..

..

AGROBLOGER

Ўзбекистонда аграр соҳани ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалигига энг илғор ва замонавий технологияларни жалб этиш ҳамда тизимга бозор механизмларини кенг жорий этиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.


Бу борада ўтган йили қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур Стратегияда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, сифат назорати инфратузилмасини ривожлантириш, экспортни рағбатлантириш, мақсадли халқаро бозорларда рақобатбардош, юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш устувор вазифалардан бири саналади.


Кейинги вақтларда, айниқса, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий усулларини йўлга қўйиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида халқаро амалиётда ўзини оқлаган кластерлар фаолиятининг йўлга қўйилгани Ўзбекистон аграр соҳасининг ривожида дастлабки юқори натижаларини кўрсатаётганини кузатиш мумкин. Хусусан, айни вақтда мамлакат миқёсида 73 та пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилган бўлиб, ўтган йилги пахта ҳосилининг 73 фоизи уларнинг ҳиссасига тўғри келган. Гектаридан олинган ўртача ҳосилдорлик эса, кластер бўлмаган ерларга нисбатан 4,1 центнерга кўп бўлиб, қўшимча 428 минг тонна пахта олинишига эришилган.


“Кластер” тушунчаси илк бор 1990 йилда Майкл Портер томонидан “Давлатларнинг рақобатдош афзаллиги” номли асарида келтирилган. 10 та саноат жиҳатдан ривожланган давлатларнинг ривожланиш тарихини таҳлил қилгач, Майкл Портер кластерларнинг пайдо бўлиши иқтисодий ривожланиш ва саноатлаштириш жараёни таркибининг ажралмас қисмидир, деган фикрга келган. Шундай қилиб, кластер – ўзаро боғлиқ корхоналарни бирлаштиришнинг ўзига хос кўриниши бўлиб, бу маълум бир ҳудуд иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш имконини беради. Ташкиллаштириш шакли жиҳатидан, кластер – вертикал равишда интеграцияланган тузилма, дейиш мумкин.


Айнан пахтачилик соҳасига назар ташлайдиган бўлсак, пахта-тўқимачилик кластерининг технологик занжири пахта хомашёсини ишлаб чиқариш, уни қайта ишлаш, пахта толасидан калава ип ишлаб чиқариш, газлама ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби жараёнларни қамраб олади. Шу билан бирга, пахта хомашёси етиштирувчиларни, пахта тозалаш заводини, пахтани қайта ишлаш корхонасини, тўқимачилик фабрикасини ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхонани бирлаштиришдан кўзланган асосий мақсад – ҳар бир ишлаб чиқарувчининг харажатларини камайтирадиган ва якуний маҳсулотнинг рақобатбардошлигини оширадиган ягона тузилма яратишдир.


Ишни кластер услубида юритишга ўтиш, айниқса, бир-бири билан ўзаро боғлиқ корхоналар мавжуд бўлган ҳудудларда яхши самара бериши аён бўлмоқда. Жумладан, ҳудудлар иқтисодиётининг ривожланишида кластерли ёндашувнинг устувор афзалликларидан бири – иқтисодий омилларнинг ролини кучайтириш ва маъмурий омилларнинг ролини камайтиришга қаратилган. Бунда ҳудудий давлат органларининг роли фақат дастлабки босқичда, яъни янги кластерларни ташкил этишда, айнан шу ҳудуд манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, истиқболли кластерларни танлашда юқори бўлади. Аммо кейинроқ ҳудудий давлат идораларининг роли камайиб, бозор иқтисодиёти қонунлари олдинги ўринга чиқади.


Энг муҳими, кластерларга ҳудуд шароитдан келиб чиқиб, ғўзанинг селекция навларини мустақил равишда жойлаштириш, экинларни илмий асосланган тарзда алмашлаб экиш, сув ва ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш, ўзлари етиштирган маҳсулотни эркин тасарруф қилиш, нарх-навони ва маҳсулот сотиш ҳажмларини мустақил равишда белгилаш ҳуқуқи берилган.


