...

...

AGROBLOGER

Иссиқхоналар сабзавот ва кўкат экинларини етиштириш учун қулай бўлибгина қолмасдан, балки турли касаллик ва зараркунандаларнинг қишлаб қолиши ва кўпайиш манбаи ҳамдир. Бундай шароитда қишлаб қоладиган зараркунандалардан оққанот, ўргимчак ва занг кана, ширалар, ҳар хил турдаги тунламлар, касалликлардан ун шудринг, сохта ун шудринг, қўнғир доғланиш ва фомоз каби замбуруғли ҳамда вирусли касалликларни келтириш мумкин. 

   Бу зараркунанда ва касалликлар иссиқхоналардаги помидор, бодринг ва бошқа экинларга катта зарар келтиради. Шу билан бир қаторда, эрта баҳордан бошлаб иссиқхона атрофидаги бегона ўтларга тарқалиб, кейинчалик катта майдонлардаги барча турдаги сабзавот, полиз ва картошка экинларини ҳам зарарлайди. 

  Оққанот сабзавот экинларига икки томонлама зарар келтиради: личинкаси ўсимлик баргларининг орқа қисмига жойлашиб, тайёр озуқа моддаларини сўриб олса, етук ҳашаротлардан (личинкасидан) чиқадиган суюқ моддалар баргларнинг устига тушиб ёпишқоқ ширалар ҳосил қилади. Бу ширалар устида қора замбуруғлар тез кўпайиб, ўсимликларнинг нафас олишини қийинлаштиради ва баргларининг тез қуриб қолишига олиб келади. Оққанот бир мавсумда 12—14 маротаба авлод бериб кўпаяди. Оққанотга қарши Трихопорус 1:5 нисбатда (1 та паразит 5 та оққанот личинкасига) ёки 10% Толстар 1 л/га ёки 20% Моспилан 0,4 кг/га ёки Карбафос 1,5 л/га ҳисобида 1 т. сувга қўшиб пуркалади. 

  Ўргимчак кана ва занг кана ўсимлик баргларини орқа қисмига жойлашиб тайёр озуқа моддаларини сўриб зарар келтиради. Ўргимчак кана билан зарарланган экиннинг барглари сарғайиб тез қурийди. Занг кана билан зарарланган ўсимлик барглари орқасида кумуш рангли доғлар ҳосил бўлиб, барглари четдан сарғайиб қурийди. Ўргимчак кана кўзга кўринади, занг канани эса фақат микроскоп остида кўриш мумкин. Ўргимчак кана бир мавсумда 14—16, занг кана эса 10—12 марта авлод бериб кўпаяди. Бу зараркунандаларга қарши 20% Митак 2 л/га ёки Грезли 0,5 л/га ёки 50% Неорондан 1 л/га, Вертимек 0,2 л/га ҳисобида пуркалса яхши самара беради. 

  Иссиқхонада шираларнинг икки тури катта зарар келтиради: полиз шираси ва акация ширалари. Бу ширалар билан зарарланган ўсимлик барглари бужмаяди, ўсиш секинлашади ва ҳосилдан қолади. Бу турдаги ширалар ўсимлик баргининг орқасига жойлашиб тайёр озуқа моддаларини сўриб овқатланади. Бу шираларда шундай одат борки, эрта баҳордан то кеч кузгача оталанмай тирик личинка туғиб кўпаяди ва кеч кузда қишлаб қолиш учун 4—5 тадан тухум қўяди. Шу сабабли ҳам ширалар тез — бир мавсумда 16—18 марта авлод беради. 

  Шираларга қарши 2,5% Децис 0,5 л/га ёки БИ—58 1 л/га ёки 20% Конфидор 0,5 л/га ҳисобида қўлланади. Кўсак қуртига қарши 15% Аваунт 0,4 л/га ҳисобида пуркаш тавсия этилади. 

  Иссиқхонада намликнинг ортиши, ҳароратнинг кўтарилиши туфайли ун шудринг ва сохта ун шудринг касали бодрингга зарар келтирса, помидор баргларини қўнғир доғланиш ва фомоз кўпроқ зарарлайди. 

  Бодрингда ун шудринг ва сохта ун шудринг, помидорда қўнғир доғланиш касалига қарши 25% Байлетон 0,12 кг/га ёки 70% Топсин—М 1 кг/га ёки 80% С.П Олтингугурт 4—6 кг/га ёки 60,7% Превихур 1,5 л/га ҳисобида пуркаш тавсия этилади. 

  Помидорнинг фомоз касаллиги, яъни ҳосил бандининг чириши намликнинг ортиши, чакки томчиларининг кўпайиши натижасида пайдо бўлади. Мева бандида жойлашган гулларга чакки томчилари тушгач, гуллари фома дестриктива турдаги замбуруғлар орқали чирий бошлайди. Оқибатда гул барги атрофи чириб, мевалар тўкилади. Бу замбуруғли касалликнинг олдини олиш учун иссиқхоналарни тез-тез шамоллатиб туриш ва намликнинг ортишига йўл қўймаслик зарур. Бу касалликка қарши 70% Топсин-М 1 кг/га ёки Медний купоросини 0,8 кг/га ҳисобида 1 т сувга қўшиб сепиш мақсадга мувофиқ. 

Х.Асқаралиев

agro.uz

@AGROBLOGER

Report Page