...

...

AGROBLOGER

Хитой Халқ Республикасининг ҳайратланарли иқтисодий ўсиши айнан қишлоқ хўжалигидан бошланган. Хитойнинг бу борадаги тажрибасидан биз ҳам ривожланиш учун андоза олсак бўлади.

Бир пайтлар урушдан ҳориб-чарчаб, бўлиниб-сочилиб ётган Хитой 1949 йилда ҳокимиятга келган Мао Цзэдун томонидан бирлаштирилди, ерлар бой заминдорлардан тортиб олиниб, 300 миллион деҳқонга бўлиб берилди, саноатлашиш даражаси бироз ўсди, халқнинг турмуш тарзида ижобий томонга силжиш бўлди.

Бироқ, 1952 йилдан бошлаб халқнинг устидан бирин-кетин ўтказилган коммунистик иқтисодий тажрибалар иқтисодий инқирозга ва охир-оқибат оммавий очарчиликка олиб келди. Чунки бу тажрибалар халқнинг жонига асрлар давомида оро кириб келган бозор муносабатлари элементларига қирғин келтирган эди. Хусусий мулкчиликка қарши курашиш қизиғида оилалардан ҳатто кичкина томорқалар ва оддий ҳунармандчилик дастгоҳлари тортиб олинди, хусусий тартибда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб-чиқариш ман этилди.

Турли маълумотларга кўра, бу даврда 20 миллиондан 43 миллионгача инсон очликдан нобуд бўлган.

1979 йилда (Мао Цзэдуннинг ўлимидан сўнг) «Ислоҳот ва очиқлик сиёсати» эълон қилинди.

Хитойни қийин аҳволдан чиқариб олган (ва кейинги оламшумул ривожини таъминлаган) бу сиёсатнинг эълон қилинишига нима сабаб бўлди?

1978 йилнинг декабрь ойи. Хитойнинг Анхуэй вилоятидаги Сяоганг номли қишлоқ. Қишлоқда 21та оила яшайди. Бошқа қишлоқлар каби бу ерда ҳам очарчилик ҳукм сурмоқда. Шунда қишлоқ фаоллари тажриба ўтказишади: жамоа бўлиб ишлатилаётган умумий ерларни ўша 21 оилага бўлиб беришга қарор қилишади – ҳар оила ўзига бириктирилган ерида деҳқончилик қилиши учун. Кичкина қишлоқда ўтказилган мазкур кичкина ислоҳот яхши натижа берди. «Демак, ерни оилаларга бўлиб бериш яхши экан», деган хулосага келинди.

Бу ижобий натижа хабари Пекинга – Хитой коммунистик партияси раҳбарларига етиб борди. 1979 йилда компартия раҳбарлари ўртасида турли фикр ва қарашлар тўқнашади ва натижада ҳамма нарсани жамоалаштириш, давлатлаштириш сиёсатидан чекиниб, қишлоқларда оилавий деҳқон ва ҳунармандчилик хўжаликларини тиклаш, шахсий манфаатдорлик омилини кучайтириш тарафдорлари устун келади – ислоҳот ўтказишга қарор қилинади. Чунки кўчада очарчилик ҳукм сураётган эди.

Кичкинагина Сяоганг қишлоғи тажрибаси дастлаб Хитойнинг бир вилоятида синаб кўрилиб, яхши натижага гувоҳ бўлингандан кейин уни бутун Хитой миқёсида қўллашга киришилади. Ортиқча шовқин кўтармасдан 180 миллион оилага аввалида 1-3 йилга, кейин 50 йил ва ундан узоқ муддатга ижарага ер ажратиб берилади. Бунақа ислоҳотга қарши бўлган маҳаллий раҳбарлар эса ишдан олинди. Чунки 180 миллион оила иқтисодий фаол қатламга айланаётган эди. Айнан шу омил барчасидан юқори қўйилди. Халққа бу ислоҳот маъқул келди, чунки у воқеликка мос эди.

Салдан кейин «деҳқон хўжаликлари масъулияти сиёсати» деб ном олган тадбирлар амалга оширилди. Бу тадбирлар доирасида деҳқонлар ўзи етиштирган маҳсулотнинг бир қисмини эркин нархда сотиши мумкин қилинди. Қишлоқларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорлари вужудга келди. Бироқ бу бошланиши эди.

1981 йилга келиб, 98 фоиз экин ерлари деҳқон оилалари тасарруфида эди. Хитой Конституциясида фуқароларнинг хусусий мулкчилик ҳуқуқлари бириктирилди, бу ҳам қишлоқларда хусусий ташаббусни қўллаб-қувватловчи омил бўлди.

