*/

*/

Source

МУҲАББАТ ДЕБ ТАХТДАН АЙРИЛГАН
Бобурийлар давлатини Шоҳ Жаҳон ҳукмронлик қилган замон тарихда олтин давр деб аталади. Улуғ меъморий обидалар бунёд эттирган Шоҳ Жаҳон ҳақиқатдан ҳам гўзаллик шайдоси, нозик қалб эгаси бўлган. Ўз давлати сарҳадлари ҳудудини кенгайтириш сиёсати унга ота-боболаридан қолган мерос эди. Ўғилларидан Аурангзебни жанубдаги султонликларни маҳв этишга тайинлаган ва Голконда султони Абдуллоҳ Қутб Шоҳ бобурийларга узоқ қаршилик қилолмайди. Қамалда қолган султоннинг онаси Ҳаётбахш Бегим шахсан бобурийлар қароргоҳига ташриф буюради ва ўғлининг бир қошиқ қонидан кечиш ва сулҳ тузишни илтимос қилади. Сулҳ шартларига кўра, Голконда бобурийлар ҳукмронлигини тан олиши, етарлича маблағдаги пул тўлаши ва султоннинг қизи бобурийлар саройига келин бўлиши белгиланган эди. 1656 йили 20-апрель куни султоннинг иккинчи қизи Подишоҳ Биби бобурийлар ҳарбий қароргоҳига олиб келинади. Куёв эса Аурангзебнинг тўнғич ўғли ўн етти ёшли Муҳаммад Султон Мирзо эди. Куёв келинни умрида биринчи марта кўриб туриши эди. Ёш навқирон бобурийзоданинг қалбида бошқа қизга нисбатан муҳаббат туйғулари мавжуд эди. У амакиси Шоҳ Шужъонинг Гулрух исмли қизини чин юракдан севар эди. Аммо сиёсий ҳолат юзасидан ким ҳам унинг юрагидаги муҳаббат билан қизиқар эди дейсиз. Қизини бобурийларга узатган Қутбшоҳ эса куёвини тахт вориси деб эълон қилишгача боради. Тўйдан бир йил ўтгач Шоҳ Жаҳон касалликка чалинади. Унинг фарзандлари орасида тахт учун кураш бошланади. Бу курашда Аурангзеб ғолиб чиқади. Аммо янги подишоҳнинг ўғли отасига садоқатсизлик қилади. Амакиси Шоҳ Шужъо махфий равишда унга одам жўнатиб, унга тахтни эгаллашда ёрдам беришини ва қизини никоҳлаю бериши хабарини етказади. Оталарининг тож талашиши оқибатида ёр васлига етишолмаган Муҳаммад Султон учун бу хши миконият эди. Ярим тунда бешта хизматкори билан қароргоҳдан қочиб чиққан Муҳаммад Султон амакиси томон ўтиб кетади. Севган ёри билан никоҳдан ўтган ёшларнинг бахтли кунлари узоқ давом этмайди. Аурангзеб таъқибидан Шоҳ Шужъо Аракан (ҳозирги Мьянма) томон қочади. Гулрух бегим ҳам отаси билан кетади. Муҳаммад Султон эса отасининг фармони билан Гувалиёр қалъасида бир умрлик қамоқа ташланади. Орадан ўн икки йил ўтиб у Деҳлидаги Самугарҳ қалъасида назарбандликда сақлана бошлайди. 1672 йили Аурангзеб подишоҳ уйқуга кетишдан олдин исёнкор ўғлини эслайди. Хобгоҳга олиб келинган ўғлига подишоҳ ўғлига мурувват кўрсатади. Шундан сўнг Аурангзеб укаси Мурод Бахшнинг Достор Бону исмли қизини назарбанд ўғлига никоҳлаб беради. Уч йил ўтиб бу келин ҳам вафот этган. 1675 йили Аурангзеб Киштвар рожаси қизини ҳам келин қилади. Бай Бҳут Деви туққан Масъуд бахш Мирзо бир ёшга тўлмай вафот этган. 1676 йили назарбанд бобурийзода Давлатободи Маҳал исмли қизга ва кейинроқ Мунаввар Хоним исмли қизга ҳам уйланади. Афсуски, Муҳаммад Султон олти марта уйлансада бошқа фарзанд кўрмаган. Бобурийлар тахтига эришиши мумкин бўлган Муҳаммад Султон илк муҳаббати сабаб бу имкониятдан маҳрум бўлган эди. 1676 йили унга иккита хотин олиб беришган бўлсада, узоққ муддатлик назарбандлик туфайли унинг ҳаракатчанлик фаолияти чекланган ва саломатлигини йўқотган эди. Ўша йили у ҳаётдан кўз юмади. Унинг биринчи муҳаббати Гулрух бегим отаси билан бирга 1661 йилдаёқ маҳаллий араканликлар томонидан ўлдириб юборилган эди....

Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Report Page