...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистонда пахта етиштириш узоқ тарихга эга бўлиб, бугунги кунда республикамиз дунёда пахта етиштирувчи 80 дан ортиқ давлатлар ичида кўплаб кўрсаткичлар (пахта экин майдони, ишлаб чиқариш ҳажми, ҳосилдорлиги) бўйича биринчи ўнталикда олдинги ўринларни эгаллайди.


Соҳада шаклланган интеллектуал салоҳият (юқори ҳосилдор ғўза навлари, яратилган ва жорий қилинган агротехнологиялар, пахтачилик соҳаси учун ресурслар ишлаб чиқариш) ва тола сифати бўйича эса биринчи бешталик давлатлар таркибида туради.


Ливерпуль халқаро пахта биржасида ўзбек олимлари яратган “Бухоро-6” ғўза навининг толаси эталон сифатида қабул қилингани эса пахтачилик илм-фани соҳасидаги ютуқларимизнинг дунё ҳамжамияти томонидан катта эътирофи рамзидир. Айни пайтда юқорида тилга олинган натижаларга тўлиқ маҳаллий олимлар томонидан яратилган ғўза навлари, етиштирилган уруғликлар ва яратилган агротехнологиялар асосида эришилмоқда. Жумладан, бугунги кунда ўзбек олимлари яратган ғўза ўсимлигини ҳимоялашнинг биологик усулини дунё ҳамжамияти тан олган ва бу борада дунёда етакчилик қилмоқдамиз.


Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси (ICAC) маълумотларига кўра, сўнгги йилларда дунё мамлакатларида 33-35 миллион гектар майдонда ғўза экилади. Агар жаҳонда бундан 20 йил олдин 17 миллион тонна пахта толаси етиштирилган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич ўртача 25 миллион тоннани ташкил этмоқда. Ўзбекистонда бугунги кунда ўртача 1 миллион тонна атрофида пахта толаси етиштирилади.


Сўнгги йилларда республикамиз пахтачилик тармоғида амалга оширилаётган бозор механизмларини жорий қилиш, пахта етиштирувчи фермерларни ўз меҳнати натижаларига тўлиқ эгалик қилган ҳолда, тадбиркор сифатида иқтисодий эркин фаолият юритишлари учун кенг шароитни яратиш билан боғлиқ ислоҳотлар, хомашё сотиш салмоғини кескин камайтириб, қайта ишлаш салмоғини ошириш орқали қўшилган қиймат яратиш имкониятларини кенгайтирмоқда.


Республикамизда хусусий инвесторлар иштирокидаги пахта-тўқимачилик кластерларини ривожлантириш жорий йил пахта ҳосилидан бошлаб, хомашёсини етиштириш, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда саноат капитали асосий ўринни эгаллайди.


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига таянадиган бўлсак, 2020 йилда республика бўйича экилиши кўзда тутилган 1033,6 минг гектар ғўза майдонларининг 921,2 минг гектарида ёки 89,1 фоизида бевосита пахта тўқимачилик кластерлари, пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари билан тузилган ўзаро манфаатли шартномалар асосида фаолият олиб боради.


Қолган пахта майдонларида (112,5 минг гектар ёки 10,9%) етиштириладиган пахта хомашёси, пахтачилик фермер хўжаликларининг қайта ишловчи саноат корхоналари билан тузилган шартномалар асосида сотилади. Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020 йил ҳосилидан бошлаб, пахта хомашёсининг харид нархини давлат томонидан белгилаш амалиётидан воз кечилди.


Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш орқали пахтачиликда Ўзбекистон тарихида ҳали амалиётда бўлмаган иқтисодий механизм жорий қилинади. Бу содда қилиб айтиладиган бўлса, фермерлар учун маҳсулотни эркин ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларни эркин танлаш орқали бозор талабига мувофиқ сотиш деганидир.


