Нима учун Ўзбекистонда техник наша етиштиришга рухсат берилди?

Нима учун Ўзбекистонда техник наша етиштиришга рухсат берилди?

🌐OLTIARIQ_TV

Вазирликлар изоҳ берди

Нима учун Ўзбекистонда техник наша етиштиришга рухсат берилди? Вазирликлар изоҳ берди
17 март куни Президент томонидан имзоланган “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун кўпчиликда турли хил саволларни келтириб чиқарди ҳамда ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шу сабабли, Адлия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари Ўзбекистонда каннабис етиштиришга нима учун рухсат берилганини изоҳлади. 

Маълумот учун: Каннабис – таркибида 0,2 фоизгача миқдорда тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган ўсимлик. Замонавий агросаноат секторида динамик ривожланаётган йўналишлардан бири. Бугунги кунда тармоқнинг дунё бўйича легал бозори ҳажми 150 миллиард долларга баҳоланмоқда. Техник наша катта майдонларда, очиқ ерда табиий об-ҳаво шароитларида одатдаги усуллар ёрдамида етиштирилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, вазирлик томонидан сўнгги бир неча ойлар давомида техник каннабис ўсимлигини етиштириш, қайта ишлаш ва унинг маҳсулотларидан фойдаланишга доир ишлар олиб борилмоқда.

“Албатта, техник каннабис иқтисодий ва экологик жиҳатдан Ўзбекистон иқлимига мос ўсимлик ҳисобланиб, унинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Жумладан:

  • - каннабис энг тез ўсувчи экинлардан бири бўлиб, пахта билан солиштирганда, 1 гектардан 4 баробар кўп целлюлоз олинади;
  • - ўсимликка қишлоқ хўжалиги кимёвий препаратларини нисбатан камроқ ишлатилади ҳамда сувни анча кам талаб қилади;
  • - атроф-муҳитни ифлосланишлардан тозалаш имконини беради;
  • - айланмадан чиқиб қолган ерларни тиклаш учун тупроқдан кадимий ва бошқа заҳарли моддаларни чиқариб олишда ниҳоятда фойдали;
  • - 110 кун ичида ўсимлик 2-3 метрга етади ва бу бир мавсумда бир нечта ҳосил олиш имконини беради;
  • - жаҳонда 40 дан ортиқ давлатларда техник каннабисдан саноат мақсадларида фойдаланиб келинмоқда“, дейилади вазирлик баёнотида.

Маълум қилинишича, айни пайтда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мазкур фаолиятни тартибга солиш мақсадида лицензиялаш тўғрисидаги Низом ишлаб чиқилмоқда. Бунда асосий эътибор қишлоқ хўжалигида асосий мақсадларни амалга оширишга қаратилган. Жумладан:

  • - соҳага хорижий инвесторларни жалб этиш;
  • - қишлоқ хўжалигида энг замонавий лабораторияларни ташкил этиш;
  • - ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш;
  • - соҳага замонавий билимга эга, тажрибали мутахассисларни жалб этиш;
  • - инновацион усулларни кенг қўллаш ва рақамлаштириш;
  • - янги иш ўринларини яратиш;
  • - бюджетга муайян тўловларни амалга ошириш;
  • - соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларга маслаҳат-сервис хизматлари тизимини шакллантириш.

Қишлоқ хўжалигида мазкур йўналишнинг ривожлантирилиши натижасида: 

  • - экспорт ҳажмини кескин ошириш;
  • - фойдаланишдан чиққан ерлардан мақсадли фойдаланиш;
  • - соҳадаги юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш,
  • - маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш,
  • - чуқур қайта ишланган экспорт озиқ-овқат, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш
  • - соҳада кластер ишлаб чиқаришини ривожлантиришга тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этиш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош, ноанъанавий ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда чуқур қайта ишлашни ташкил этиш, шу асосда аграр секторда иш унумдорлигини ва меҳнатга ҳақ тўлаш даражасини оширишга эришилади.

Шунингдек, Адлия вазирлиги ҳам ижтимоий тармоқларда каннабис ўсимлиги етиштиришга рухсат берилганига оид хабарлар турли талқинлар ва тушунмовчиликларга сабаб бўлаётгани туфайли, вазиятга изоҳ берди.