Бундан ташқари, пахта-тўқимачилик кластерлари қатор имтиёзларга ҳам эга. Мисол учун, фермер хўжаликларига пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш кластерлари томонидан контрактация шартномасида назарда тутилган миқдорларда ва шартлар асосида аванс берилади. Ўз навбатида, кластерларга ҳам пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб бериш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан йилига 3 фоиздан ортиқ бўлмаган ставкада кредитлар ажратилади.


Шу ўринда табиий савол туғилади: хўш, кластернинг пахта хом ашёсини етиштирувчи деҳқон ёки фермер учун манфаат нуқтаи назаридан қанақа фойдаси бор?


Биринчидан. Яқин ўтмишимиздан маълум, фермер пахта тайёрлаш йиллик режасини ортиғи билан бажариб келган бўлса-да, соф даромад кўрмаган, ҳатто ўз зарарига ишлаган. Банкдаги ҳисоб рақамига келиб тушган пулларни мустақил равишда тасарруф этолмаган. Эндиликда кластер билан шартнома имзолаган фермернинг пахта етиштириш эҳтиёжи учун агротехник тадбирларни амалга ошираман деб техника излаб ёки молиявий кўмак сўраб идорама-идора елиб-югуриб юришига ҳожат қолмайди. Буюртмачи иш ҳақини ҳам, харажатларни ҳам вақтида ҳисоб-китоб қилиб боради, лозим бўлса, аввалдан керакли аванс пулларини ҳам беради.


Иккинчидан. Фермер кластер билан келишувга мувофиқ, топширган пахтасидан олинадиган иккиламчи маҳсулот, айтайлик шрот ва шелухани ўзининг чорва моллари учун қайтариб олиши мумкин.


Учинчидан. Ўзбекистон Президентининг шахсий ташаббуси билан пахта ва ғалла сотишга нисбатан давлат буюртмаси (монополияси)нинг бекор қилинишини нафақат мамлакат халқи, балки халқаро жамоатчилик ҳам инқилобий ислоҳот сифатида олқишлади. Бундан хулоса қилиш мумкинки, соҳада давлат аралашувининг кескин камайиши маҳаллий ҳокимларнинг режа ортидан қувиш ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалиётига бутунлай чек қўяди. Ўз навбатида, фермер ҳам ҳокимлик раҳбарлари томонидан у ёки бу шаклда кўрсатиладиган турли босимлар ва тазйиқлардан халос бўлади.


Тўртинчидан. Кластер аъзолари якуний натижага жамоавий равишда жавобгар бўладилар. Ҳар бир кластер иштирокчисининг, шу жумладан, деҳқон-фермернинг саъй-ҳаракати ушбу жамоанинг якуний даромадини, демак, ҳар бир иштирокчининг шахсий даромадини ҳам белгилаб беради. Бунда хом ашё етиштирувчи шахс ўз харажатларини минималлаштириш ва даромадини максималлаштиришдан манфаатдор бўлади.


Бешинчидан. Фермерга керакли барча маҳсулотлар – ёқилғи, ўғит, сув, ҳашаротларга қарши препаратлар ва зарур қишлоқ хўжалиги техникалари кластерлар томонидан ўз вақтида етказиб берилади.


Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида энг устувор вазифа халқаро тажриба ва амалиётни чуқур ўрганган ҳолда бозор механизмларини кенг жорий этишга қаратилган. Бу мақсад замирида, энг аввало, деҳқон, фермер меҳнатига яраша манфаат кўрсин, мўмай даромадга эга бўлиб, турмуш фаровонлигини яхшиласин, деган мақсад ётибди.


Шуҳрат ДЕҲҚОНОВ,

“Тараққиёт стратегияси” маркази бош координатори


@AGROBLOGER канали

Report Page