...

...


СОМОНГА ЎТ ҚЎЙИШ - ЕРГА ХИЁНАТ

 

Ер бизни боқади, кийинтиради. Шунинг учун уни Она-замин, деймиз. Она заминдан ота-боболаримиз фойдаланишган, биздан кейинги авлодлар ҳам фойдаланишлари керак. Демак, уни асраб-авайлашимиз хам қарз, ҳам фарз.

Сўнгги йилларда даладаги анғизни ёқиб юбориш кўпгина фермер хўжаликларида одат бўлиб бормоқда.

Шундай экан, дону сомонни берган далага ўт қўйишни қандай баҳолаш лозим?.Илмий тадқиқотларнинг кўрсатишича, ғалла ҳосилдорлиги 30 ц/га бўлса, дон ва сомон нисбати 1:1, 40-50 центнерда 1:09, 50-70 центнердан ошса, 1:0,8 ни ташкил этади. Ҳозирги пайтда республикамизда сомон энг қимматли ва кўп тайёрланаётган хом ашёдир. Кузги буғдойнинг 1 кг сомонида 0.20 озуқа бирлиги, 8 грамм атрофида протеин мавжуд. Демак, чорва моллари учун бундай сомон яхши озуқа ҳисобланади. Сомонни ёқиб ер тозалаш кони зарар. Бу баъзи бир «тадбиркор-ишбилармон»ларнинг сарф-харажатлардан қочиб қилган «ихтироси» - ноқонуний агротехник тадбирдир.Даладаги сомон ёқилганида қуйидаги салбий ҳолатлар юз беради:

- биринчидан, деҳқончиликнинг ерга қайтарилиш қонуни бузилади, ундан чиқиб кетадиган озуқа моддалар нисбати кўпаяди. Натижада тупроқ унумдорлиги пасаяди, ер қатламининг 5-7 см қисми «ўлик» ҳолга келади. Фойдали ҳашаротларга, микроорганизмларга, хусусан чувалчангларга қирон келади;

- иккинчидан, экологияга, атроф-муҳитга катта зарар етказилади. Иҳотазорлар, тут, терак ва мевали дарахтлар нобуд бўлади, ғаллазорлар ёнидаги ғўза ва бошқа экинлар зарарланади.

Маълумки, бир центнер дон ва сомон учун кузги буғдой тупроқдан ўртача 3,7 кг азот, 1,3 кг фосфор, 2-3 кг калийни олади. 100 центнер ҳосил олинган даладан йуқотилган озуқа моддаларни бир куз олдимизга келтирайлик!. Республикамиз иқлим шароитида тупроқдаги органик мод­далар тез парчаланади, бу доимо қўшимча органик моддалар солишни тақозо этади. Агар далада қолган сомон ер шароитига қараб 30-40 см гача чуқурликка, айниқса, икки ярусли плуглар билан ағдариб ҳайдалса, тупроқдаги гумус миқдори қайта тикланиши ва ҳатто ошиши мумкин.

Report Page