*/

*/

Source

Тошкентнинг эгалланиши: жасорат ва хиёнатлар.
_____________________

Ўзбекистон халқлари тарихида шундай қаҳрамонлар борки, улар халқ ёдида нақшланиб қолган. Тарихда ўчмас из қолдирган буюк сиймолардан бири, атоқли давлат арбоби, ҳарбий саркарда Алиқули (1831 – 1865) амирлашкардир. Унинг сиёсат майдонига кириб келиши Ўрта Осиёдаги мураккаб даврга тўғри келган. Бир томондан, Россия империясининг Қўқон хонлиги ҳудудларига бостириб келаётганлиги, иккинчи томондан, хонликлар ўртасидаги ўзаро парокандалик. Алиқули амирлашкарнинг Россия империяси қўшинлари ҳужумига қарши курашдаги жасоратлари бевосита Тошкент мудофааси билан боғлиқ. Россия империяси ҳарбийлари Тошкентни босиб олиш учун ҳар қандай усулдан фойдаланганлар. Жумладан, маҳаллий савдогарлар ва амалдорларни ўз таъсир доирасига олиш борасида ҳам кўп ишлар амалган оширилган. Алиқули амирлашкарнинг Тошкент мудофаасини ташкил қилишда бу каби савдогар ҳамда амалдорларга қарши олиб борган чора-тадбирлари ушбу мақоланинг асосини ташкил этади. Бу ҳақдаги маълумотлар тарихий манбалар ва архив ҳужжатларида сақланиб қолган бўлиб, уларни ўрганиш Ўзбекистон тарихида муҳим ва долзарб ҳисоб-ланади.
Маълумки, XIX асрнинг 60-йилларида Россия империясининг Ўрта Осиё хонликларига нисбатан олиб борган сиёсати анча фаоллашган ва кескинлашиб борган.

Бунга асосан халқаро вазиятдаги ўзгаришлар, хонликлардаги ички сиёсий таназзул ва минтақада Россия империясининг таъсир доираси кенгайиб борганлиги сабаб бўлган эди. Бу даврга оид манбаларда келтирилишича, мунтазам тус олган ўзаро урушлар хонликларда савдо билан шуғулланувчиларнинг бозори касод бўлишига олиб келган. Ўрта Осиё хонликлари билан Россия империяси ўртасидаги савдо алоқаларида фаол иштирок этган савдогарлар иқтисодий танглик минтақадаги савдо аҳлини доимо ташвишга солиб келганлиги, бунинг оқибатида оддий халқ энг кўп жабр кўрганлиги ҳақидаги маълумотларни мунтазам равишда империя ҳукумати ва амалдорларига етказиб турганлар. Жумладан, 1860 йили Бухоро амири Насруллохон (1826 – 1860) нинг олдига инглиз айғоқчилари келиб, Амударё бўйлаб инглиз кемаларининг қатновига розилик олиб кетганлиги, яна бир инглиз-ҳинд айғоқчисининг Қўқон хони Маллахон (1858 – 1862) билан ўзаро келишиб кетганлиги тўғрисида, қуролсоз афғон усталарининг Европа типидаги замбараклар қуйишда қўқонликларга ёрдам бераётгани ҳақидаги хабарлар савдогарлар орқали Россия империясига етиб бориб турган.

