...

...

FERMER

Кўп тармоқли фермер хўжаликларида ишлаб чиқаришнинг қўшимча тармоғи асосий тармоқ билан боғлиқ ҳолда ёки асосий тармоқ билан боғлиқ бўлмаган соҳаларда ташкил этилиши мумкин. Хусусан:

- қўшимча тармоқ асосий тармоқ билан боғлиқ ҳолда ташкил этилганда – масалан, фермер хўжалиги сабзавотчилик йўналишида (асосий тармоқ) фаолият юритса қўшимча тармоқ сифатида сабзавотни қайта ишлаш цехлари фаолиятини йўлга қўйиши, маҳсулотларни тайёрлаш, ташиш ва сақлаш, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш каби соҳаларда ўз фаолиятини кенгайтириши назарда тутилади;

- қўшимча тармоқ асосий тармоқ билан боғлиқ бўлмаган соҳаларда ташкил этилганда – масалан, фермер хўжалиги пахта-ғаллачилик йўналигида (асосий тармоқ) фаолият юритса, қўшимча тармоқ сифатида аҳолига турли хилдаги хизматларни кўрсатиш, хўжалик қошида кичик тикув цехларини ташкил этиш каби соҳаларда ўз фаолиятини кенгайтириши назарда тутилади.

Фермер хўжаликлари фаолиятида қўшимча тармоқларни ташкил этиш ва кўп тармоқли ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйиш қуйидаги асосий йўналишларда амалга оширилиши мумкин:

- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўналишида;

- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, ташиш, сақлаш ва қайта ишлаш йўналишларида;

- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи хўжалик субъектларига агротехник, иқтисодий, техникавий, зооветеринария ва бошқа соҳаларда хизматлар кўрсатиш йўналишларида;

- енгил саноат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларида;

- аҳолига савдо, транспорт, маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида ташкил этилиши мумкин.

Фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолиятнинг ўзига хос алоҳида хусусиятлари ва йўналишларини ҳисобга олиб, бу йўналишларни қуйидагича таснифлаш мумкин (1-расм).

1-расм. Кўп тармоқли фермер хўжаликларини фаолият йўналишлари

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, республика минтақаларининг табиий иқлим шароити, узоқ вақтдан буён шаклланган айрим тарихий анъаналар ва бошқа омиллардан келиб чиққан ҳолда минтақалар бўйича фермер хўжаликлари турли йўналишдаги қўшимча хўжалик фаолияти билан шуғулланмоқдалар.

Масалан, жанубий ва шимолий минтақада фаолият юритаётган фермер хўжаликлари қўшимча равишда асосан касаначилик, ипакчилик, каштачилик, кулолчилик, ёғочга ишлов бериш, агротуризм каби соҳалар билан шуғулланишса, Фарғона водийси вилоятларидаги фермер хўжаликларида кўпроқ пойабзал таъмирлаш ва тикиш, савдо, умумовқатланиш хизмати, тикувчилик, халқ ҳунармандчилиги, хомашёга бирламчи ишлов бериш каби фаолият турлари ривожланмоқда.

Марказий минтақа: Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида фаолият юритаётган фермер хўжаликларида эса ижтимоий соҳаларни ривожлантириш яъни, суратхона, сартарошлик ва косметология, телекоммуникация, дам олиш уйлари ва даволаниш масканларини ташкил этиш, тоғ олди туризми каби фаолият турлари бошқа минтақаларга нисбатан кўпроқ ривож топмоқда.

Фермер хўжалиги ташкил этилгандан бошлаб келгусида шуғулланиши лозим бўлган қўшимча тармоқлар турларини ўз Низомида кўрсатиб ўтиши лозим. Айрим турдаги қўшимча фаолият турлари (соғлиқни сақлаш, савдо-сотиқ, автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчаси, транспорт ва бошқа шу каби хизматлар) билан белгиланган тартибда махсус рухсатнома (лицензия) олгандан сўнг шуғулланишга рухсат берилади.

Ҳар қандай фермер хўжалиги ўз даромадини (соф фойда) ошириш мақсадида ўз ҳохишига кўра ихтиёрий равишда қўшимча тармоқларни ташкил этган ҳолда кўп тармоқли фермер хўжалигига айланиши мумкин.

Қўшимча тармоқ фаолияти ҳисобига етиштирилган маҳсулотлар фермер хўжаликларининг ички истеъмолига йўналтирилиши ва бозорга чиқарилиши мумкин.

Ҳар бир қишлоқ хўжалиги корхонаси ихтисослашувини белгилашда ундаги мавжуд табиий ва иқтисодий шароитларга мос тармоқлар ва маҳсулотларга эътибор қаратиши керак.

Фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолиятни ривожлантиришга асосий ихтисослашувига қўшимча равишда бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни ташкил этиш учун солиққа тортиш, суғурталаш, кредитлаш каби иқтисодий механизмларда имтиёзлар бериш орқали кўмаклашиш мумкин.

Бунинг натижасида қўшимча тармоқлар ҳисобидан олинган юқори даромад асосий тармоқ ҳисобланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш учун йўналтириш ва маҳсулот етиштириш ҳажмини тобора оширилишини таъминлаш имкониятини беради.

FERMER канали

Мамарасулов Ҳ.Қ., Холмирзаев И.А., Аскаров Н.Н."Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш масалалари". 

dehqon.uz

Report Page