Деҳқонлар ўз манфаатларини кўзлаб, ўз ихтиёрлари билан (юқоридан буйруқ бўлгани учун эмас), кичик кооперативларга, кейин эса ассоциацияларга ва катта кооперативларга бирлаша бошлашди. 1985 йилда Хитой ўзининг кўп сонли аҳолисини тўйғазиб, дон экспорт қила бошлади. Хитой раҳбари Дэн Сяопин «Биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги» деган сиёсатни эълон қилди.

Хитой қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишда эришилган яхши натижа кейинчалик ҳукуматни бошқа соҳаларни ҳам шу йўсинда ислоҳ қилишга ундади.

Айнан қишлоқ хўжалигида манфаатдорликни ошириш, маъмурий бошқарувни камайтириш, эркинлаштириш орқали эришилган яхши натижалар бошқа соҳаларни ҳам айнан шу йўсинда ислоҳ қилиш керак, деган хулосани ўртага чиқарди. Ҳаётнинг ўзи туҳфа этган хулосага қулоқ тутилди.

«Деҳқон хўжаликлари масъулияти сиёсати»га уйқаш «саноат масъулияти сиёсати» эълон қилинди. 1992 йилга келиб эса Хитойда барча корхоналар хўжалик ҳисобига ўтказилди. Натижада атиги 5 йил ичида хусусий саноат корхоналари сони 100 мингдан 5,8 миллионга етди... Хорижий капитал иштирокида қўшма корхоналар ташкил қилиш мумкин бўлди.

Бироқ, буларнинг ҳаммасига қишлоқ хўжалиги ислоҳоти омил бўлди. Хитой деҳқонлари бойигани сайин ўз эҳтиёжлари учун моддий-техника ресурсларини, саноат молларини сотиб ола бошлашди. Саноат молларига талаб орта бошлади ва бу саноат ривожига старт берди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кўпайгани қайта ишлаш саноати ривожини таъминлади – «занжир» ишга тушди.

Қишлоқ хўжалигида ўтказилган ислоҳот натижасида мамлакатнинг умумий иқтисодий ҳолати яхшиланди, нархлар пастлади.

13 йил (1979-1991) ичида Хитой деҳқонларининг тоза даромади одам бошига 5,3 баробар ошди, ўртача йиллик ўсиш 14 фоизни ташкил қилди. Баъзи йилларда ўсиш 19-21%гача кўтарилди.

Умуман олганда, Хитой қишлоқларида ўтказилган ислоҳот кичик хўжаликларни ҳар томонлама ривожлантириш замирида улкан салоҳият борлигининг ёрқин намунасидир. Биз ўрганаётган ҳолатда, аграр соҳаси ислоҳоти бошқа барча соҳаларнинг ривожига хизмат қилди, Хитойнинг оғир кунларида сиёсий ва ижтимоий барқарорликни таъминлади.

2004 йилга келиб Хитой қишлоқларида 22 миллиондан ошиқ корхоналар юзага келди, 138 млн одам бу корхоналарда иш билан банд бўлди.

 1978 йилдан эътиборан Хитойнинг ички ялпи маҳсулоти ўрта ҳисобда йилига 9,6 фоизга ўсди. Бу ҳар 7,5 йилда икки баробар кўпайиш дегани.

Хитой қишлоқлари ислоҳоти – биз учун қандай дарс?

Хитойдаги қишлоқ хўжалиги ислоҳоти мукаммал бўлмаган – бир қанча жузъий камчиликлари бўлган ва ҳозир ҳам йўқ эмас. Зеро, мазкур ислоҳотлар коммунистик ғоя тамойиллари билан муроса қилишни доим тақозо этиб келган ва келяпти.

Бироқ бу ислоҳотлардан олинадиган муҳим хулосалар бор ва айнан шу хулосаларни англаш, санаб ўтиш бизнинг жорий ҳолатимиз учун муҳим.

Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, Хитой қишлоқ хўжалигида амалга оширилган биргина тузатиш (шунчаки жамоа бўлиб ишлатилган ерлар оилаларга бўлиб берилди) улкан ўзгаришларни келтириб чиқарди – «занжирли реакция»ни пайдо қилди.

Моддий манфаатдорлик қанча кўп бўлса, ишлар шунча яхши бўлишини кузатган Хитой раҳбарияти тажрибани иқтисодиётнинг саноат соҳасига ҳам татбиқ этди ва бунда ҳатто ғоявий «чекловлар»га қараб ўтиришмади — йўлларни (имкониятларни) очиб беришди. Оқибатда Хитойда миллионлаб хусусий корхоналар вужудга келди!

