...

...

AGROBLOGER

Марказий Фарғона чўлларига жойлашган Мингбулоқ тумани ўзининг ширин-шакар қовунлари билан донг таратган. Эндиликда деҳқончиликка инновацион технологияларни жорий қилиш орқали замонавий иссиқхоналарда йил давомида бодринг ва помидор етиштириш ҳам йўлга қўйилди.

Шундай иссиқхона хўжаликларидан бири Жанубий Корея компанияси билан ҳамкорликда Гулбоғ қишлоғида ташкил этилди. “Green house” деб номланган мазкур хорижий корхона томонидан лойиҳа ижроси учун 1 миллион 114 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилган. Дастлабки босқичда ишга туширилган бир гектарлик иссиқхонага Голландиядан келтирилган «Оқ юлдуз» навли бодринг уруғи экилганди. Унинг ҳосилдорлиги маҳаллий навларга қараганда икки баравар юқори, экин тежамкор томчилатиб суғориш усулида сув билан таъминланади. Наврўз байрами арафасида ишчилар пишиб етилган ҳосилни йиғиштириб олишга киришдилар.

Айни пайтда лойиҳанинг кейинги босқичи ижроси давом этмоқда.Замонавий иссиқхона тўла битказилгач йилига 600 тоннага етказиб ҳосил етиштириш имконияти юзага келади.

Туманнинг Чордона қишлоғида ҳам илғор технологияга асосланган иссиқхона ишга туширилди. У маҳаллий тадбиркор Маруфжон Иброҳимов раҳбарлигидаги «Бест Лочин агрофирмаси» масъулияти чекланган жамияти сармояси билан фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирда 2 гектар майдон махсус плёнка, қора тўр ва иситиш кўрпаси билан ёпилган. Хўжалик асосан помидор етиштиришга ихтисослашган бўлиб, Германиядан олиб келинган юқори ҳосилли уруғ кўчатларидаги ҳосил бугун-эрта бозорга чиқарилади. Иссиқхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 960 тоннага тенг. Лойиҳа тўла амалга ошиши билан бу ерда 45 киши деҳқончилик ишларига жалб этилади.


@AGROBLOGER канали

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

xs.uz

Report Page