Хонликлардаги барча воқеалардан савдогарлар орқали хабардор бўлиб турган Россия империяси ҳукумати, айни вақтда, Қўқон хони Маллахон бутун ҳарбий кучини Тошкентга тўплаётгани, шунингдек, Пишпек, Мерк, Авлиёота ва бошқа жойларда қўшинлар сони ортиб бораётгани ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлиб борган. 1860 йили Россия империяси Ўрта Осиёга борадиган савдо йўлларини қўлга киритиш чораларини топишга интила бошлаган. Бу борада халқаро миқёсда иқтисодий, сиёсий-стратегик марказлардан бирига айланган Тошкентнинг аҳамияти катта эканлигидан яхши хабардор бўлган империя вакиллари уни қўлга киритишни мақсад қилиб қўйган эди. 1861 йил 23 сентябрда Оренбург ҳарбий қўшинлари Қўқон хонлигига нисбатан ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборган.
Россия империяси амалдорлари хонликлардаги вазиятни асосан савдогарлар орқали билиб олиш билан бирга айнан хон саройида олиб борилаётган ишлар ва кўзланаётган режалар ҳақида ҳам батафсил маълумотларга эга бўлиб турганлар. Шундай маълумот етказувчилардан бири тошкентлик савдогар Эшон Фаттоҳ Ҳайдаров бўлган. У ўзининг хон саройига кириш имкониятидан фойдаланиб доимий равишда куёви орқали Россия империясининг маҳаллий маъмурларига турли муҳим хабар-ларни етказиб турган. У ўзини рус фуқароси деб билган. 1861 йил 20 мартда Тошкент ҳокимининг режаларидан хабар топганидан сўнг улар ҳақида Копал қўрғонидаги рус маъмурларини огоҳлантирган (ЎзР МДА. 715-жамғарма, 1-рўйхат, 23-йиғма жилд, 119-варақ.). 1864 йил бошларида Авлиёота (ҳозирги Жамбул) қалъаси Россия империяси қўшинлари томонидан эгалланган. Авлиёота қалъасини забт этишга бошчилик қилган рус қўмондони М.Г.Черняев генерал ҳарбий унвонига сазовор бўлган.
Россия империяси ҳарбий вазири Д.А.Милютин буйруғига биноан 1864 йил сентябрь ойида ғарбдан ҳаракат қилиб келаётган генерал Верёвкин ва шарқдан ҳаракат қилиб келаётган генерал Черняев қўмондонлигидаги рус қўшинлари бир-бирлари билан Чимкент қальасида учрашганлар. Шу тариқа «Россия-нинг Осиёдаги чегараларининг бирлашуви» ниҳоясига етган ва Россия таркибига киритилган янги ерлардан Янги Қўқон чегара чизиғи (Ново-Кокандская пограничная линия) таъсис этилган. Ушбу чегара чизиғи бошлиғи этиб генерал-майор М.Г.Черняев тайинланган. Унинг фикрича, ўша вақтда Тошкент Чимкент шаҳрига яқин бўлган йирик, хавфли шаҳар ҳисобланган. Шу боис Россия империяси ҳукумати олдига Тошкентни босиб олиш таклифини қўйиб келган (ЎзР МДА. И-1-фонд, 32-рўйхат, 424-йиғма жилд. Очерк движения русских в Среднюю Азию. 16 – 18-варақлар).

Тошкентга ҳужумни амалга ошириш ва уни забт этиш ишларига бошчилик қилган М.Г.Черняев маҳаллий аҳолининг ички хусусиятларидан яхши хабардор бўлган, маҳаллий вазият ва шарт-шароитларни яхши ўрганган. У асосан руслар таъсирига тушган маҳаллий савдогарлар ва амалдорлар билан тил бириктирган ҳолда иш олиб борган. Бу ҳақда унинг сафдошлари: «1863 – 1864 йилги ҳарбий ҳаракатлар бошланиши билан М.Г.Черняев маҳаллий аҳолининг бутун диққат-эътиборини ўзига қаратди», – деб ёзган эди.
Рус қўшинлари Қўқон хонлиги ҳудудига бостириб кириб борган сари М.Г.Черняевга хонликдаги аҳвол юзасидан маълумот етказувчиларнинг сони ҳам ортиб борган. Улар нафақат Қўқон хонлигидаги, балки Бухоро ва Хива хонлигидаги вазият ҳақида ҳам хабар бериб турганлар. Шундай маълумот юборувчилардан бири оқсоқол Раҳмонберди Мирзабой бўлиб, ўз айғоқчиларини Бухоро ва Қўқонга юбориб, у ердаги воқеа-ҳодисалар ҳақида батафсил хаарлар бериб турган.