Қишлоқларнинг иқтисодий фаоллашуви шаҳарни ҳам «тортиб кетди» – шаҳарларда саноат ривожланди.

Кўряпмизки, Хитой раҳбарияти вазиятни тўғри баҳолади. Компартия раҳбарлари ичида турли қарашдаги кишилар ўртасида тортишув бўлганига, якдиллик бўлмаганига қарамай, тўғри ўзгаришлар қилишга қарор қилинди.

Яна шуни айтиш керакки, Хитой ҳукуматидан қишлоқларни ислоҳ қилиш деярли ҳеч нарса талаб қилмади, ахир, шунчаки колхозларга барҳам берилиб, ерлар оилаларга бўлиб берилди. Соҳада ижобий ўзгаришлар эса ўз-ўзидан келди – деҳқонларнинг фаоллашуви орқали.

Бу каби ислоҳот Ўзбекистоннинг яқин тарихида ҳам юз берган. Мустақилликнинг илк дамларида, собиқ иттифоқ даврида шаклланган иқтисодий тизим бузилиб, эндиликда мустақил бўлган мамлакатлар оғир иқтисодий аҳволда қолгандилар. Вазиятдан чиқиб кетиш учун Ўзбекистонда қишлоқ аҳолисига оз-оздан бўлса ҳам ер ажратилганди, собиқ колхозлар ерлари эса оилавий пудрат асосида оилаларга бўлиб берилди.

Давлат режасини бажариб қўйгандан кейин ер оиланинг ихтиёрида қоладиган бўлди, пудратчи оилалар оёққа тура бошлади, қолганлар давлат берган томорқалардан фойда кўра бошлашди.

Айнан шу қарорлар мамлакатни вужудга келган ижтимоий таранглик ва иқтисодий тангликдан чиқариб олганди. Чунки бир неча миллион оила ўз ерига «ёпишди» – қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштира бошлади. Минглаб якка тадбиркорлар маҳсулотни мамлакат бозорларига ташиб сотишди, ортганини МДҲ мамлакатларига олиб бориб сота бошлашди. Қишлоқларда иқтисодий ҳаёт «қайнади». Мамлакатга валюта кира бошлади. (Ўша пайтда водий ва аҳолиси зич бошқа ҳудудларда, қишлоқларда яшаганлар буни яхши эслашади).

Бу ҳол давлат томонидан ҳеч қандай маблағ сарфланмасдан, шунчаки аксари ерда ишлашга муштоқ бўлиб турган қишлоқ оилаларига ер (имкон) бериш билан бўлди.

Табиийки, моддий аҳволи яхшиланган қишлоқ аҳли ишлаб топган пулларига ўзига керакли молларни сотиб ола бошлади, бундан эса шаҳарларнинг аҳволи яхшиланди – саноат, бозорларда савдо ривожланди. Худди Хитойдаги каби занжирли реакция ишга тушаётган эди.

Бироқ, Ўзбекистонда мазкур ижобий тажрибадан тегишли хулоса чиқарилмади – эришилган натижани мустаҳкамлаш, яъни ерда ишлаётганларни тобора давлат режаларидан озод этиш, уларни мустақил деҳқонларга айлантириб бориш, ер эгалари сонини кўпайтириш ўрнига, аксинча, камайтириш, режали қишлоқ хўжалиги салмоғини эса кўпайтириш йўлидан борилди.

Ерларни тўғри истифода этиш орқали қишлоқларда имкон қадар кўпроқ иқтисодий фаол қатламни юзага келтириш имкониятидан фойдаланилмади.

Кейинроқ юзага келган меҳнат миграциясининг «пойдевори» ўша пайтда ташланган эди.

Бунинг устига, мева-сабзавотни четга чиқариб сотиш қийин бўлиб қолди (чегара қўққисдан ёпиладиган бўлиб қолди), иқтисодий сиёсатда салбий ўзгаришлар бўлди, эркин конвертация бекор қилинди ва ҳ.к.

Яъни ишлар олдинга эмас, ортга қараб кетди. Мева-сабзавот экспорти қиморга ўхшаб қолди: чегара очиқ бўлганда деҳқон фойда кўради, ёпилиб қолса нарх тушиб кетиб, хонавайрон бўлади. Ҳозирда қишлоқларда баъзилар томорқаларида экин экишдан кўнгиллари совиганининг сабаби шу – дангасалик эмас. Чунки таваккалчилик анча катта.