“Каннабис ўзи нима, ушбу ўсимликни етиштиришга нега рухсат этилди, энди гиёҳванд модда бемалол экиладими каби саволларга жавоб бериш орқали масалага бироз ойдинлик киритишни лозим деб топдик“, дейилади хабарда.

Биринчидан: Куни кеча Президент томонидан “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи Қонун имзоланди.

Унга кўра, эндиликда каннабис ўсимлиги юридик шахслар томонидан саноат мақсадлари учун етиштирилиши мумкин.

Каннабис – таркибида 0,2 фоизгача миқдорда тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган ўсимлик. Албатта, бунда мазкур фаолиятни амалга оширишга тегишли лицензияга асосан рухсат этилади.

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган, саноат мақсадларида етиштирилишига ва муомалада бўлишига рухсат этилган каннабис ўсимлигининг навлари, уларнинг етиштирилиш ва муомалада бўлиш шартлари Ҳукумат томонидан белгилаб берилади. Демак, истаган одам истаган жойида ушбу ўсимликни етиштиравермайди.

Иккинчидан: Гиёҳвандлик воситалари тўғрисида Ягона конвенциясида (1961 йил 30 март, Нью-Йорк) каннабисни саноат ва боғдорчилик мақсадларида етиштиришга рухсат этилган.

Ўзбекистон ушбу Конвенцияга 1995 йил 24 февралда қўшилган бўлиб, демак ҳозирга қадар ҳам мазкур ўсимликни саноат ва боғдорчилик мақсадларида етиштириши мумкин эди.

Таъкидлаш жоизки, техник каннабисдан 30 дан ортиқ турли номланишдаги саноат маҳсулотлари, жумладан тиббиёт (каннабидиол), ёқилғи, тўқимачилик, енгил саноат, қоғоз, қурилиш ва бошқа тармоқлар учун хом ашё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Шу билан бирга, уни етиштириш нисбатан кам харажат талаб қилади.

Ўзбекистонда етиштириш учун рухсат этилаётган каннабис тури (таркибида 0.2 % тетрагидроканнабинол бўлган) юқоридаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқишга мўлжалланган бўлиб, ижтимоий тармоқда таъкидланаётгани сингари гиёҳванд восита сифати мастлик келтириб чиқармайди (бунинг учун ўсимлик таркибидаги тетрагидроканнабинол миқдори 20 %дан ортиқ бўлиши керак).

Маълум қилинишича, қонунчиликка киритилган ушбу ўзгариш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббусига кўра амалга оширилган бўлиб, асосан рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган.

Учинчидан: Бу борада хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, бугунги кунда жаҳонда 40 дан ортиқ давлатларда техник каннабисдан саноат мақсадларида фойдаланиб келинмоқда. Шундан Хитой, Франция, Канада, Австралия ва Чили техник каннабисни катта миқдорда етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи минтақалар ҳисобланади.

Жумладан, таркибида тетрагидроканнабинол миқдори Хитой ва Чехияда – 0,3 фоизгача, Италия, Венгрия, Швеция, Бельгияда – 0,2 фоизгача, Россия Федерациясида – 0,1 фоизгача бўлган техник каннабисни саноат мақсадларида етиштириш ва ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун рухсат этилган.

Тўртинчидан: Техник каннабис бир қатор ноёб афзалликларга эга. Масалан, мато ишлаб чиқаришда пахта ва зиғир хом ашёсининг, пластмасса ишлаб чиқаришда нефть хом ашёсининг, қурилиш материаллари ва целлюлоза ишлаб чиқаришда ёғоч ва чиқинди қоғознинг ўрнини босиши мумкин ва ҳоказо.

Адлия вазирлиги бу орқали қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, соҳада кластер ишлаб чиқаришини ривожлантиришга тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этиш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош, ноанъанавий ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда чуқур қайта ишлашни ташкил этиш, шу асосда аграр секторда иш унумдорлигини ва меҳнатга ҳақ тўлаш даражасини оширишга эришиш мумкинлигини таъкидлади.

Report Page