификати ёки гувоҳномасини олишлари шарт.


ЎзА

@AGROBLOGER канали

Report Page