Ўзбекистонда ташкил қилинган фермерчилик эса собиқ совет иттифоқида йўлга қўйилган, маъмурий бошқарув билан юритилган қишлоқ хўжалигининг бироз ўзгартирилган шаклининг бозор иқтисодиёти шароитида татбиқ қилиниши бўлди. Табиийки, бир тузум учун ўйлаб топилган иқтисодий шаклни моҳиятан бошқа тузумда жорий қилиш хато бўлди. Натижани кўриб турибмиз: ҳуқуқларнинг бузилиши, кам фойда, миллионлаб меҳнат миграцияси, туби кўринмайдиган ижтимоий муаммолар.

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишнинг муваффақиятли Хитой тажрибаси «мамлакатимизни ислоҳ қилишда нимадан бошлаш керак?» деган саволга жавоб гўё – ислоҳот занжирининг бош ҳалқаси биз учун нима эканини кўрсатиб берувчи кўргазма.

Хитой миллионлаб ҳаёт учун курашаётган деҳқонларига ер бериб, ислоҳот моторини ишга тушириб юборди. Бу йўлда Хитой раҳбарлари аҳамияти паст эътирозларга эътибор беришмади, чунки тарозининг бир палласида муҳимроқ нарса турган эди – қишлоқ оилаларини иқтисодий фаол қатламга айлантириш. Ва бутун Хитой бундан ютди.

Бизнинг вазиятимиз, миқёс кўп баробар кичик бўлса-да, Хитойникига ўхшаш: бизда ҳам миллионлаб ўз Ватанида, болалари ва ота-онаси олдида яшаб, ишлашни истайдиган (аммо чет элда ишлашга мажбур бўлаётган, ўзга иқтисодиётларга арзон ишчи бўлиб хизмат қилаётган) қишлоқ ёшлари бор.

Бу ёқда эса иқтисодий нонсенс – аҳолиси зич ҳудудларда 100 гектарлаб ер бир кишига бириктирилган, совет тузуми ортда қолганига қарамай, деҳқонлар пахта ва буғдой режасини бажаришга «сафарбар» этилган. Минглаб тадбиркорлик (деҳқончилик) иқтидорини ўзида олиб юрган ёшларимиз «қора ишчи» тамғасини кўтариб ўзга юртларда юришибди. Ҳолбуки, бундай тоифа ёшлар – ҳар қандай миллатнинг бебаҳо бойлиги, уларга имкон бериш керак.

Аммо айтиш керакки, ёшларга ер бериш масаласи ҳозиргидек, яъни фаолият юритиб турган фермерлар ерларининг маълум қисмини бир неча сотихдан қилиб ёшларга бўлиб бериш билан ижобий ҳал бўлмайди.

Масала комплекс ҳал этилмоғи лозим: ёшларга ер узоқ муддатга ва ҳуқуқлари таъминланган ҳолда берилиши лозим. Ёшлар «мана бу менинг ерим», дея олсин. Ёш деҳқон ерини яхши кўрсин, яроқсиз ҳолга келтириб қўйишдан қўрқсин, ҳар бир қаричини асраб-авайласин, новациялар, интенсив услублар борасида излансин. Ҳаётини ер билан боғласин.

Бу эса қишлоқ хўжалиги соҳасида туб ўзгариш қилишимизни – аҳолиси зич минтақаларимизда фермерчиликнинг ҳозирги шаклидан воз кечишни, кичик оилавий деҳқон хўжаликларини юзага келтиришни, давлат режасига мувофиқ ишлашдан воз кечишни, ниҳоят соҳада тўлиқ бозор муносабатларига ўтишни тақозо қилади.

Аминманки, шундагина меҳнат миграцияси билан боғлиқ ҳозирги аҳвол енгиллашади, қишлоқларимизда иқтисодий фаол ўрта синф юзага келади.

Бу эса ҳозирда фақат давлат эгнида бўлиб келаётган қишлоқларни обод қилиш масаласи – кўлами тубсиз ижтимоий-иқтисодий муаммолар юкини енгиллаштиради. Зеро, бу юкнинг сезиларли қисмини ўша иқтисодий фаол қатлам ўз-ўзидан, биров буюрмаса ҳам ўзининг эгнига олади.

Қишлоқлардаги муаммолар: бузуқ йўллар, эскириб ишдан чиққан инфраструктура, эскирган мактаблар, қаровсиз қолган ночор оилалар, ногиронлар – бу муаммоларни ҳал қилишда айнан мана шу фаол қатлам давлатга кўмакдош бўлади, ҳали айтганимиздек, буйруқ ва чақириқларсиз.

