...

...

AGROBLOGER

Минерал озиқлантириш. Кузги буғдой дон ҳосилдорлигини оширишда минерал ўғитлар муҳим ўринни эгаллайди. Кузги буғдой озиқа моддаларига ўта талабчан экин бўлиб, дон ҳосилининг 50% дан ортиғи минерал ўғитлар ҳисобига тўғри келади. Буғдойнинг 1 ц дон ҳосили ва шунга мос равишда сомон ҳамда илдиз массаси шаклланиши учун азот 3,0-3,5 кг, фосфор 1,2-1,8 кг, калий 2,0-2,3 кг талаб этилади. Шу сабабли буғдойдан юқори ҳосил етиштириш учун ушбу моддаларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш зарур.

Юқори дон ҳосили етиштириш ва тупроқ унумдорлигини сақлаш учун режалаштирилган ҳосил билан ўсимлик ўзлаштирадиган озиқа элементлари ерга тўлиқ қайтарилиши керак.

Минерал ўғитлар меъёри. Кузги буғдойнинг яхши ўсиб ривожланиши ва юқори дон ҳосили етиштиришда ўсимликнинг мавсум давомида озиқа элементлар билан мунтазам равишда таъминланишига боғлиқ. Ўғитлар самарадорлиги ўсимликнинг барча озиқа элементларга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилишига, яъни ўғитлар биргаликда қўлланилишига қараб аниқланади. Озиқлантиришни илмий асосда ташкил этиш тупроқ унимдорлиги, нав хусусияти ва ўсимликнинг озиқага бўлган эҳтиёжига кўра белгиланади.

Буғдойдан юқори дон ҳосили олиш учун минерал ўғитларни N 180-210, P 125-150, K 90-105 кг/га меъёрда қўллаш тавсия этилади.

Минерал ўғитларни қўллаш усули ва муддати. Кузги буғдой етиштиришда минерал ўғитлар меъёрини тўғри белгилаш билан бирга мақбул муддатда берилишини таъминлаш лозим. Ўғитларни қўллаш муддати дон сифатига сезиларли таъсир кўрсатишини таъкидлаш керак. Минерал ўғитлар шудгор остига, экиш олдидан ва вегетация даврида туплаш, найчалаш ва бошоқлашда берилади. Асосий ўғит сифатида ҳаракатчанлиги паст бўлган фосфорли ва калийли ўғитлар экиш олдидан берилса, вегетация даврида озиқлантиришда азотли ўғитлар қўлланилади.

Кузги буғдойни озиқлантириш бир неча босқичларда амалга оширилиб, бунда озиқлантириш сони ва муддатига эътибор қаратилади.

Эрта баҳорда биринчи озиқлантириш. Буғдой экилган майдонларда эрта баҳорда ўсимликнинг илдиз тизими жойлашган тупроқ қатламида азот миқдори камайиб кетади. Шу сабабли эрта баҳорда азотли ўғитлар билан озиқлантириш шарт. Эрта баҳорги озиқлантириш муддати 10-20 февралга тўғри келиб, азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 25 фоизи берилиши тавсия қилинади.

Эрта баҳорда бериладиган азотли ўғитлар меъёри ўтмишдош экин тури ва тупроқнинг ҳайдалма қатламидаги нитратли азот миқдорига қараб ҳам белгиланади. Агар кузги буғдой дуккакли экинлардан кейин экилган бўлса, гектарига 35-40 кг, бошоқли дон экинларидан кейин 50-65 кг, кунгабоқар, маккажўхори ва ғўзадан кейин 75-80 кг соф ҳолда азотли ўғит берилиши юқори самарали ҳисобланади.

Озиқлантириш биринчи навбатда ривождан орқада қолаётган майдонлардан бошланади. Азотли ўғитлар билан кузги буғдойни эрта баҳорда озиқлантириш майсаларнинг эрта баҳорги қўзғалиш муддатига яқин бўлиши, кунлик ўртача ҳарорат 4-5 0С даражани ташкил этиши лозим. Жуда эрта ёки кеч озиқлантиришнинг самараси паст бўлади.

