...

...

FERMER

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Нигора Хўжаева мавзу юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, март ойининг илк ўн беш кунлигида кетма-кет ёғингарчиликлар бўлиши ҳисобига Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида 12-15 мм, Фарғона водийси вилоятларида 18-20 мм, республиканинг қолган ҳудудларида 20-40 мм, тоғли ва тоғолди ҳудудларда 50-60 мм дан ортиқроқ ёғингарчилик кузатилган.

Бошоқли дон етиштиришда ёғингарчилик миқдорининг кўп бўлиши ўсимликка берилган азотли, фосфорли ва калийли минерал ўғитларнинг тўлиқ ўсимлик томонидан ўзлаштирилиши ҳамда тупроқда намлик захираси тўпланишига ва парваришланаётган бошоқли дон экинлари ҳамда лалмикор ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги экинларининг ўсиши ва ривожланишига сабаб бўлади.

Шунингдек, тупроқнинг ҳайдов қатлами намга тўйинади, ғалла майдонларининг ҳар гектарига бир марта суғориш учун сарфланадиган 750-900 метр куб сув иқтисод қилинади. Бунинг ҳисобига сув омборларига йиллик истеъмол учун сув захиралари йиғилади.

Бугунги кундаги об-ҳаво шароити қишлоқ хўжалиги экинларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинми?

Ғалла майдонларида эрта баҳорги азотли ўғитлар билан озиқлантирилган бўлса ривожи тезлашади, аммо озуқа етарли бўлмаган майдонларда ғалла ниҳолларининг ривожи сусаяди ҳамда униб ўсишга қувват етмаганидан сарғайиб кетиш эхтимоли мавжуд.

Эрта баҳорда ҳавонинг нисбий намлиги 60 фоиздан юқори бўлиб, ўртача кунлик ҳаво ҳарорати 7-15 даража илиқ бўлганда, сариқ занг касаллиги, агар ушбу намликда ўртача кунлик ҳаво ҳарорати 15-25 даража бўлганда эса қўнғир занг касаллиги кенг тарқалишига шароит яратилади. Серёғин келган йилларда ғаллазорларда замбуруғли касалликлар (сариқ ва қўнғир занг, ун шудринг, септариоз, илдиз чириш) кенг тарқалиши кўп йиллик тажрибаларда кузатилган.

Юзага келган етарли намлик ва нисбатан иссиқ об-ҳаво ғаллазорларда бегона ўтларнинг жадал ривожланишига олиб келади. Тупроқда намликнинг етарли бўлиши ва ҳаво ҳароратининг паст бўлиши, бошоқли дон экинларининг қўшимча поя ҳосил қилишига сабаб бўлади.

Тинимсиз ёғингарчилик кузатилганда бошоқли дон етиштиришда қандай чоралар кўрилиши зарур?

Ғалла майдонларида суғоришни тартибга солиш лозим. Агарда суғоришга эътиборсизлик қилинадиган бўлса, дала шароитида намлик юқори бўлиб, ғалла майдонларида замбуруғли касалликлар ва турли хил бегона ўтларнинг ривожланишига имкон яратилади.

Сизот сувлари яқин жойлашган ҳамда ҳавонинг нисбий намлиги юқори бўлган ҳудудларда касалликларнинг олдини олиш учун доимий кузатув ишлари олиб борилади. Республика ҳудудларида бугунги кун шароитида, ғаллачиликдаги зарарни олдини олиш мақсадида занг ва бошқа касалликларга, бегона ўтларга ҳамда зараркунанда ҳашаротларга қарши кимёвий курашиш учун 1,5-2 марта тўлиқ ишлов беришга етарли кимёвий воситалар захираси яратилган. Далага чиқиш имконияти бўлиши билан ғалла майдонларида тўлиқ профилактик ишлов бериш ишлари амалга оширилади.


Муҳайё Тошқораева, ЎзА

FERMER канали

Report Page