М.Г.Черняев маҳаллий аҳолидан чиққан бундай маълумот етказувчиларнинг ҳаммасига ҳам ишонавермаган, аммо ўзи «ишончли» деб билган шахсларни доимо тақдирлаб турган. Архив ҳужатларида кўрсатилишича, М.Г.Черняевга туркистонлик Асқархўжа Хонхўжа деган кишидан ҳам маълумот келиб турган. Асқархўжанинг 1864 йил 11 январда берган маълумотида Тошкентнинг қозикалони лавозимига Қозибоши Ҳожи эшонни тайинлаш таклиф қилинган. М.Г.Черняев босиб олиш режалаштирилаётган ҳудудлардаги Россия тарафдорларининг хизматларини рус ҳукумати унутмайди деган фикрга ишонтира олган. Эришилган ғалабалардан мағрурланган, йил давомида тошкентлик амалдор ва савдогарлар билан узвий алоқада бўлиб, уларга ишонган М.Г.Черняев 1864 йил 2 октябрда Тошкент шаҳрини эгаллаш мақсадида ҳаракат қилган. Бироқ тошкентликларнинг қаршилигини енга олмай, Ниёзбек қалъасини эгаллаш билан кифояланишга мажбур бўлган. Шунда генерал М.Г.Черняев буйруғи билан Тошкентга сув ва дон ўтказиш ман этилган. Бу воқеаларнинг шоҳиди бўлган тарихчи Муҳаммад Солиҳ Тошкандий ўзининг «Тарихи жадиди Тошканд» асарида Тошкент шаҳри 42 кун сувсиз ва озиқ-овқатсиз қолганини ёзади. Бундай кам ҳаракат ва кам харажат билан Тошкентни ишғол қилишга кўзи етмаган М.Г.Черняев Чимкент шаҳрига қайтиб, 1865 йилнинг баҳорига қадар Тошкентни ишғол қилишга тайёргарлик кўрган.

