...

...

AGROBLOGER

Россия ва Украина уруши истисносиз жаҳон иқтисодиётидаги барча қатламлар учун оғир оқибатларни келтириб чиқаради. Хусусан, бананнинг жаҳон бозори (жаҳонда энг кўп истеъмол қилинадиган мева) ҳозирданоқ савдо йўналишларидаги жиддий ўзгаришларга ва ушбу бозор иштирокчиларининг даромадлари пасайишига ҳозирлик кўрмоқда, деб хабар берди EastFruit EuroFruit ҳаволасига таяниб.

Мазкур вазият Украинада ҳам, Россиянинг ўзида ҳам банан нархи кескин кўтарилишига олиб келади. Шу билан бирга, бу вазият эквадорлик экспортёрлар етказиб беришни қайта йўналтирадиган мамлакатларда нархлар бир хил даражада кескин пасайишига олиб келиши мумкин.

Acorbanec экспортёрлар ассоциацияси ижрочи директори Ричард Салазарнинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтадан бери Эквадордан Украинага банан етказиб бериш тўхтаб қолган ва мева партиялари юклаб олиниши кутилаётган Одесса портида маҳсулот бой берилган.

Россияга банан етказиб бериш билан боғлиқ вазият ҳам кескин тус олди. Reybanpac (Эквадорнинг етакчи банан экспортёрларидан бири) бошқаруви раиси Висенте Вонгнинг маълумотларига кўра, бу ҳафта Россия портлари Эквадордан жўнатилган меваларнинг одатдаги ҳажмидан фақат учдан икки қисмини қабул қилиб олган. Ҳажмнинг бундай кескин пасайишига уч асосий сабаб бор.

Биринчидан, Россия рублининг кескин девальвацияси (бир ойда қарийб 60%), бу импорт қилинадиган товарлар нархини оширди ва маҳаллий истеъмолчиларни арзонроқ маҳсулотлар харидига ўтишга мажбур қилди.

Иккинчидан, бананни Эквадордан Россия портларига ташиш ноқулай бўлиб қолди ва қимматга тушмоқда. Маеrsk, CМА CGМ ва Hapag Lloyd компаниялари Европа транзит портларида Россияга мўлжалланган товарлар учун белгиланган йўналишларда узоқ текширувлар ўтказилаётгани сабаб, бананни Россияга олиб ўтмаслигини айтган. Бошқа юк ташиш компаниялари эса Қора денгиз уруш зонаси ҳисоблангани боис, юк ташиш суғуртаси бўйича ўта оғир шартларни қўйган.

Учинчидан, Россия импортёрларидан тўловлар масаласи муаммоли бўлмоқда. Баъзи тўловлар аввалгидек тартибда, лекин кўп ҳолларда тўловни бошқа мамлакатлар орқали амалга оширишга тўғри келяпти.

Натижада, Р. Салазарнинг фикрича, кейинги ҳафтадан бошлаб, Эквадор экспортёрлари Россия ва Украина бозорлари учун мўлжалланган партияларга янги бозорларни излашлари керак бўлади. Улар ҳафтасига 8,1 миллион долларлик банан етказиб берар эди.

Ушбу янги бозорлардаги ортиқча таклиф муқаррар равишда нархлар пасайишига олиб келади, боз устига, бунга шундоқ ҳам қиммат логистиканинг қўшимча харажатларини қўшиш керак.

Анъанавий банан етказиб бериш занжирлари йўқ бўлиши Эквадордаги бутунбошли саноат учун салбий оқибатларга олиб келади. Аcоrbanec маълумотларига кўра, Россия Федерацияси ва Украинага ҳар йили экспорт қилинадиган банан ҳажми 50 минг гектарлик майдонлардан олинади, уларни, асосан, кичик фермерлар етиштиради. Оқибатда, фақат шу икки бозорга етказиб беришнинг қисқариши мамлакатда 54 мингга яқин иш ўринларини йўқотиш хавфини туғдирмоқда.

Аcоrbanec Эквадор ҳукуматини маҳаллий бизнес учун ҳимоя чораларини жорий этишга ундади. Шунингдек, Россия Федерацияси ва Украинага экспорт қилиниши мўлжалланган, аммо ушбу бозорларга етказиб бериш иложи бўлмаган мева партиялари ҳисобига янги бозорларда ортиқча таклифнинг олдини олиш учун экспортни фаолроқ тартибга солишга чақирди.


EastFruit

AGROBLOGER канали

Report Page