*/

*/

Source

Шукур ЖАББОРнинг “Тазкиратуш- шуаро” асаридан: ЮЗ ЙИЛ БУ ЁҒИДАГИ ЮЗТА ШОИРНИНГ (АЙРИМИНИНГ ЮЗИГА ҚАРАБ АЙТСАМ БЎЛАДИ) ШЕЪРИ ҲАҚИДА 1. Чўлпон – ўзбеклар адабиёти тонгида чўлпон юлдуздек ёрқин сиймо, шеъриятида гўзаллик жуда қуюқ. 2. Тавалло – ўрислар босқинидан қўрқмай шеърида уларга қарши сўз айта олган шоир. 3. Мискин – эскилар йўлидан янги даврга ўтишда поғона бўлди. 4. Ҳамзада равон фикр кўп. Исён бор эди шеърида. 5. Усмон Носир – фавқулодда ярқ этган энг зўр истеъдод. Бундай истеъдодлар турли сабабга кўра одатда кўп яшамайди. 6. Ойбек шеърларида болалик туйғулари, соддалик самимийлик кўп. 7. Миртемир кўп шоирларга маёқ вазифасини ўтади. 8. Ғафур Ғулом шеърида ҳеч вақо йўқ, шеър ёзмагани маъқул эди. Бироқ унинг насрига етадиган бирорта адиб йўқ. 9. Уйғун – шўро маддоҳи. Асарида хайр йўқ. 10. Абдураҳмон Водилий – бадиияти кучли. Сўз заргари. 11. Рауф Парфи Ўзтурк – сўз устаси. Абдураҳмон Водилийнинг шогирди. Бадиияти жуда кучли. Шеърнинг асл маъноси Парфизмда топилади. Уни шеър ва шоирлик рамзи деса бўлади. У сўзни қўлида ушлаб кўрган ягона шоир. 12. Чустий арузни тирилтириб турган шоир эди. 13. Шукрулло – яхши шоир (ўз даври учун). 14. Абдулла Орипов алоҳида феномен – ҳодиса. Лекин у барибир ўз даври учун хос. 15. Эркин Воҳидов мумтоз маънолар устаси. 16. Чўлпон Эргаш шеърларида шўро тузумига қарши курашган ҳақиқий мард шоир. 17. Муҳаммад Солиҳ мухолиф сифатида сиёсатга қўшилмаганида эди ҳозир ҳам шеърияти севиб ўқилаётган бўларди. Унинг шеърияти аристократлар, киборлар шеърияти, элита шеърияти. Сара шеърият. Унинг шеърини ўқиган одамда албатта фикр ва кайфият пайдо бўлади. Бизда кишининг ижодини ҳам қатағон қилишдай ёмон одат бор. Ўзи ким бўлса бўлсин, лекин барибир ижодий асар бўлмиш – бўронни тўхтатиб бўлмайди, юз йил кейин бўлса ҳам лоп юзага чиқади. 18. Шавкат Раҳмон алоҳида ҳодиса. У янги ясаб юборган сўзлар ҳам осон ютилади. Ҳақиқий сўз заргари. 19. Зулфия (Исроилова) – шеърлари ўртача (кейинги даврда номига мукофот таъсис этилиб зўрма-зўраки кўтар-кўтар қилинди). Лекин инсонгарчилиги аъло. 20. Ҳамид Олимжон – истеъдодли. Баъзи шеърлари қуйма илҳом билан ёзилган. Лекин одамгарчилиги йўқ. Шўро малайи. Майли Худо раҳматига олсин. 21. Асқар Қосимов – шеъриятида шўроларга қарши жуда қаттиқ исён қилган. Барча шеърида шўровийлар қаттиқ танқид қилган. Оқибатда шўро тузуми бир кун олдин соғлом, хушчақчақ бўлган шоирни ўлдириб, осиб қўйиб, гўёки оммага ўзини осган қилиб кўрсатишган. 22. Омон Матжон – яхши шоир. 23. Матназар Абдулҳаким – шеърларида фалсафа ва фикр жуда зич, жуда қуюқ, лекин бадиияти йўқ. Ифодалаш усули, лирикаси нўноқ. 24. Шукур Қурбон – шеъри жиддий, лекин ўзи дарвеш. Шеърияти оммабоп. Дини исломга, иймонга хизмат қиладиган арбаъинлар ёзиб тўхтатиб қўйди. Агар давом эттирганида эди кўп дин кишиларининг Қуръондан далил келтирган “Шоирлар сўз водийсида адашиб юриши” ҳақида фикрларини бироз ўзгартирган, шоирларнинг ҳаммаси ҳам гумроҳ эмаслигини исботлаган бўларди. 25. Абдулла Шер – шеърлари яхши. Шеърияти ҳам, олимлиги ҳам баравар. 26. Ҳуршид Даврон – шеърлари яхши. 27. Икром Отамурод – шеърлари яхши. Кўнгилни кангулга айлантириб тарихда қолди.