Қўқон хонлигининг ёш ҳукмдори Султон Сайидхон ва унинг амирлашкари Алиқули Россия империяси қўшинларининг хонлик чегарасига ҳужумини бартараф этиш ишларини бошлаб юборган эди. Хонликдаги бошбошдоқликни бартараф этиб, мудофаа тизимини шаклланти-риш ишларини олиб бораётган вақтда Россия империяси қўшинлари Тошкент деворларига яқинлашиб бўлганди. Алиқули амирлашкар русларга кимлар ёрдам бераётганини аниқлаш мақсадида ҳудуднинг барча ҳудудларига ўз айғоқчиларини юборган ва бундай хоинларни тутиб жазолаган. Жумладан, анча даврдан бери Россия империяси амалдорлари билан алоқада бўлган Саидазимбой 1864 йил бошларида М.Г.Черняевга турли маълумотларни етказиб тургани маълум(ЎзР МДА. 715-жамғарма, 1-рўйхат, 9679-йиғма жилд, 13-варақ.). Саидазимбойнинг алоқалари ошкора тус олгач, Алиқули амирилашкар уни М.Г.Черняев билан муносабатлари учун жаримага тортган ва 1000 рубл тўлашга мажбур қилган. Маҳалий савдогарларни ўз томонига оғдириш учун уларга Россия ҳукумати томонидан империя ҳудудида савдо қилишда бир неча имтиёзлар берилган эди.
Хоинона алоқаларни йўлга қўйган кишилардан яна бири Тошкентнинг Чувалачи маҳалласидан Абдураҳмонбек Шодмонбоев бўлиб, унинг М.Г.Черняевга ёзган хатини Алиқули амирилашкар қўлга туширган. Натижада Абдураҳмонбек Чимкентга – М.Г.Черняевнинг олдига қочиб борган. Манбада 1864 йили А.Шодмонбоевнинг «Россия империясига содиқлиги, Тошкент шаҳрида руслар таъсирини оширишга ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси» эътиборга олиниб унга тўн кийдирилганлиги ҳақида маълум қилинади.
Амирилашкарнинг бу тахлит фаолияти ўз даврида айрим маҳаллий манбаларда салбий фикрларга ҳам сабаб бўлган. Чунки Алиқули ҳокимиятни бошқаришда қатъий интизом жорий этишга ҳаракат қилган эди. Оддий жиноятчилар шариат асосида суд қилинган, сиёсий жиноятчилар эса шафқатсизлик билан жазоланган. Бу кескин чоралар дастлаб маълум даражада тинчликни сақлашга хизмат қилган бўлишига қарамай, кейинчалик оммавий норозиликни келтириб чиқарган. XIX аср муаллифи Султон Нуркеннинг ёзишича, Алиқули томонидан қатл қилинганлар сони 4 минг кишидан ортиб кетган. Жумладан, Мулла Олим Ҳожи Махдум: «Мулло Алиқули жаҳолат ва нотажрибалик билан Чимканд шаҳрида қозоқияларнинг энг улуғ даражадаги бийларидин Бойзоқ додхони ўлдурди, яъни тўпга қўйиб отдурди. Бу ишнинг оқибатидин тамоми Дашти Қипчоқ элатиялари адоват ва душманлик қилиб, русларнинг олдига бориб, оларга йўлбошчи ва ёрдамчи бўлуб, Чимкандни русиялар олмоғига сабаб бўлди», – деб ёзган.
Худди шундай воқеалардан бири Авлиёота шаҳрининг амалдорларидан бири Ниёзалибий билан содир бўлган. Алиқули уни Авлиёота шаҳрини русларга олдириб қўйганликда айблаб замбаракка қўйдириб оттиради. Натижада Ниёзалибийнинг икки ўғли ва унинг тарафдорлари руслар томонига қочиб ўтганлар.

Қўқон хони лашкарбошиси Алиқулининг бундай ҳаракатлари вазият оғирлашган бир даврда унинг фойдасига ишламаганлигини ҳам айтиб ўтиш лозим.
1864 йил охири – 1865 йил бошларида Тош-кентда рус тарафдорлари бўлган гуруҳ фаолия-ти анча жонланиб қолган. Бу гуруҳга бир неча йиллар давомида Россия билан савдо алоқалари олиб борган йирик савдогарлар – Муҳаммад Солиҳбой, Саидазимбой Муҳаммадбоев, Шарафбой Зайнобиддинов сингари Тошкентнинг йирик савдогарлари ва айрим амалдорлари кирган. 1865 йил 27 апрелда генерал М.Г.Черняев қарийб 2000 минг кишилик қўшини ва 12 та тўп билан яна Тошкент томон йўлга чиққан. У Чирчиқ дарёси ёнидаги Ниёзбек қалъасини жанг билан эгаллаганидан сўнг Тошкентни сув билан таъминловчи Кайковус ариғининг йўналишини ўзгартириб, шаҳарни сувсиз қолдирган. М.Черняевга бу услубни А.Шодмонбоев кўрсатганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Чунки 1808 йили Қўқон хони Олимхон ҳам худди шундай усул билан Тошкентни босиб олган эди.

М.Черняевнинг бу ҳаракатидан кейин Тошкентдаги рус тарафдорлари гуруҳи ўз фаолиятини янада жонлантириб юборган. Бунинг натижасида М.Г.Черняевга шаҳарнинг ички ҳаётини батафсил баён этувчи маълумотларнинг келиши янада кўпайган. Бундай маълумотлар Қодир Жўндибой, Туман Қулдиев, Иқон қишлоғининг оқсоқоли Ибн Амин, оқсоқол Раҳмонберди Мирзабой каби кимсалардан доимий равишда келиб турганлиги манбаларда қайд этилган (ЎзР МДА. 715-жамғарма, 1-рўйхат, 21-йиғма жилд, 33 – 40-варақлар).