Қишлоқларда таълимни ривожлантириш муаммоси ҳам аслида мана шу масалага – ўзига тўқ оилалар синфини юзага келтиришга боғлиқ. Отаси Россияда қора ишчи бўлиб юрган, онаси якка ўзи минг ташвишни эгнига олган боланинг таълим-тарбияси қанақа бўлади-ю, ҳар тарафлама оёғида мустаҳкам турган тадбиркор ота-онанинг тарбиясини олиш нима дегани? Биламизки, тадбиркор ота-она кўпинча мактаб берган таълим билан чекланмасдан, фарзандига қўшимча таълим беришга мойил бўлади.

Хуллас, ҳозирда қишлоқларда иқтисодий фаол ўрта синфни юзага келтиришдан улканроқ мақсаднинг ўзи йўқ. Бу синф аввалида шунчаки «деҳқонлар» деб аталса ҳам, эртага уларнинг ичидан кўплаб новатор-тадбиркорлар етишиб чиқади. Кейинчалик бу деҳқонлар ўз манфаатларини кўзлаб, ихтиёрий равишда, эволюцион тарзда бирлашишади: кооперативларга, ассоциацияларга, акционерлик жамиятларига. Бу табиий – Хитойда айнан шундай бўлган ва бу Хитой қишлоқларда миллионлаб хусусий корхоналар юзага келишига олиб келган.

Аммо, бу марраларга етишиш учун баъзи шартларни бажариш лозим, бажариш шарт.

Аввало, ҳаммаси бозор иқтисодиёти талабларига мувофиқ бўлиши керак. Яъни деҳқонларнинг ишларига ҳеч ким аралашмаслиги керак: нима экишни, кимга сотишни ўзлари ҳал қилишлари лозим. Мева-сабзавотни экспорт қилиш имкониятлари максимал енгиллаштирилиши керак.

Мева-сабзавот экспорти билан фақат хусусий фирмалар шуғулланиши керак. Бундай фирмалар кўп бўлиши, улар ўртасида рақобат бўлиши учун уларни рўйхатдан ўтказишни енгиллаштириш лозим. Асло монополия бўлмаслиги керак. Етиштирилган маҳсулот сифатини текшириш учун махсус лабораториялар сонини кўпайтириш керак бўлади.

Пахта саноати ҳам тўлиқ бозор муносабатларига ўтиши керак: пахтани уни етиштирган деҳқон сотиши, савдолар биржа орқали бўлиши, тўқимачилик фабрикалари уни ўша биржалар орқали сотиб олиши керак. Мана шу пахта саноати ривожини таъминлаб беради, уни мажбурлов шаклидан табиий, моддий манфаатдорлик билан юритиладиган шаклга келтиради.

Яна шуни айтиш керакки, мазкур тадбирлар кўплаб юкни давлат эгнидан соқит қилади. Зеро, давлат танасига кана бўлиб ёпишиб олган маъмурий тизим ҳажмини қисқартириш имконини беради. Шунда ҳокимлар-у, ички ишлар ходимлари, прокурорларга йиғим-теримни назорат қилиш учун далага чиқишига, мажбурий меҳнатга ҳам ҳожат қолмайди. Бизни мажбурий меҳнатда ҳеч ким айбламайди. Соҳа кўзни қувонтирадиган ҳолга келади.

Сув тақчиллиги муаммоси ҳам шу йўл билан ҳал бўлади – оёғида мустаҳкам туриб олган мустақил деҳқонлар ўз манфаатларини кўзлаб, сувни иқтисод қилувчи тизимларни ўзлари жорий қиладилар. Давлат фақат, дейлик, 10 йилдан кейин суғорув сувининг нархини сезиларли оширамиз деб эълон қилса бўлгани. Камида 50 фоиз сув тежалишини тасаввур қилишнинг ўзи ажиб хаёлларга етаклайди. Ҳозирги ҳолатда эса сувни иқтисод қилувчи тизим жорий қилинишини тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Давлат бунга катта маблағ ажратган тақдирда ҳам, натижа бўлиши даргумон – маблағларнинг катта қисми одатдагидек талон-тарож бўлиши эҳтимол.

Хитой тажрибаси воқеликка мос қарорлар қабул қилиш: аҳоли сонини ҳисобга олган ҳолда кичик деҳқон хўжаликлари синфини юзага келтириш, моддий манфаатдорликни кўпайтириш, деҳқон ва тадбиркорни озод этиб, уларга нисбатан маъмурий босимни йўқ қилиш ва бу йўлда мунтазам илдам бориш – бизнинг ҳолатда ривожланишнинг ягона омили эканининг ёрқин кўргазмаси. Шу йўлдан боришимиз керакка ўхшайди.


Шокир Шарипов

@AGROBLOGER канали

kun.uz



Report Page