...

...

FERMER

Дунё бўйича сув танқислиги муаммоси йилдан-йилга ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.

Ер юзида аҳоли сони ҳам ошиб борар экан, бу муаммо янада долзарб аҳамият касб этади.  

Сув танқислиги, ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам талай муаммоларни юзага келтиради. Бу борада мамлакатимизда сўнгги йилларда муайян чора-тадбирлар кўрилиб, қишлоқ хўжалиги ерларининг самарадорлигини ошириш, жумладан сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Маълумотларга кўра, 2021 йилнинг ўзида 433 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди ва уларнинг умумий кўрсаткичи суғориладиган майдонларнинг 17 фоизини ташкил қилди. 

Президентнинг шу йил 1 март куни қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янги поғонага кўтаришга хизмат қилади. 

Мазкур ҳужжатда кўзда тутилган мақсад-вазифалар, чора-тадбирлар хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Равшанбек Бегматов қуйидагиларни таъкидлайди: 

— “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишдаги мавжуд камчилик ва муаммолар бартараф этилади. Минтақада кузатилаётган сув танқислигининг салбий таъсири юмшатилади, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув ресурсларидан янада самарали фойдаланилади. 2022 йилда 478 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинади. 

Шунингдек, 2022 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари татбиқ қилинади. Сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган ер майдонлари камида 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмайди. Яъни, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат этилиши белгиланмоқда. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида белгиланган вазифаларга кўра, сув ресурсларини бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш мақсадида Сув кодексини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. 

Мазкур концепция доирасида амалга ошириладиган ишлар сув ресурслари захираси ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини сув билан таъминлашда юзага келадиган таҳдидларнинг олдини олиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга хизмат қилади. Трансчегаравий сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш ҳамда сув тежовчи технологияларини амалиётга кенг жорий қилиш орқали сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш имконини беради, — дейди депутат. 

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА

FERMER канали

Report Page