...

...

AGROBLOGER

Қашқадарёда эсган кучли шамол қамашиликлар иссиқхонасини вайрон қилди (фото)

Қашқадарёда эсган кучли шамол Қамаши туманидаги иссиқхоналарни вайрон қилди. Бу ҳақда «Дарё»га шикоят қилган Отамурод Йўлдошев 11 сотих ер майдондаги иссиқхонаси шамол сабаб яроқсиз ҳолга келиб қолганини, масъуллар эса унинг мурожаатига эътибор ҳам бермаётганини маълум қилди.

«Агробанкнинг Қамаши туман филиалидан иссиқхонанинг бир сотихи учун 7 миллион сўмдан 11 сотих ер майдони учун 77 миллион сўм кредит олганман. Таъминотчи корхона томонидан қуриб берилган иссиқхонамни бир неча маротаба ўзим таъмирлатгандим. 2021 йил 19 март куни эсган кучли шамол иссиқхонамни вайрон қилди. Экилган экинимга ҳам куйиб ўтирибман», — дейди Отамурод Йўлдошев.

Мурожаатчининг маълумот беришича, яроқсиз ҳолга келган 11 сотихли иссиқхонанинг 4 сотихи ўғли Қамариддин Бердимуродов номига, қолган 7 сотихи эса турмуш ўртоғи Замира Қурбонмуродова ҳамда ўзининг номига расмийлаштирилган кредит эвазига барпо этилган.

«Таъминотчи ташкилот раҳбари Худойқул Тиркашев томонидан қуриб фойдаланишга топширилган иссиқхонамни ўша пайтнинг ўзида — 2020 йил куз ойида қайта таъмирлатгандим. Камчилиги кўп эди. Бу ҳам етмаганидек, энди шамолда қулаб тушди. Целлофанлари эса йиртилиб, чидамсиз целлофан эканини исботлади. Таъминотчига бу ҳақда айтсам, эътибор ҳам бермаяпти. Мен икки маротаба экилган экинимга куйиб, қилган харажатларимни ҳам қоплатолмай ўтирибман. Энди эса учинчи маротаба эккан экиним қулаб тушган иссиқхона темирлари тагида қолиб, барбод бўлди», — дейди мурожаатчи фуқаро.

Отамурод Йўлдошевнинг ҳисоб-китобига кўра, у 77 миллион сўмлик кредити ва унинг ўз вақтида тўлаб борилаётган фоизларидан ташқари яна 33 миллион сўмлик харажатига ҳам куйиб қолган.

«Бу ерда фақат мен эмас, менга ўхшаган фуқаролар 80 нафар. Ҳаммаси кредит пулига, тўлаётган фоизига, шунингдек, экин экиш учун қилинган харажатига куйиб қолмоқда. Бу ҳақда мурожаат қилмаган ташкилотимиз, раҳбаримиз қолмади. Ҳеч ким бизга ёрдам бермаяпти», — дейди Отамурод Йўлдошев.

Отамурод Йўлдошевнинг қўшимча қилишича, у иссиқхона қурилаётган пайтда банк бошлиғи ва таъминотчи корхона масъулига иссиқхона қўл учида қурилаётганини, кучли шамол бўлса, қулаб тушиши мумкинлигини айтган. Банк раҳбарияти эса фуқарога таъминотчининг қурувчилари ишига халал бермаслиги лозимлигини айтиб, танбеҳ ҳам берган.

«Мен шу иссиқхона қурилаётган пайтда қурувчиларга ва банк бошлиғига иш қўл учида бўлаётганини, кучли шамол бўлса, иссиқхона қулаб тушиши мумкинлигини айтиб, ишни пишиқ қилишларини сўрагандим. Банк бошлиғи эса менга қурувчилар ишига халал бермаслигимни айтиб, танбеҳ ҳам берганди. Бугунги кунга келиб мана бунақа аҳволга тушиб ўтирибмиз», — дейди иссиқхонаси қулаб тушган фуқаро.

«Дарё» мухбири Отамурод Йўлдошевнинг ўғли Қамариддин Бердимуродов номига расмийлаштирилган кредитга иссиқхона қурган таъминотчи корхона масъули Бобур Қодиров билан боғланиб, мурожаатчилар шикоятига изоҳ сўради. Масъул эса оддий қурувчи эканлигини таъкидлаб, раҳбарлари билан гаплашишини ва тез орада маълумот беришини маълум қилди.


@AGROBLOGER канали

daryo.uz

Report Page