...

...

AGROBLOGER

Қишнинг сўнгги ойи серёғин келиши эртаги муддатларда экилиши режалаштирилган карам кўчати, пиёз, сабзи, лавлаги ва кўкат сабзавотлар уруғлари ва картошка экиш ишлари март ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунликларига қадар чўзилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

    Бундай шароитда эртаги сабзавотларнинг бир қисмини дастлабки ўсув даврида шаффоф плёнка остида парвариш қилиш ниҳолларнинг нисбатан барвақт пайдо бўлиши ва ҳосилининг оддий усулга нисбатан камида 15–20 кун эрта етилишини таъминлайди. Айни кунларда иссиқсевар сабзавотлардан помидор, ширинқалампир, бақлажон экинлари кўчатини тайёрлаш ишлари кўчатхоналарда давом эттирилади. Бунда ниҳоллар 2–3 барг чиқарганда орасини 5х6 см қилиб кўчириб ўтқазилади.

  Кўчириб ўтқазилган кўчатлар 10–12 кундан сўнг биринчи маротаба озиқлантирилади: 10 л сувга 5 г аммоний сульфат ёки карбамид, 40 г суперфосфат ёки аммофос ва 10 г калий ўғитлари эритилиб барг устидан берилади. 6–7 кундан сўнг юқоридаги миқдорлар 2 марта кўпайтирилиб иккинчи маротаба озиқлантирилади. Учинчи озиқлантириш кўчат далага экишдан 4–5 кун олдин амалга оширилади. Марказий минтақада жойлашган вилоятлардаги сабзавотчилик хўжаликларида эртаги экин экиш ишлари 20 февралдан 20 мартгача, жанубий минтақада 15–20 кун илгарироқ, шимолий ҳудудларда эса 15–25 кун кейинроқ амалга оширилади.

   Бу муддатда карам кўчатлари, пиёз, сабзи, редис, кўкат сабзавотлар (укроп, кашнич, петрушка, салат) уруғлари ҳамда картошка уруғлик туганаклари экилади. Плёнка остига уруғ экиш ва кўчат ўтқазиш очиқ ердагига нисбатан анча эртароқ бошланади. Помидор, ширин қалампир ва бақлажон сингари иссиқсевар ўсимликлар кўчатлари мартнинг 2-ярмидан бошлаб экилади. Совуққа чидамли экинлардан бири бўлган эртапишар карам кўчати республикамизнинг марказий минтақасида жойлашган вилоятларда 25 февраль – 10 мартда, шимолий ҳудудларда 15–30 мартда экилади. Далага экиш учун 30–40 кунлик, барглари тўқ яшил, илдизлари дуркун ривожланган, соғлом кўчатлар танлаб олинади. Эртаги карам 70x25 (30) см схемада экилади.

  Кўчат экиб бўлгандан кейин дала кетма-кет суғорилади. 2–3 кундан сўнг эгатлар текширилади, хато жойларга яна кўчат экилади. Кўчатлар тўлиқ тутгандан сўнг эгат оралари КРН-2,8А русумли культиватор билан 15–16 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимлик атрофи юмшатилади, минерал ўғитлар билан озиқлантирилиб, суғорилади. Экин вегетация мобайнида икки марта чопиқ қилинади. Эртаги муддатда экиш учун оқбош карамнинг F1 Парел, Фарао, Назоми, Томас, Магнус, Кастелло, Северина каби эртапишар, серҳосил дурагайларини экиш тавсия этилади. Эрта муддатда экилган пиёз икки-уч марта, дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6–8 см. га етганда, иккинчи марта боғлаб бозорга чиқариладиган ҳолатга етганда ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор ораларини юмшатиш ва бегона ўтларни йўқотиш мақсадида КРН-2,8А русумли культиваторда 15–16 см чуқурликда ишлов берилади.

  Сабзи уруғини жанубий вилоятларда 15–28 февралда, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 1–15 мартда, шимолий ҳудудларда 15–30 мартда сепиш тавсия этилади. Уруғ сарфи гектарига 3–4 кг. Ниҳолларни бир текис ундириб олиш парваришлаш жараёнидаги энг муҳим тадбирлар сирасига киради. Сабзи ниҳоллари тупроқ намлиги маромида бўлганда 10–12 кунда униб чиқади. Ниҳоллар униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташ ва яганалашга киришиш лозим. Сабзи икки марта ўталади: дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3–4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади. Бегона ўтларни йўқотиш учун гербицидлардан фойдаланиш яхши самара беради.

    Кўп йиллик бошоқли бегона ўтларга қарши 10,4 фоизли «Зеллик Супер» гектарига 1 л меъёрда сепилади. Бир йиллик бегона ўтларга қарши, экишдан олдин гектарига 50 фоизли «Гезагард» (2–3 кг), 20 фоизли «Набу» препаратини 1,5 кг. дан бегона ўтлар 1–2 чинбарг чиқарган вақтда, 12,5 фоизли «Фюзилад Супер» препаратини гектарига 1–2 кг ҳисобида бегона ўтлар 2–4 та барг чиқарган вақтида пуркалади. Картошка ҳосилдорлигини оширишнинг асосий омилларидан бири экин навини тўғри танлаш ва сифатли уруғлик экиш ҳисобланади.

