...

...

AGROBLOGER

Соянинг фойдали жиҳатлари ҳақида кўп эшитганмиз. Бироқ, у ҳозирча бизда фақат чорвачилик йўналишида фойдаланиляпти, холос. Ваҳоланки, у 50 турдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотига асос бўла олади.

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти талабаси Жаҳонгир Мамадалиев ўз изланишларини амалда синаб кўрган ҳолда ушбу ўсимликдан бир неча турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

— Соядан олинган сут маҳсулотининг калорияси сигирникига нисбатан икки баробар юқори бўлади, — дейди Жаҳонгир Мамадалиев. — Дунё миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, айрим мамлакатларда бу маҳсулот ХIХ асрдан буён ишлаб чиқарилмоқда. Айниқса, Хитой, Япония, АҚШ каби давлатларда кундалик эҳтиёж маҳсулоти таркибига киритилган. Унинг истеъмоли қандли диабет, асаб тизими, қон айланиши, ортиқча вазндан халос бўлиш ва унинг олдини олиш, ошқозон, ичак фаолиятини яхшилашда фойда беради. Соя сутидан сигир сутиники каби пишлоқ, қатиқ, қаймоқ кабиларни ишлаб чиқариш мумкин.

АҚШда соя сутининг бир литри 90 долларга тенг. Агар унинг Ўзбекистон шароитида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилса 5 минг сўмдан 10 минг сўмгача бўлган нархни ташкил этиши мумкин.

Талаба соядан, шунингдек, тиббиёт ва фармацевтикада қўллаш мумкин бўлган спирт маҳсулотини ажратиб олишга эришди. Бугина эмас, соя сутидан ишлаб чиқарилган ун маҳсулотидан тайёрланган нон бир ҳафтадан ортиқ муддатда ҳам қотмаслиги, суви қочмаслиги ва моғор босмаслигини амалиётда синаб кўрди. Соя донидан тайёрланган кофе эса биз истеъмол қилаётган кофедан тубдан фарқ қилиши билан аҳамиятлидир. Масалан, кофе аксарият истеъмолчиларда қон босимининг ортишига сабаб бўлади. Соя донидан тайёрланган маҳсулот эса қон босимини меъёрлаштириб турувчи восита ҳамдир.

Изланувчи талабанинг фикрича, сояни қайта ишлаш натижасида ҳеч қандай чиқинди юзага келмайди ва унинг ҳар бир килограммидан 150-200 минг сўм соф фойда олиш мумкин.


@AGROBLOGER канали

Саминжон ҲУСАНОВ, xs.uz


Report Page