...

...

AGROBLOGER

Сирдарё туманидаги «Ҳақиқат» сув истеъмолчилари уюшмасида чигит экиш ишларини қисқа ва мақбул муддатларда сифатли амалга оширишга бағишланган кўргазмали илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ва туманлар секторлари раҳбарлари, соҳага масъул ташкилот ва корхоналар, қишлоқ хўжалиги бўлими раҳбарлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Миллий урф одатларимизга кўра, эрта кўклам келиб ерга уруғ қадаш олдидан тиловат қилиниб, қурбонлик келтирилди. Дуога қўл очилиб, яхши ният билан юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, сиҳатлик ва деҳқончиликда амалга оширилажак ишларга барака сўралди.

Жорий қишлоқ хўжалиги мавсумидаги пахта, ғалла, пилла ва бошқа маҳсулотлар ҳосилдорлигини юксалтириш мақсадида – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 мартдаги «Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида вилоятда 72 минг 557 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилди.

– Шундан 17 минг 500 гектари сув тежайдиган технологияларга асосланган – томчилатиб суғориш усулида экишни режалаштирганмиз, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Авазбек Эргашев. – Ҳосилдорликда уруғ жуда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабдан экиладиган чигит уруғининг эртапишар навларидан «Султон» навли чигит уруғидан – 48 минг 147 тонна, «Ан-Боёвут-2»дан – 4 минг 518 тонна ва «Бухоро-102» навидан 5 минг 35 тонна, ўртапишар навлардан «С-6524»дан – 12 минг 257 тонна, «Гулистон» навидан 1 минг 200 тонна ва яна 1 минг 400 тонна янги навлар экиш назарда тутилган.

Ушбу уруғлик чигит вилоятдаги 7 та марказий уруғ сақлаш шохобчалари захира фондида сақланмоқда. Ҳар бир шохобчага далага узлуксиз чигит етказиб бериш учун 10-15 тадан транспорт воситаси бириктирилган.










Семинарда сўзга чиққан соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, чигит белгиланган муддатларда экилса бир текис ва соғлом кўчат олинади. Бунга уруғ юмшоқ, нам ва ҳарорати етарли бўлган тупроққа қадалганидагина эришилиши алоҳида таъкидланди. Чигитни муддатидан олдин ёки кеч экиш кутилган натижани бермайди. Тупроқ ҳарорати 10 сантиметр чуқурликда 13-14 градусга етганида чигит уруғини қадаш учун энг қулай муддат саналиб, уруғ қисқа кунларда кўтарилишни бошлайди. Туксиз чигит туклига нисбатан 5-6 кун кечроқ экилади.

Об-ҳаво инжиқ келаётган бу йилги шароитда чигитни мақбул муддатларда, тез ва сифатли экиб, ундириб олиш мўл ҳосил етиштиришда ўз самараларини беради. Бунинг учун мавжуд техникалар кучидан оқилона фойдаланиш муҳим. Шу мақсадда Сирдарёда чигит экиш сеялкалари, бороналар таъмирдан чиқарилиб, мавсумга шай қилиб қўйилган. Юқори ҳосилдорликка эришиш учун чигит экиш бўйича аниқ ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилган.

Сирдарёлик деҳқонлар об-ҳавога қараб чигит экиш ишларини 10 кунда якунлаш мақсадида 500 дона экиш сеялкаларини шай ҳолатга келтириб қўйди. Уруғлик чигит, ёқилғи-мойлаш, зарурат туғилганда техник ёрдам кўрсатиш гуруҳлари шакллантирилиб, бу ишлар дала бошида амалга оширилиши кўзда тутилган.

Чигит экиш ишларини амалга оширувчи ишчи-механизаторларга иссиқ овқат, махсус кийим бош, ниқоб, антисептик воситалар билан тўлиқ таъминлаш ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, ҳосилдорликни оширишда 18 минг 777 тонна азот, 6 минг 572 тонна фосфор, 3 минг 420 тонна калий жами 34 минг 758 тонна минерал ўғитдан фойдаланиш назарда тутилган.

– Доно халқимизда, эрта эккан, эрта ўради, деган ажойиб нақл бор, – деди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев. – Биз ҳам ота-боболаримизнинг ўгитига амал қилиб, ниятни яхши қилиб иш бошлайлик, шу ўринда ўтган йилги экиш мавсумида йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, чигитни қисқа фурсатларда экиш, такрорий экин сифатида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мош, қизил ловия ва зира экинларини кўпроқ экиш мақсадга мувофиқ бўлади. 

Сув тақчил бўлишини инобатга олишимиз зарур. Сирдарё ерларини камида 2-3 марта ҳосил олинадиган, унумдор ерларга айлантиришимиз керак. Бу сизу бизнинг қўлимиздан келади.Сирдарё туманида чигит экиш ишларини қисқа ва мақбул муддатларда сифатли амалга оширишга бағишланган кўргазмали илмий-амалий семинар иштирокчилари майдонларни чигит экишга тайёрлаш ва чигитни сифатли қадаш жараёнлари билан яқиндан танишиб, ўзаро тажриба алмашди.


@AGROBLOGER канали

А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА

uza.uz

Report Page