...

...

AGROBLOGER

Маҳаллий ва импорт қилинган ёғлар орасида пахта ёғи энг арзон ўсимлик ёғи ҳисобланади. Аксарият аҳоли истеъмол қиладиган пахта ёғида ишлатиладиган асосий хомашё — пахта техник чигитидир. Техник чигит таркибидаги госсипол моддаси — табиий заҳар ҳисобланиб, техник чигитга белгиланган талаблар асосида керакли ишлов берилмаганда инсон саломатлиги учун хавф туғдиради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда шу ҳақда батафсил маълумот берилди.

Таъкидланишича, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Санитария-эпидемиологик маркази, Товар-хом ашё биржаси ҳамда Инспекция ҳузуридаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази”дан олинган маълумотлар асосида шу кунга қадар 500 дан ортиқ ёғ-мой корхоналарининг рўйхати шакллантирилиб, 264 тасида назорат тадбирлари ўтказилди.

Таҳлил натижаларига кўра, қарорда белгиланган талаблар 40 та ёғ-мой корхонасида таъминланганлиги ва 224 тасида таъминланмаганлиги маълум бўлди.

Белгиланган талаблар бажарилмаган корхоналарга жами 186 маротаба таъсир чоралари қўлланилди, 16 та ёғ-мой корхонаси бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига материаллар киритилди.

Бугунги кунда импорт қилинаётган ёғ-мой маҳсулотларининг мувофиқлигини баҳолаш ишларини мамлакатимиз ҳудудига кирмасдан олдин амалга ошириш ва ушбу регламент асосида барча ёғ-мой корхоналари аҳоли учун хавфсиз бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлаши белгиланди.

– 2021 йил январь ойи ҳолати бўйича юртимизда 500 дан ортиқ ёғ-мой корхонаси фаолият юритади, – дейди “Ўзагроинспекция” матбуот котиби Холида Шодиева. 

– Афсуски, уларнинг барчасини ҳам тўлақонли ёғ-мой корхонаси, деб бўлмайди. Баъзилари уйнинг ертўласида Хитойдан олиб келинган ускуналар ёрдамида пахта техник чигитидан истеъмолга яроқсиз қора мой (пахта ёғи) ишлаб чиқариб, бозорларда сотишмоқда. 

Аслида пахта чигитининг пўстлоғида инсон нафақат инсон организми, балки чорва учун ҳам хавфли бўлган госсипол моддаси мавжуд. Бу модда фақатгина чигит пўстлоғида учрайди ва заҳарли модда ҳисобланади. Ушбу моддани дезодорациялаш орқалигина меъёрига тушириш мумкин. Тўлиқ технологик циклда ишланмаган пахта ёғи инсонларда бепуштлик ва жигар учун хавфли бўлган бошқа касалликларни келтириб чиқариши мутахассислар томонидан исботланган.

Бугунги кунда пахта техник чигитини тўлиқ технологик циклда ишлай олмайдиган ёки тайёр маҳсулотлар учун гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари мавжуд бўлмаган 270 дан ортиқ ёғ-мой корхоналари бўйича Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасига Инспекция томонидан тақдимномалар киритилди ва уларнинг пахта техник чигитини харид қилиш бўйича биржа савдоларида иштирок этишининг олди олинди. Мазкур ёғ-мой корхоналари фаолияти тўхтатилди.


@AGROBLOGER канали

uza.uz

Report Page