...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, мутасадди ташкилотлар ва ҳокимлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аҳолини томорқадан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиб, бу борада аниқланган муаммоларни жойида бартараф этишга ҳаракат қилишмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари бу галги учрашувларини Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидан бошлади. Учрашувлар давомида аҳоли билан мулоқот қилиб, тадбиркор ва фермерлар билан суҳбатлашди.


Беруний тумани “Бўстон” МФЙ истиқомат қилувчи Ҳайитбой ака ана шулардан бири. У ўз томорқасида иссиқхона ташкил этиб, кўчатчилик билан шуғулланиб келмоқда. Тадбиркор томорқасида етиштирилган сара маҳсулотларни тез кунларда бозорга олиб чиқади.

Спикер ўринбосари А.Ҳаитов ҳудуддаги учрашувлари чоғида Ҳайитбой ака хонадонида ҳам бўлиб, иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотларни кўздан кечирди.

– Томорқа нафақат қўшимча даромад манбаи, балки унинг фарзандларимиз тарбиясидаги роли ҳам катта, – дейди тадбиркор. Айни пайтда маҳалламизда 200 га яқин хонадон вакиллари ўз томорқасида иссиқхона ташкил этиб, яхши даромад олиб келмоқда. Чунки меҳнатсеварга томорқа бамисоли хазина. Қолаверса, томорқадан қишин-ёзин даромад олса бўлади. 

А.Ҳаитов иссиқхона фаолияти билан танишар экан, ернинг ҳар бир қаричи олтинга тенг эканини айтиб, ундан унумли фойдаланиш лозимлигини таъкидлади.

–Агар ҳар бир оила ўз томорқа хўжалигидан самарали фойдаланса, экин экиш билан бирга уй ҳайвонларини ҳам парваришласа, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзини-ўзи таъминлайди. Энг муҳими, томорқада сифатли маҳсулотлар етиштириш, кўплаб янги иш ўринлари яратиш имконини ҳам беради. 


Учрашувлар давомида ҳудудда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган фуқаролар томорқасига ишлов бериш ва экинлар экиш масалаларида амалий ёрдам бериш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди. Ўз томорқасида иссиқхона барпо этиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ҳаракатида юрган фуқароларга эса зарур тавсиялар берилиб, “Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, ёпиқ ва очиқ майдонларда маҳсулот етиштириш” номли китоблар тўплами тақдим этилди.

uza.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page