Эрта баҳорги озиқлантириш тупланишни жадаллаштиради ва кўпроқ маҳсулдор поялар шаклланади. Буғдойдан мўл ҳосил етиштириш учун 1 кв.м майдонда 450-500 дона ўсимлик, 500-600 дона бошоқ шакллантириш лозим. Эрта баҳорги озиқлантиришни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш гектаридан 5-6 ц қўшимча дон ҳосили етиштириш имконини беради.

Иккинчи озиқлантириш. Кузги буғдойни навбатдаги озиқлантириш найчалаш даврининг бошланишида ўтказилади.

Маълумки, ривожланишнинг найчалаш даври қисқа 25-30 кун давом этади. Шу вақт давомида ўсимлик бутун ўсув даврида тўплайдиган биологик массанинг қарийб 50-60 фоизини тўплайди. Бу даврда озиқлантиришни самарали ўтказиш учун энг аввало навларнинг биологик хусусиятларига, тезпишарлигига эътибор берилади.

Иккинчи озиқлантириш эртапишар навлардан бошланади, чунки эртапишар навлар кечпишарга нисбатан 8-10 кун эрта найчалаш даврини бошлайди.

Буғдой найчалаш даврида ўсимликнинг ўсиш ва ривожланиш жараёни жадал кечади, вегетатив органлари кўпайиб, поялар сони ортади. Бу даврда намлик ва озиқа элементлари етишмаслиги ҳосилдорликнинг сезиларли даражада пасайишига олиб келади. Шу сабабли найчалаш даврида азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 45 фоизи берилади.

Учинчи озиқлантириш. Кузги буғдойни учинчи озиқлантириш бошоқлаш даврида амалга оширилади. Бошоқлаш даврида озиқлантириш меъёри ўсимликнинг барг ҳужайралари шираси таркибидаги азот миқдорига қараб белгиланади. Кузги буғдой экилган майдонларда учинчи озиқлантириш берилса, бошоқлар ва донлар йирик бўлади, дон ҳосилдорлиги 3-4 ц/га ортади. Бошоқлаш давридаги озиқлантириш асосан дон сифатига, доннинг технологик кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатади, оқсил ва клейковина миқдори сезиларли даражада ортишини таъминлайди.

Учинчи озиқлантиришда азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 15-20 фоизини қўллаш мақсадга мувофиқ.

Азотли ўғитларнинг йиллик меъёри 180 кг/га бўлганда экиш олдидан культивация билан 30 кг, эрта баҳорда туплаш даврида 75 кг, найчалаш даврида 75 кг, ёки экиш олдидан культивация билан 60 кг, эрта баҳорда 90 кг ва бошоқлаш давриа 30 кг берилиши мумкин. Азотли ўғитларни бир қисмини 30 кг/га бошоқлаш даврида берилиши ҳосилдорликни оширмасада, дон таркибидаги оқсил ва клейковина миқдорини оширади. Кучли буғдой ўстиришда бошоқлаш даврида ўтказилган озиқлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Азотли ўғитлар албатта ёғингарчилик ёки суғориш билан уйғунлашган ҳолда қўлланилиши лозим. Қуриган тупроқ юзасига азотли ўғитларни солиш самара бермайди, ҳавога газ ҳолида қўшилиб кетади.

Фосфорли ўғитларнинг 80 фоизи, калий ўғитининг ҳаммаси шудгор остига ёки экиш олдидан солинади. Фосфорли ўғитнинг қолган 20 фоизи экиш билан бирга азотли ўғит билан қўшиб солиниши, азотли ўғитнинг қолган қисми 75 кг баҳорда тупланиш даврида ва 75 кг найчалаш даврида берилиши ҳам яхши самара беради.


@AGROBLOGER канали

Б.А.Сулаймонов. "Кузги буғдой ва ғўза етиштириш асослари". 

dehqon.uz

Report Page