...

...

AGROBLOGER

Фарғона вилоятида жорий йил пахта ҳосили учун вилоятда 82 минг 80 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган. Айни жараёнда 12 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 2 минг 420 та фермер хўжалик билан шартномалар тузилди.

Ёзёвон туманида чигит экиш мавсуми олдидан ташкил этилган амалий семинарда бу борадаги вазифалар кенгашиб олинди. Вилоят ва туман секторлари, қишлоқ хўжалигига дахлдор бошқарма ва бўлимлар, кластер корхоналари, чигит экиш отрядлари раҳбарлари қатнашган семинарда ерни чигит экишга тайёрлаш, техникалар созлиги, чигитни бир текис ундириб олиш билан боғлиқ барча жараёнлар амалий машғулот тарзида тушунтириб берилди.

Мавсум олдидан 730 та сеялкалар сифатли таъмирдан чиқарилиб, иш унумдорлигини ошириш мақсадида кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан юқори унумли янги сеялкалар ҳам сотиб олинди. Қишлоқ, дашт, чўл ҳудудларида табиий шароитни ҳисобга олган ҳолда чигит экиш ишларини ўн кунда якунига етказиш кўзда тутилмоқда.

– Чигит экиш, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан ишлов бериш сингари барча агротехник жараёнларда ўн кун тушунчаси олтин қоидага айланиши керак, – деди Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. – Чунки қишлоқ хўжалиги юмушларини бажаришда бу муддат энг маъқул ҳолат ҳисобланади.

Вилоятда жорий йилда ”С-8290”, “Наманган-77”, “Султон” ва “Андижон-35” ғўза навларини экиш режалаштирилган бўлиб, навлар ҳудудларнинг табиий-иқлим шароити, ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб жойлаштирилади. Шу мақсадда 155 та чигит экиш отрядига 7 минг 727 та техника бириктирилиб, 134 та кўчма устахона ва ётоқхоналар, 75 та ёқилғи тарқатиш машиналари ажратилди. Мавсумда талаб этиладиган моддий-техника ва бошқа ресурслар тўлиқ ҳисоб-китоб қилинди.

– Чигит экишнинг энг мақбул муддатлари уч босқичга ажратилиб, ҳар бир ҳудуд бўйича секторлар кесимида алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди, – дейди вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алибек Турсунов. – Марказий Фарғона, Қолгандарё массивларида энг тажрибали мутахассислардан иборат алоҳида гуруҳлар фаолият олиб боради. Бу чигит экишни вилоятнинг барча ҳудудларида бирдек якунлаш ва сифатли ундириб олиш имконини беради.

Семинарда замонавий, юқори унум билан ишловчи техника воситалари кўргазмаси ташкил этилиб, кластер корхоналари ва илмий-амалий марказлар мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди. Пахтачилик соҳасига илмий, инновацион ғояларни кенг татбиқ этиш бўйича амалий йўл-йўриқлар кўрсатилди.

Ўзбекона удумга кўра палов дамланиб, деҳқончиликка қут-барака, мўл ҳосил сўраб эзгу дуолар қилинди. Бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги фахрийлари ҳамда мавсум иштирокчиларига вилоят ҳокимлигининг эсталик совғалари топширилди. 


М. Сулаймонов, ЎзА

uza.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page