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, М.Г.Черняевга маълумот юборувчилар ўз манфаатларини ўйлаб, бирор нарсадан умидвор бўлиб бу ишга қўл урганлар. 1865 йил 27 январда тошкентлик амалдор Туман Қулдиев М.Г.Черняевга лашкарбоши Алимқули уни ўлимга маҳкум этгани ва орага Султон Содиқ аралашгани сабабли ўлим жазосини Қўқонга юбориш шарти билан алмаштирганларини маълум қилади.

Шунингдек, ўзини Қўқонга юбормасликларида ёрдам беришини сўрайди.1865 йил 22 январда оқсоқол Раҳмонберди Мирзабой Бухоро ва Қўқонга айғоқчилар юборгани, улар орқали у ердаги воқеалардан хабардор бўлиб, М.Г.Черняевга етказиб турганлиги ҳақида ёзган. Хатнинг охирида у М.Г.Черняевдан «...менинг жуда кўп дўсту душманларим бор, сизга содиқлигим эвазига бирор мукофот билан тақдирласангиз» деб илтимос қилган.
Бундан келиб чиқадики, М.Г.Черняев Тошкентга иккинчи бор ҳужум қилишга тайёргарлик кўришда бутун ички имкониятларини, яъни шаҳарни босиб олишга тўлиқ кафолат берувчи омилларини ишга солган. М.Г.Черняевга Тошкентни босиб олишда нафақат рус тарафдорлари, балки Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлиги бошқарувидан норози бўлганлар ҳамда мустақил Тошкент хонлиги тарафдорлари ҳам кўмаклашганлар.

Алиқули амирилашкарнинг жанг вақтида вафот этиши Тошкент босқинининг янада тезлашишига таъсир кўрсатган омиллардан бири бўлиб, бу ҳол Қўқон сарбозларини парокандаликка олиб келган эди. Бу ҳақда тўхталар экан, Аваз Муҳаммад Хўқандий: «... Оллоҳ амри ила 1281 йил зулҳижжанинг 26-кунида (1865 йил 21 май) кофирлар сафидан бир ўқ отилди. У Мулла Алимқул амирлашкарга тегиб уни ярадор қилди ва у отдан йиқилиб тушди. Шул сабаб лашкари ислом парокандаликка тушиб, ҳамма ўз жонини ўйлаб паришонликка берилди. Сарбозлар жаноби амирлашкарни отга миндириб, ҳамма асбобу яроғ, тўпу тўфангларни олиб Тошканд қалъасига етиб келдилар», – деб ёзган.

Муҳаммад Юнус Тоиб эса: «Амирлашкар вафотидан сўнг Мирзо Аҳмад қушбеги, Бекмуҳаммад қушбеги ва Тошкент ҳокими Қўш парвоначи тамоми Фарғона аскарини бошлаб Хўқанд тарафга қочтилар», – деб маълум қилади. Шу тариқа 1865 йили Тошкент рус ҳарбий қўшинлари томонидан забт этилган. Кўриб ўтилганидек, бунга қатор объектив ва субъектив сабаблар қатори ўз манфаатларини ватан озодлигидан устун қўйган айрим маҳаллий савдогарлар ва амалдорларнинг хоинона хатти-ҳаракатлари ҳам маълум даражада сабаб бўлган. Аммо Қўқон хонлиги лашкарларига бошчилик қилган Алиқули амирилашкар сингари ватан ҳимоячиларининг хизматлари халқ хотирасида абадий қолиши шубҳасиздир.

***

"Водийнома" журнали 2019 йил 3-сонида М.Шамсиевнинг "Алиқули амирлашкар Тошкент мудофааси ташкилотчиси" мақоласидан.

Report Page