...

...

AGROBLOGER

Фарғона вилоятининг Қува тумани ўзининг сархил мевалари билан машҳур. Қуваликлар нафақат Фарғона вилоятида, балки республикада гулчилик, кўчатчилик, боғдорчиликда донг таратган. Бу ерда етиштирилган ўрик, шафтоли, олхўри, нок, гилос, анжир, анор, қулупнай ва бошқа мева-сабзавотлар дунёнинг кўплаб давлатларига экспорт қилинади. Қуванинг дашт-у адирлари анорчилик учун мос ҳудуд бўлиб, қарийб ярим асрдан буён бу кенгликларда мевалар қиролининг сара навлари етиштирилади.

«Қорадон ширин», «Туятиш», «Жавдари», «Қаюм», «Қозоқи», «Қизилпўчоқ» каби анор навлари ўзининг мазаси билан тилга тушган. Айниқса, Қува боғларидаги сара гилосларнинг бозори чаққон. Қувада кўчат етиштириш бўйича ҳам катта тажриба мактаби яратилган. Ҳар йили юз миллион донадан зиёд мевали, манзарали ва гул кўчатлари парваришланиб, вилоятларга ва хорижга етказиб берилаётгани қуваликларнинг миришкорлигидан далолат.

Айни кунларда Қувада 25 мингдан ортиқ хонадондаги томорқаларда манзарали ва мевали кўчатлар етиштирилмоқда. «Қорақум», «Янги чек», «Толмозор», «Болалик», «Турк» каби маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳоли асосан мазкур юмуш билан банд.

«Дарё» мухбири Қуванинг «Қорақум» маҳалласида бўлиб, кўчат етиштириш ортидан мўмайгина даромад топаётган деҳқонлар билан суҳбатлашди.

«Қорақум» маҳалласидаги 1 минг 135 хонадонда 5 ярим мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Қорақумликлар орасида эҳтиёжманд оилалар, иш излаб хорижга кетадиганлар қолмаган — маҳалланинг меҳнатга яроқли аҳолиси уйида ўтириб ўз-ўзини банд қилган, кўчатчилик билан шуғулланади.

Тасаввур ҳосил қилиш учун — маҳалладаги аҳоли хонадонларида 82 гектар томорқа мавжуд, шундан 75 гектарида йил давомида кўчат етиштирилади.

Бир мавсумда қорақумликлар 4 миллион донадан ортиқ кўчат сотади, унинг ортидан келадиган фойда ҳам шунга яраша — ҳар бир оила йилига 30 миллиондан 300 миллион сўмгача даромад қилади.

Бу маҳаллада етиштирилган кўчатлар нафақат водий вилоятларига, балки Ўзбекистоннинг барча туман—шаҳарларига ва ҳатто Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ҳамда Россияга етказиб берилади.

Маҳалла раиси Ҳамиджон Турғуновнинг айтишича, қорақумликлар қарийб 50 йилдан буён кўчат етиштириш билан шуғулланади.

Ҳамиджон Турғунов

«Маҳалламиз одамлари меҳнаткаш, ўз ишининг усталари. Бекор турган одамни учратмайсиз, ишсизлар, хорижга кетганлар, эҳтиёжмандлар йўқ. Аҳолининг асосий даромади кўчатчиликдан. Бир мавсумда битта оила 30 миллиондан 300 миллион сўмгача даромад олади. Маҳалламизда ҳар йили 4 миллион донадан ортиқ мевали, манзарали ва гул кўчатлари етиштирилади. Уларни республикамизнинг барча вилоятларидан харидорлар олиб кетади. Бундан ташқари, кўчатлар Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Россияга экспорт қилинади. Айни кунгача қарийб 800 минг дона атиргул кўчатини Россияга жўнатдик», — дейди Ҳамиджон Турғунов.

Сиддиқжон Ҳожиаҳмедовнинг айтишича, у оила аъзолари билан бир мавсумда 50-60 минг дона кўчат етиштириб, 150 миллион сўмгача даромад олади.

Сиддиқжон Ҳожиаҳмедов

«Ёшлигимдан кўчат парваришига қизиқаман. Шунчаки қизиқишдан бошланган бу ишимиз ҳозир оилавий бизнесга айланди. Кўчатларимизга қўшни Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон, шунингдек, юртимизнинг барча вилоятларидан харидорлар бор. Атиргул кўчатларини Россияга жўнатамиз.

25 сотих томорқамиз ва озроқ қўшимча еримиз бор. Асосан юртимиз иқлимига мос манзарали дарахтлар ва гул кўчатлари экамиз. Чунки, улар ортиқча меҳнат талаб қилмайди, тез ривожланади. Бир йилда 50-60 минг дона кўчат етиштирамиз. Майда кўчатлар кўп бўлгани учун уларнинг аниқ сонини айтиш қийин. Бир йилда тайёр бўладиган майда кўчатлардан 30-40 минг дона сотсак, икки-уч йиллик кўчатлардан 3-4 минг дона сотилади. Фарзандларимизни ўқитиш, уйли-жойли қилишда томорқадан келаётган даромаднинг ҳиссаси катта», — дейди Сиддиқжон Ҳожиаҳмедов.

