...

...

FERMER

Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларда кўплаб ўғрилик жиноятларини содир қилган жиноий гуруҳ кирдикорлари фош этилди.

Бухоро вилояти Ички ишлар органлари томонидан вилоят ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳаёти ва мол-мулкини жиноий тажовузлардан сақлаш борасида кенг қамровли қидирув, профилактик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Вилоят ҳудудида жорий йилнинг 2 ойи давомида 77 та ўғрилик жинояти содир этилган. Очилмай қолган жиноятларни фош этиш чоралари кўрилмоқда.

Бухоро вилоятининг Қоракўл, Олот, Ромитан, Вобкент, Пешку ва Когон туманлари ҳудудида содир бўлаётган сув тортиш насоси ва трансформатор ўғриликларини фош этиш мақсадида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу турдаги ўғриликларни содир этиб келаётган жиноий гуруҳ фош этилди.

Жумладан, Когон тумани “Когон” маҳалласида жойлашган фуқаро Ғ.А. га қарашли фермер хўжалиги дала майдонидан бир дона баҳоси 11 млн. 500 минг сўмлик дала майдонларини томчилатиб суғоришга мўлжалланган трансформаторни номаълум шахслар ўғрилаб воқеа жойидан яширинганлиги ҳолати юзасидан олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни содир этган шахслар қўлга олинди.

Аниқланишича, ушбу жиноятнинг ташкилотчиси 1995 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба ўғрилик жинояти билан судланган, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро Д.А. жиноий шериги, ҳамқишлоғи 1989 йилда туғилган фуқаро С.А. ва 1995 йилда туғилган яна бир пастдарғомлик фуқаро Т.Ў. билан олдиндан жиноий тил бириктирган.

Жиноий гуруҳ аъзолари билан олиб борилган тезкор суриштирув давомида жиноий гуруҳ ташкилотчиси фуқаро Д.А. Бухоро вилоятининг Қоракўл, Олот, Ромитан, Вобкент, Пешку ва Когон туманлари ҳудудидан сув тортиш насоси (электродвигатель) ва трансформаторларни ўғрилаб, бу буюмларни 1976 йилда Самарқанднинг Оқдарё туманида яшовчи фуқаро Р.Ш.нинг юк автомашинасини буюртма қилган ҳолда вилоятдан олиб чиқиб кетган. Уларни Тошкент шаҳар Яшнобод туманида яшовчи 1978 йилда туғилган фуқаро С.Д.га сотганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар холислар иштирокида олинди.

Шунингдек, сотиб олувчи фуқаро С.Д. билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноий гуруҳ аъзолари томонидан унга сотиш учун берилган яна бир нечта сув насослари гумон қилиниб олиб қўйилди.

Жиноий гуруҳ аъзолари ижарага олган Когон тумани Ҳукуматобод маҳалласи Сабиён қишлоғидаги уй кўздан кечирилганда, вилоятнинг Ромитан ва Қоракўл туманлари ҳудудидан ўғриланган 3 та томчилатиб суғориш қурилмалари двигателлари ҳам ҳужжатлаштириб олинди.

Жиноий гуруҳ томонидан Пешку туманининг Афшона қишлоғидаги қабристон ёнидан ўғрилаб кетилган 5 дона двигателни Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро С.га сотиб юборилганлиги аниқланган. Ҳозирда далилий ашёларни ҳужжатлаштириб олиш чоралари кўрилмоқда.

Жиноий гуруҳ аъзоларининг Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида содир қилган 10 га яқин ўғрилик жиноятлари тўғрисида тезкор маълумотлар олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аниқланган ҳолатлар тегишли тартибда қайд этилиб, Когон тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчиларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


Зариф Комилов, ЎзА

FERMER канали

Report Page