Бунда пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари пахта тўқимачилик кластерлари ҳамда пахтачиликка ихтисослашган кооперативлар аъзолари сифатида ўз маҳсулотларини (пахта толаси ва иккиламчи маҳсулотлари) кластерлар ёки кооперативлар орқали биржада шаклланган нархларда тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш имкониятига эга бўлади.


Аммо пахта ишлаб чиқарувчи фермер нуқтаи назаридан ёндашиладиган бўлса, пахта хомашёси бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан фарқли ўлароқ кўплаб турли йўналишлардаги истеъмолчиларга эга эмас. Пахта хомашёсининг истеъмолчиси пахтани қайта ишловчи корхоналар (пахта тозалаш заводлари) ёки чуқур қайта ишловчи (тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи) субъектлар бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам фермерга маҳсулот сотишда уюшган савдо тизимининг ўрни жуда каттадир.


Эндиликда амалиётга жорий қилинадиган тадбирларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, пахтачилик фермер хўжаликлари вегетация даврида турли давлат бошқаруви ва назорат идораларининг кўрсатмалари, ҳар қандай усуллар билан бўлса ҳам режаларни бажариш мажбуриятларидан озод бўлиб, тадбиркор сифатида максимал фойда олиш мақсадини олдига қўйган ҳолда фаолият юритиш имконига эга бўлади.


Бундай шароитда, фермер томонидан минерал ўғит, кредит маблағи, нефть маҳсулоти ва шунга ўхшаш ресурслардан тежамли фойдаланиш ҳолатини назорат қилиш зарурати йўқолади. Чунки бу пахта етиштирувчи фермернинг тижорат мақсадининг асоси ҳисобланади.


Демак, пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари эндиликда пахта тўқимачилик кластерлари ёки фермерларнинг ўзлари томонидан ташкил қилинадиган кооперативлар таркибида фаолият юритади.


Айни пайтда ҳудудий тамойилда уюштириш шакли (кластер ва кооперативлар) фермерларга иқтисодий эркинликни таъминлаш учун имкон берадими?, деган савол туғилиши ҳам табиий.


Бу борада кооперативлар кластерлардан фарқли ўлароқ, дунё амалиётида синовдан ўтган, тадбиркорларнинг ихтиёрий уюшиш шакли бўлиб, тўлиқ демократик тамойилларга асосланади. Аммо бу вазифаларга эришишимиз мумкин, қачонки, маҳаллий ҳокимият идоралари кооперативларни ташкил қилиш, уларнинг раисларини сайлаш, фаолиятини даврий равишда “мониторинг” қилишдек узоқ йиллардан буён онгимизда шаклланиб қолган, ҳамон инерция асосида давом этаётган салбий ҳолатлардан халос бўлса. Мазкур масала кооперативларни ташкил қилишдаги энг катта ижтимоий-иқтисодий таҳдидлардан бири ҳисобланади.


Шу ўринда пахта тўқимачилик кластерларида ўз таркибидаги фермерларнинг иқтисодий, ишлаб чиқариш фаолиятига маъмурий аралашуви учун дастаклар анча кўп бўлиб, бу масалада фермер хўжаликларига ўзлари биргаликда фаолият юритиши учун кластерларни эркин танлов имкониятини яратиш имконияти бор.


Айни пайтда пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари кластерлар билан тузилган ўзаро манфаатли ҳамкорлик шартномалари асосида фаолият юритиши учун амалда (фақатгина қонунларда эмас) барча имконият мавжуд.


Эндиликда кластерлар таркибида ишлаётган фермер хўжаликларининг иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларининг ҳимоячиси сифатида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Адлия идоралари, оммавий ахборот воситаларининг ўрни сезиларли бўлиши лозим. Шундагина пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини жорий қилиш йўналишида қабул қилинаётган қарор ва фармонларда кўзда тутилган вазифаларни амалга оширишимиз мумкин бўлади.


Шуҳрат АБДУАЛИМОВ,

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.

ЎзА

@AGROBLOGER канали

Report Page