25 сотих томорқамиз ва озроқ қўшимча еримиз бор. Асосан юртимиз иқлимига мос манзарали дарахтлар ва гул кўчатлари экамиз. Чунки, улар ортиқча меҳнат талаб қилмайди, тез ривожланади. Бир йилда 50-60 минг дона кўчат етиштирамиз. Майда кўчатлар кўп бўлгани учун уларнинг аниқ сонини айтиш қийин. Бир йилда тайёр бўладиган майда кўчатлардан 30-40 минг дона сотсак, икки-уч йиллик кўчатлардан 3-4 минг дона сотилади. Фарзандларимизни ўқитиш, уйли-жойли қилишда томорқадан келаётган даромаднинг ҳиссаси катта», — дейди Сиддиқжон Ҳожиаҳмедов.

Санжарбек Абдулаҳадов.

Қорақумлик Санжарбек Абдулаҳадов 15 йилдан буён мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштириш билан шуғулланиб, томорқасидан унумли фойдаланиб келади.

«Ёшлигимдан кўчатчилик билан шуғулланаман. Қўшимча 20 сотих томорқамиз бор. Бу ерга манзарали ва мевали дарахтлар, гул кўчатларини экамиз. Ҳозир томорқамизда бодом, ҳурмо, арча, каштан каби ўндан ортиқ кўчат турлари бор. Бир мавсумда 15-20 минг дона кўчат етиштирамиз. Йиллик даромадимиз 40-50 миллион сўмга боради. Ўтган йилги даромаддан янги иморат солдик», — дейди Санжарбек Абдулаҳадов.

Айни кунларда катта йўл бўйида жойлашган Янги чек, Турк, Терактаги, Мозортаги, Пахтаобод каби маҳаллалар хонадонларида кўчат савдоси авж паллага кирган. Қишлоқ миришкорлари етиштирган мевали, манзарали кўчатлар, гул ниҳолларининг бозори чаққон. Бу ердан юртимизнинг турли ҳудудларидан ва қўшни давлатлардан келган харидорларнинг оқими узилмайди.

Музаффар Парпиев узоқ йиллардан бери кўчат етиштириш ва сотиш билан шуғулланади. Унинг айтишича, қиш фаслида илиқ об-ҳаво кузатилгани учун кўчат савдоси ҳар йилгидан эртароқ бошланган.

«Бозорда кўчат савдоси бошланганига бир ой бўлди. Бу йил қиш иссиқ келгани учун кўчат мавсуми эртароқ бошланди. Япон беҳиси, қрим соснаси, соябонли тутлар, манзарали толлар, қирқилган ва шакл берилган шамшодлар, каштан, арча кўчатлари, икки-уч хил рангда очиладиган босма атиргуллар, айниқса, харидоргир. Кўчатларнинг нархи тури ва ёшига қараб 10 минг сўмдан 1 миллион сўмгача. Масалан, мана бу пирамида шаклидаги арча кўчати беш йиллик, бир донасининг нархи бир миллион сўм туради. Арчанинг бу тури секин ўсгани ва шакли чиройли бўлгани учун ҳам бошқаларига нисбатан қимматроқ сотилади. Бир кунда ўртача 4-5 миллион сўмлик кўчат сотамиз. Сотувга қўйилган кўчатларнинг тури қанча кўп бўлса, савдо шунча яхши бўлади. Қўшни шаҳар-туманлардан, вилоятлардан, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан ҳам харидорлар келиб, кўчат олиб кетяпти», — дейди Музаффар Парпиев.

Азизхон Тўхтахўжаев.

Кўчат бозорида нархи 5-6 миллион сўмдан юқори бўлган ноёб дарахтлар ҳам сотилади. Сотувчилардан бири Азизхон Тўхтахўжаевнинг айтишича, кўчатларнинг нархи ёши ва шаклига қараб ўсиб боради.

«Манзарали дарахтларнинг нархи шакли ва ёшига қараб ўсиб боради. Мана бу ўзимизнинг оддий арча дарахти. Ноёб шакл берилгани учун нархи қиммат. Бир донаси 6 миллион сўм атрофида. Уни шу шаклга келтириш учун йигирма йил вақт кетган. Шакл бериш учун дарахтлар бир йилда икки-уч марта кесилади. Биз сотаётган манзарали кўчатлар қишда ҳам, ёзда ҳам бир хилда туради. Кўчатларни ўзимиз экиб берамиз, парваришида кўмаклашамиз», — Азизхон Тўхтахўжаев

Бугун қуваликлар кўчатчилик ортидан мўл ҳосил олиб, юқори даромадга эга бўлмоқда. Шу меҳнат, машаққат туфайли уларнинг оиласига, хонадонига файз-барака, тўкинлик кирмоқда.

Одамлари кўчат экиб миллионерга айланаётган, йилига юз миллиондан ортиқ кўчат етиштириб, бутун Ўзбекистонга етказиб бераётган Қувага сиз ҳам бир келинг. Бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз.


Муаллиф:

Азизжон Эрматов, daryo.uz

AGROBLOGER канали

Report Page