...

...

AGROBLOGER

Ҳозир мамлакатимизда COVID-19 коронавирус инфекцияси туфайли эълон қилинган карантин пайтида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори барқарорлигини таъминлаш, барча ҳудудлардаги деҳқон бозорлари ва йирик дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб кетишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шуни маълум қиладики, юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тақчиллиги юзага келмайди.

Боиси, мамлакатимизда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз, барқарор нархларда таъминлаш ва захирасини яратиш борасида ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас. Баҳор ойларида аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар қилинган. 

Бир кунда омборлардан ўртача 1600-1800 тонна картошка бозорга чиқарилмоқда. Ҳозир омборларда яна 90 минг тонна картошка бор. Сурхондарё вилоятида экилган эртаки картошкадан апрель ойида (15-30 апрель) 65 минг тонна ҳосил йиғилиши режалаштирилмоқда. 

Аслида картошка тақчиллиги (45-50 минг тонна) асосан март-апрель ойларига тўғри келади. Май ойидан бошлаб ички ишлаб чиқариш ҳисобига қондирилади. Бундан ташқари, бошқа сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар ҳам назоратга олинган. 

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 2019-2020 йил қиш-баҳор мавсумига захира учун омборларга қўйилган асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ички бозорга чиқарилиши бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, 34907 тонна картошка, 4965 тонна пиёз, 9996 тонна сабзи ва 6313 тонна гуруч маҳсулоти захира қилинган. Барча туманлардаги бозорларга режали асосда сотувга чиқарилмоқда. 

Ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистонда коронавирус тарқагани боис, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошмоқда” деган ёлғон хабарларга ишониш, саросимага тушиш керак эмас. Кўриб турганингиздек, бунга асос йўқ. Аксинча, деҳқон бозорларида Наврўз байрами муносабати билан арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда. Бозорларга киритилаётган барча турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари махсус лаборатория мутахассислари томонидан текширувдан ўтказилмоқда. Мақсад аҳолини хавфсиз ва кафолатли, арзон маҳсулотлар билан таъминлашга эришишдир.

Ҳурматли юртдошлар!

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги сизлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тақчиллиги бўйича тарқатилган асоссиз хабарларга ишонмаслигингизни сўрайди.

Бу борада вазирлик Ахборот хизмати томонидан ишончли маълумотлар етказиб турилади.


Ўзбекистон Республикаси 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 

Ахборот хизмати


@AGROBLOGER канали

Report Page