28. Усмон Азимда худпарастлик, зўрма-зўракилик, йиғи ва мунг бор.


29. Азим Суюнда муболаға ва баландпарвозлик кўп. Яхши чапани сатрлари ҳам бор. 30. Яхё Тоға шеъриятида интим ва яширин ҳисларни ошкор қилиш кўп. 31. Ҳабиб Саъдулла – шеърлари ўртача. Ижодиётини кўтар-кўтар қилиб шишириб юборишган. 32. Аъзам Ўктам – тазод ва мутаносиблик санъатини яхши қўллай оладиган, шеърлари иймон ва ихлосга тўла шоир. 33. Тилак Жўра – шеърида чўлликларга хос чапанилик чиқиб келаверарди. 34. Чори Аваз – унинг шеърида ҳам ўзига хос чапанилик бор эди. 35. Равшан Файз – туззук. 36. Асқар Маҳкам – шеърияти жуда аъло. Шахсияти билан шеърияти бир хил ягона шоир. Шеърларида дард, исён кўп эди. Баъзи сатрлари юракни ларзага келтирарди. 37. Муҳаммад Юсуф – оммабоп шоир. Менинг дидим уни ўртача шоир деб тан олади. 38. Ҳалима Худойбердиева жазабага тўла, энг зўр шоира. Жунунваш. Ҳатто энг омадсиз, сактароқ сатрида ҳам жунун бор. Ким уни ўқиса негадир ўзи ҳам шеър ёзгиси келиб қолади. Лирикада ажойиб реприкаси бор. 39. Ойдин Ҳожиева – сўзлари ифодаси силлиқ, равон, лекин ҳеч вақо йўқ. 40. Мирзо Кенжабек – шеърияти жуда баланд. Тавбайи насух қилгач, шеърияти динга, иймонга хизмат қила бошлади. 41. Тўра Мирзо – ҳақиқат акамдан устун, шунинг учун гапнинг очиғи унинг шеърларида ҳайқириқ ва тарғибот бор, унда сўз ясавориш кучли лекин доим ҳам сатрларга мос тушавермайди. 42. Тоҳир Қаҳҳор – шеъриятидан олимлиги кучли. 43. Фарида Афрўз – таъби нози бор. Лекин шеър сатри кимдандир олгандай шубҳали. 44. Зулфия Мўминова – ўртача. 45. Ҳалима Аҳмедова – шеърларида эркакча иддаолар ва энг муҳими фикр бор. 46. Зебо Мирзаевада суфиёна шижоат кучли. Алоҳида ҳодиса. 47. Абдували Қутбитдин агар ўша суфиёна ва ғайри усулдаги ўз йўлини давом эттирганида эди, ўзининг мактабини яратган бўларди. Ярқ этди-ю сусайди. 48. Қадам Саййид Мурод – ўзига хос шоир. Санъати бор. Лекин бу сатридан кейингни сатрида нима дейишини бемалол билиб қолиш мумкин. Лекин сўзи санъаткорона. 49. Ҳамроқул Асқар – туззук. Шеърида истеҳзо ва киноя кучли. 50. Шукур Содиқ – озгина исён бор. Шеърлари ўртача. 51. Азиз Саид – санъаткорона. 52. Барот Бойқобилов – сўзларни жуда кўп увол қилган, нафақат сўзни, балки қоғозни кўп увол қилган шоир. Ўртачадан ҳам паст. 53. Олимжон Бўри – бу инсоннинг шеъри ҳақида гапирсам, мен билан жиққамушт бўлиши мумкин, шунинг учун тилимни тияман. 54. Сирожидин Саййид – таъби нози бор. Лекин билиб-билмай аввалги шоирлар сатридан олиб қўяди. Менимча атайин эмас, билмай шундай қилади. 55. Иқбол Мирзо – шеърида самимийлик жуда кучли. Уни ўзбек шеъриятининг “Самимият рамзи” дейиш мумкин. Дастлабки шеърлари зўр илҳом билан ёзилган. 56. Салим Ашур – шеърларида нозик таъблик ва муҳаббат бор. 57. Минҳожидин Мирзо – шеърлари яхши. Унга ҳам мансаб шоирлигига соя солди. Ижод қилмай қўйди. 58. Ғулом Мирзо – ҳатто шеърида ҳам жуда эҳтиёткор ўзига хос шоир. 59. Сирожиддин Рауф – ўзига хос шоир. 60. Рустам Мусурмон – хали ҳеч ким қила олмаган ўзига хос телбаваш йўлда ярқ этиб чиқибоқ сўнди. Менимча, биров бир тийинга олмайдиган аллақандай “мансаб”ни мансаб деб кўзини ёғ босиб, истеъдодини кўмди. 61. Маҳмуд Тойир – ғирт маддоҳ. Маддоҳизм асосчиси. 62. Анвар Обиджон – ҳажвий шеър устаси. 63. Одил Икром – фикрларни шеърда гўзал ифодалайдиган шоир. 64. Баҳром Рўзимуҳамад – унда хаёлот кучли. Модерн деб қабул қилинганига қарамай бу “модернизм” деган нарса йўқ бўлганида ҳам у шундай ёзган бўларди.