   Март ойида картошка экиш республикамизнинг марказий, шимолий ва қисман жанубий минтақаларида олиб борилади. Эртаги картошка асосан февраль-март ойларида кузда тайёрлаб қўйилган майдонларга экилади. Дала тайёрлаб қўйилмаган бўлса, ерларни текислаб ҳар гектарига 25–30 тонна маҳаллий ўғит ва фосфор-калийли ўғитларнинг 70–75 фоизини солиб чизель ва мола қилиб, КРН-2,8А, КРО-4 русумли культиваторлар ёрдамида 70 см ёки 90 см оралиқда суғориш эгатлари олиниб экишга тайёрланади. Ҳосил салмоғини ошириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун ундирилган туганакларни экиш керак.

  Ундирилган туганакларни баҳорги муддатларда экиш ундирилмаган туганакларни экишга қараганда ҳосилдорликни 12–15% ошириб, 10–15 кун эрта пишишига имкон беради. Маҳаллий шароитда тайёрланган уруғлар ундириш хоналарига экишдан 30–35, четдан келтирилган уруғликлар 20–25 кун илгари қўйилади. Ундириш хонасида ёруғлик ва 18–22 оС даража иссиқ ҳарорат яратилиши лозим. Туганакнинг яшил нишлари экиш давригача 0,5–1 см. дан ошиқ ўсиб кетишига йўл қўймаслик лозим, акс ҳолда экиш даврида синиб кетади. Уруғликлар катта-кичиклигига қараб алоҳида экилади. Бу ниҳолларнинг униб чиқиши, ўсиб-ривожланиши ҳамда ҳосил етилиши бир хил бўлишини таъминлайди. Экиш олдиндан тайёрлаб қўйилган майдонга картошка эккич ёки қўлда амалга оширилади. Экиш чуқурлиги 7–9 см, схемаси эса 70х30 см ёки 90х25 см. ни ташкил этади.

  Картошка касалликларининг олдини олиш мақсадида туганакларга 2,5 фоизли «Максим» (0,4 л/т), 31,2 фоизли «Селес-топ» (0,6 л/т), 69 фоизли «Акробат МЦ» (2 кг/т) препаратларидан бирортаси билан ишлов бериш тавсия этилади. Экиш якунлангандан сўнг ёғингарчилик кўп бўлиб, эгат устида қатқалоқ вужудга келса, ниҳолларнинг бир текис ва тўлиқ униб чиқишини таъминлаш учун сеткалик енгил бороналар ёрдамида бир-икки маротаба ишлов берилади. Майдонлар уруғлик тўлиқ униб чиққунча об-ҳаво ва ер шароитига кўра 1–2 марта суғорилади. Суғориш натижасида бегона ўтлар ҳам жадал ўсиб чиқа бошлайди. Уларни йўқотиш мақсадида суғоришдан 4–6 кун ўтгач қатор оралари ва эгатларнинг устки қисмига культиватор ёрдамида ёки қўлда кетмон билан ишлов бериш лозим. Ниҳоллар тўлиқ униб чиққандан 20–25 кун ўтгач, ўсимликларга биринчи комплекс ишлов берилади. Қатор оралари 15–16 см чуқурликда, ўсимликдан 10–12 см ҳимоя масофаси қолдирилиб юмшатилади. Кейин эса ўсимлик оралари енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланади.

  Очиқ далада тўғридан-тўғри уруғи билан етиштириладанган помидор, ширинқалампир, бақлажан экинларини экиш ишлари об-ҳаво шароитига қараб март ойининг 3-ўн кунлигида амалга оширилади. Бунинг учун майдонларни тайёрлаш ишлари ўта сифатли бажарилиши лозим. Кузда 30–40 см чуқурликда шудгор қилинган майдонлар март ойида икки марта чизелланиб, молаланади. Шундан сўнг 70 см оралиқда КРН-2.8А, КОН-2.8 ёки КРО-4 русумли культиваторлар ёрдамида эгат олинади. Эгат олингандан сўнг чиринди ва фосфор-калий ўғитлари аралашмаси эгатнинг юқори қисмига лента усулида тўшаб чиқилади. Бу аралашма эгат тўғриланганда тупроққа қоришиб кетади. Эгатлар эни 50 см кенгликдаги қора полиэтилен плёнка билан мульчаланади. Плёнканинг ҳар икки тарафидан 10 см қисми тупроқ билан ёпилади.

   Плёнканинг эгат юзасидаги қисми ҳар 25–30 см оралиқда 2–2,5 см кенгликда тешилиб 1,5–2 см чуқурликда помидор уруғлари экилади. Қора плёнка остига экилган уруғлар эрта ва тўлиқ униб чиқади. Майдоннинг плёнка билан ҳимояланган қисмида бир йиллик бегона ўтларни униб чиқиши ва ўсиб-ривожланиши тўхтайди, тупроқ юмшоқ ва нам ҳолда сақланади. Ушбу парваришлаш усули қўлланилганда ўсимликларнинг илдиз қисми бақувват ривожланади, тупроқнинг чуқурроқ қатламигача ўсиб бориши таъминланади. Бундан ташқари, юқоридаги парваришлаш усулини амалда қўлланилиши помидор ўсимликларини қурғоқчиликка ҳамда касалликларга чидамлилигини оширади.

   

Р.Ҳакимов, М.Холдоров

agro.uz

@AGROBLOGER канали



Report Page