...

...

AGROBLOGER

Тошкент туманидаги “Eco Drip Lux” корхонаси 2010 йилдан буён фаолият кўрсатади. Бу ерда қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб суғориш тизими учун полиэтилен шланглар, турли ҳажмдаги фитинглар, полиэтилен қувурлар, геомембралар ва тез йиғилувчи модул спринклерлари каби импорт ўрнини босувчи 860 хилдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

Сув хўжалиги вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ушбу корхонага пресс-тур ташкил этилди.

Бугунги кунда корхона йилига 110 минг гектар майдонга етарли миқдорда томчилатиб суғориш технологияси ускуналари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш қувватига эга. Эътиборли жиҳати, яқинда сув тежовчи технологияларининг уловчи ва бутловчи фитинглари ва фильтрларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди.

Пресс-тур иштирокчилари корхонадаги маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишар экан, унда меҳнат қилаётган мутахассислар билан суҳбатлашди.








– Хомашёни асосан ички бозордан сотиб оламиз, – деди корхона раҳбари Акмал Аҳмедов. – 2020 йил 20 минг гектар майдон учун томчилатиб суғориш бутловчи қисмларини етказиб бердик. Ўтган йили инвестиция маблағи ҳисобидан ускуналар қуввати 70 фоизга оширилди. Аввал 40 минг гектар бўлган бўлса, амалга оширилган ишлар сабаб қуввати 110 минг гектар майдонга маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилди. Айни кунда корхона имкониятини кенгайтириш ва маҳсулот турларини кўпайтириш борасида изланиш олиб бораяпмиз. Бу эса маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати, Ўзбекистонда қанча ишлаб чиқариш кўпайса, шунча маҳсулот сифати ортиб бораверади. Шу сабабли биз нафақат маҳаллий, балки хориж корхоналари ўртасида ҳам рақобат қилишга тайёрмиз.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда сувни тежайдиган технологияларни амалиётга татбиқ этиш муҳим масалага айланмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу ишларни тизимли ташкил этишда муҳим қадам бўлди.

Хўш, бугунги кунда мамлакатимизда нечта корхона сувни тежайдиган технологияларни ишлаб чиқармоқда? Мавжуд корхоналар қуввати бугунги талабларга жавоб бера оладими?

Пресс-тур доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев ушбу саволларга батафсил жавоб берди.

– 2019 йилда республикамизда 34,5 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган бўлиб, маҳаллий корхоналар бармоқ билан санарли бўлганлиги учун технологияларнинг 90 фоиз ускуналари ва бутловчи қисмлари хорижий давлатлардан келтирилган эди, – деди Р.Қаршиев. – Ўтган 2020 йилда сувни тежовчи технологияларнинг асбоб-ускуналари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар сони 10 тага етказилди. Йил давомида 43 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган бўлса, шундан 30 фоизи, яъни 13 минг гектари маҳаллий корхоналар маҳсулотига тўғри келди.

Ушбу технологияларга талаб ортар экан, бугунги кунда сувни тежовчи технологияларнинг ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 30 тага етди. Бу билан 2021 йилда сув тежовчи технологиялар жорий қилинадиган майдонларнинг 50 фоизини маҳаллий корхоналар маҳсулоти қамраб олишига имкон яратилди. Йил якунига қадар эса маҳаллий корхоналар сонини 100 тага етказиш, соғлом рақобат муҳитини юзага келтириш ва сифат босқичига катта эътибор қаратиш мўлжалланган. Натижада сувни тежовчи технологияларни маҳаллийлаштириш даражаси ошиб, маҳсулот таннархи сезиларли даражада пасаяди ҳамда бу турдаги технологияларни жорий этиш имконияти кенгаяди.

Президентнинг Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида 2021 йилда сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонларини 5 баробарга кўпайтириш ва 430 минг гектарга етказиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, Президентнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича харажатларни қоплаш учун ажратиладиган субсидияларни ҳисоблашнинг янги механизми тасдиқланди. Янги тартибга асосан субсидия миқдори сув тежовчи тизимнинг сифатидан келиб чиқиб белгиланади, бунда тиндиргич ҳовузнинг қоплами (бетон, геомембрана, тупроқ ўзанли), насос ва фильтр ускуналари, қувур ҳамда шланглар ва бошқаларнинг сифатига қараб ажратилиши белгилаб берилди. Сув хўжалиги вазирлиги 230 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда 200 минг гектар ерни лазерли ускуналар ёрдамида текислашни ташкил этиш вазифасини белгилаб олди.

Тадбир якунида мутахассислар журналистларнинг саволига жавоб берди.


@AGROBLOGER канали

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,

ЎзА мухбири, uza.uz


Report Page