...

...

AGROBLOGER

Ер танлаш. Ширин қалампир ва бақлажон ўсимлиги бўз, ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқларда яхши ўсади. Сизот сувлари юза жойлашган, шунингдек, шўрланган тупроқлар унчалик ярамайди.

Алмашлаб экишдаги ўрни. Карам, бодринг ва пиёз энг яхши ўтмишдош экин ҳисобланади.

Навлар. Ширин қалампирнинг маҳаллий эртапишар Наргиза, ўртапишар Заря Востока, Дар Ташкента, кечпишар Зумрад ва Орион F1дурагайларини экиш тавсия этилади.

Бақлажоннинг махаллий Аврора, Сурхон гўзали, Замин F1 ва Блек Перл F1 дурагайларини экиш тавсия этилади.

Кўчат тайёрлаш. Ширин қалампир ва бақлажон уруғини экишнинг муқобил муддати февралнинг II-III ўн кунлиги.

Ҳар бир гектар майдонга кўчат тайёрлаш учун 600 г ҳисобида уруғ сепилади. Кўчатларни кўчириб экиш усулида ҳар 1 м2 майдонга 25-30 г уруғ, кўчирмай бир ижойни ўзида етиштиришда ҳар 1 м2 майдонга 4-5 г ҳисобида уруғ сепилади. Бунда тупроқ ҳарорати +14 -16°С дан, ҳаво ҳарорати эса +28 -30°С дан паст бўлмаслиги лозим. Тупроқ намлиги 80 - 85% бўлиши керак. Кўчат етиштириш жараёнлари помидор экини каби амалга оширилади.

Тайёр бўлган ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини ҳар бирининг узунлиги ўртача 16-18 см дан ва улардаги барглари сони 5-6 тадан бўлган даврида очиқ майдонларга экилади..

Экиш муддатлари ва экиш схемаси. Ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини апрелнинг II-III ўн кунлигида экиш тавсия этилади.

Кўчатларни 70x30 см ёки 70х40 см тизимида, ер ости сувлар яқин бўлган ерларда 90x25 см тизимида экилади.

Ерни экишдан олдин тайёрлаш, экиш ва парваришлаш жараёнлари помидор экининикига ўхшаш.

Ўғитлаш. Ўтлоқи ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларда гектарига 15 тонна гўнг, N160P120 K80 кг солиш тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш керак.

Минерал ўғитлар тук холатида қуйидагича солинади: карбамид - гектарига 330 кг, аммофос - 261 кг, калий хлор-160 кг. Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда бу ўғитнинг миқдори гектарига 760 кг бўлади.

Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади:

Кузги хайдовдан олдин: аммофос- гектарига 196 кг, калий хлор – 120 кг.

Биринчи озиқлантиришда – кўчатлар тутиб олгандан сўнг улар тез ўса бошлаган даврда: аммофос - гектарига 64,8 кг, калий хлор - 40 кг, карбамид - 165 кг ёки сульфат аммоний - гектарига 380 кг берилади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида: карбамид гектарига - 235 кг ёки сульфат аммоний - 380 кг бериш керак.

Бўз тупроқларда ширин қалампирни етиштиришда гектарига 20 тонна гўнг берилганда тупроққа N200P150 K100 солиниши тавсия этилади.

Суғориш. Ширин қалампир сернам ва оғир тупроқларда яхши ривожланмайди. Шунинг учун ялпи меваси туга бошлаганда қатор оралатиб, иложи борича чуқур ариқлар олиб суғориш зарур. Илдиз бўғзи намланиб кетмаслиги керак, акс ҳолда ўсимлик илдиз чириш билан касалланади. Ўсув даври мобайнида тупроқ намлиги 75 - 80% бўлишини таъминлаш учун суғоришни ҳар 6-10 кунда олиб бориш керак. Ҳосилни ҳар 6 - 8 кунда териш мумкин.


@AGROBLOGER канали

Report Page