...

...

AGROBLOGER

Гўнг шалтоғи - чорва молларининг ачиган ахлатидир. Гўнг турли усуллар билан сақланганда турли миқдорда гўнг шалтоғи ажралиб чиқади. Масалан, 10 т тўшамали гўнг 4 ой давомида зич усулда сақланганда 170 л, ғовак, зич усулда сақланганда 450 л ва ғовак усулда сақланганда эса, 1000 л гўнг шалтоғи ажралиб чиқади. 

Умуман олганда, янги гўнг массасининг 10-15% и гўнг шалтоғидан иборат. Гўнг шалтоғи таркибида 0,25—0,30% азот, 0,03— 0,06% фосфор ва 0,4—0,5% калий мавжуд. Демак, гўнг шалтоғини шартли равишда азотли, калийли ўғит деб ҳисоблаш мумкин. 

Таркибидаги азот ва калийнинг ўзлаштирилиши бўйича (60—70%) гўнг шалтоғи минерал ўғитларга яқиндир. Азотнинг бекорга исроф бўлишини олдини олиш учун гўнг шалтоғи учун махсус ҳовузчалар қурилади. Тўшамаларга шимдирилади ёки кукунсимон суперфосфат қўшилади (гўнг шалтоғининг 3-5% и миқдорида). Гўнг шалтоғи ва суперфосфатнинг ўзаро таъсири натижасида парчаланиши қийинроқ бўлган тузлар ҳосил бўлади.

Ҳовуз тубига чўкадиган барча фосфат тузларидан ўғит сифатида фойдаланиш мумкин. Гўнг шалтоғининг бети юпқа нефть ёки ишлатилган техника мойи билан қопланса, азотнинг исроф бўлиши янада камаяди. 

Уни тўғридан-тўғри асосий ўғит сифатида ҳамда экинларни қўшимча озиклантиришда қўллаш мумкин. Ҳар икки ҳолда ҳам тупроққа сочилган гўнг шалтоғи тупроқ билан аралаштирилиши ёки кўмилиши шарт. 

Асосий ўғит сифатида экин тури ва режалаштирилган ҳосилга қараб гектарига 20 т дан 50 т гача ишлатиш мумкин. Дон экинлари, картошка ва илдизмевалилар учун гўнг шалтоғи гектарига 15—20 т, сабзавот экинлари учун эса 20—30 т миқдорида ишлатилади. Гўнг шалтоғи таркибида фосфор жуда кам. 

Чопиқталаб экинларга 8—10 т/га миқдордаги гўнг шалтоғи махсус мосламалар ёрдамида ниҳолларни биринчи қўшимча озиқлантиришда пуштанинг ён томонидан, иккинчи қўшимча озиқлантиришда эса, қатор ораларининг ўртасига 10-15 см чуқурликда берилади.


@AGROBLOGER канали

Report Page