...

...

AGROBLOGER

2019 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистондан Хитойга ерёнғоқ экспорти билан бир қаторда, янги узилган анорни экспорт қилиш бўйича битим тузилган. Мазкур савдо битими доирасида тадбиркорларга янада кўпроқ қулайликлар, енгиллик яратиш мақсадида маҳсулотларни автотранспортда учинчи мамлакат ҳудудидан транзит орқали етказиш бўйича келишув ҳам имзоланди. 

Таъкидланишича, шу асосда эндиликда тадбиркорлар Хитойга ерёнғоқни Қозоғистондан «Алашанкоу» (темир йўл орқали) ва «Хоргос», Қирғизистондан «Иркештам» ҳамда «Тургарт» чегара ўтказиш пунктлари орқали автотранспортда бемалол олиб ўтишлари мумкин.

Айни кунларда Ўзбекистондаги ерёнғоқ маҳсулотини қадоқловчи корхоналар Хитой бош божхона бошқармаси сайтида рўйхатдан ўтказилди. 

Ҳозирча Хитой давлатининг фитосанитар талабларига жавоб берган экспортёр корхоналарнинг умумий сони 10 та бўлиб, дастлабки экспорт натижаларига қараб ушбу рўйхат кенгайтирилади.

Келишувга асосан, ерёнғоқ экспорт қилувчи тадбиркорлар учун қуйидаги асосий талаблар белгиланган:

ерёнғоқ етиштириладиган далалар, уни қадоқлаш цехлари, сақлаш омборхоналари Ўзбекистон ва Хитой карантин хизматларининг биргаликдаги рўйхатидан ўтказилиши;

ерёнғоқ «нўхат донхўри», «омборхона зарарли куяси», «тегирмон парвонаси», «омборхона узунбуруни», «барг канаси», «қора моғор касаллиги» каби зараркунандалардан холи бўлиши;

маҳсулот тупроқдан холи ҳамда бегона ўт, уруғлар, ўсимлик қолдиқлари ҳамда қум ёки шағал билан аралаштирилмаган бўлиши;

ерёнғоқ етиштириладиган дала Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси инспекторининг доимий назоратида бўлиши, маҳсулотни қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва ташиш инспектор назорати остида амалга оширилиши;

маҳсулот фосфид магний ёки фосфид алюминий билан фумигация қилиниши;

маҳсулот қадоғи тоза, гигиеник, ҳаво ўтказадиган ва янги материаллардан иборат бўлиши;

ҳар бир қадоқда аниқ қилиб, хитой ёки инглиз тилида «Ушбу маҳсулот Хитой Халқ Республикасига экспорт қилинмоқда» деб ёзилиб, маҳсулот номи, уни етиштирган, ишлаб чиқарган, қайта ишлаган ва сақлаган корхонанинг номи ҳамда рўйхатга олиш рақами каби маълумотлар кўрсатилиши шарт.

Маълум қилинишича, тадбиркорлар томонидан белгиланган талабларга риоя этилмаса, маҳсулотлар чегара назорат пунктларидан қайтарилиши ва экспортга очилган бозорларга кириш имконияти камайиши мумкин.


@AGROBLOGER канали

kun.uz

Report Page