65. Чингизхон (Муҳаммад Ғаффор) – шеъридан кўра ўзи шоирроқ. Шеърида ўзини энг кўп ҳақоратлайдиган, ўз шахсини аямайдиган, ўзидан нафратланадиган ягона инсон.

66. Алишер Нарзулло – шеъридан кўра насрида кўп гап бор. 67. Муҳаммад Исмоил – дастлабки шеърлари ҳақиқий исломий, жуда зўр эди. Иймонга тарғиб қиладиган ўзига хос эди. Кейин ўзини ўзи реклама қилишга киришиб кетди ва шеърлари ҳам айниди. 68. Назар Шукур – шеърлари зўр. 69. Ўроз Ҳайдар – яхши сонет устаси. 70. Вафо Файзулло – шеърияти гўзал. Шеърларида меҳр ва соғинч бор. Шеърияти ўқиган одамда ўз-ўзидан ўзбекона тафт, соғинч ҳиссини пайдо қилади. 71. Абдураззоқ Обрўй – зўр пародиянавис. 72. Дилбар Ҳайдарова – яхши. 73. Сайёр – жунунваш шоир. Ичкилик уни адо қилди. 74. Шермурод Субхон – янгилик излайдиган ўзига хос шоир. 75. Эрпўлат Бахт – туззук. Дастлабки шеърлари илҳом билан ёзилган. 76. Гулжамол Асқарова – дастлабки шеърлари жуда юқори савияда эди. Унга берилган мансаб шоиралигига соя солди. 77. Гўзал Бегим – унинг шеърияти аёллар ички дунёсини тушуниб бўлмаслигига ягона далил бўлади. 78. Олима Набиева – шеърида ғарбча фикрлаш устувор. Шеърлари нозик, интим ҳисларни ҳам сочма шаклида ошкор қилворади. 79. Мусаллам Бону – шеърлари ўзига хос илҳом билан ёзилган. Баъзи сатрларида жазаба бор. 80. Сулҳида Ёлғиз – ёзган шеърлари устози ва раҳматли турмуш ўртоғи Рауф Парфи шеърига ўхшаб қолавергани учун шеър ёзмай қўйди. Унгача бўлган шеърлари ажойиб. Жуда нозиктаъб. Сўзи озгина писсимистик бўлса ҳам юракка тегади. 81. Малика Салимова – шеърларининг мағзи тўқ ва гўзал. 82. Зебо Омонова – яхши ёзади. Раҳматли Чори Авазнинг аёли. Бу ижодкорларнинг қизи Гулинигорнинг шеърлари ҳам санъаткорона, янгича. 83. Зилола Хўжаниёзова – яхши. Сўзларида дард бор. 84. Озода Бекмуродова – туззук. 85. Шавкат Жўрабек – туззук. 86. Ойдиннисо – яхши. 87. Шаҳодатбону Имомназарова – зўр. Баъзи шеърлари санъат даражасида... 88. Маҳфуза Имомова – шеърлари баланд. Келажакда яхши шоира бўлади. 89. Гулнора Каримова – Биринчи Президент Ислом Каримовнинг қизи. Яхши шеърлар ёзади. Шеърида фалсафий фикр кўп. Лекин ўрисча ёзади. 90. Насрулло – шеъри ўзига хос. Хослар усулида таъби нози бор. Лекин шеъридан рассомлиги устунроқ. 91. Рустам Мирвали – яхши. 92. Марҳабо Каримова – оммабоп. Қайнона-келин ва оила мавзусини яхши кўтарган. Бу ҳам керак. 93. Рислиқой Хотамова – уни мақташяпти, ўқимаганман. Агар маиший мавзуда ёзса ўқимаганим маъқул. 94. Холдор Вулқон – вулқондай нишонга тегадиган сўзлар билан вулқондай бир отилиб чиқдию ичган ичкиликлари вулқон бўлиб уни йиқитди. Ҳозир қайсидир мухолифатга қўшилиб кетган. 95. Ҳабиб Абдуназар – яхши, бўлади. Лекин бир пулга қиммат ўткинчи мансаб унинг ҳам ажойиб шоирлигига соя солиб турибди. 96. Бектемир – ўзига хос порлаб чиқди. Лекин афсуски, мансаб деган бало унинг ҳам шоирлигига нуқта қўйди. Ўзи шоирларга мансаб бериб бўлмайди. 97. Абдулазиз Муборак – халқона, ютумли. Бошқа бир нарса демайман. Хали ўзининг устида кўп ишлаши керак. Ундан хали кўп яхши шеърлар чиқади. 98. Ғайрат Мажид – яхши шоир. Шеърларида дард бор. 99. Беҳзод Фазлидин – зўр шоир. Янги топилмаларни топмоқчи бўлади.

100. Абдураҳмон Мешаян – мамлакатимиздаги арман милатига мансуб мусулмон йигит. Интернет тармоғида ҳам кўриняптики, жуда яхши шеърлар ёзяпти.


Жуда кўп шоирлар кирмай қолди. Чунки, уларни туззук-қуруқ ўқимаганман. Болалар адабиёти вакиллари Пўлат Мўмин, Зафар Диёр, Қуддус Муҳаммадий, Туроб Тўла ва бошқаларни қўшмадим. Бундан ташқари аллақанча кишилар шеър ёзгунча бошқа юмуш билан шуғуллансалар маъқул демоқчиман, яна аллақанча яхши ёзадиган кишилар эсимда йўқлиги учун рўйхатга кирмай қолди... Қолганларни ўзингиз айтиб шеърига баҳо бериб, қуйида эслатворасиз деган умиддаман...

Report Page