...

...

AGROBLOGER

Республикамизда эртаги бодринг жанубий минтақаларда 1–15 апрелда, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 10–20 апрелда, шимолий минтақаларда 20–30 апрелда, ўртаги муддатда жанубда 20 апрель-5 майда, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 1–10 майда, шимолда 1–15 майда экилади.

Эртаги маҳсулот етиштириш учун плёнкали ёпқичлар остига март ойининг 2–3 ўн кунликларида 70+140x40 см оралиқда уруғ ташланади. Очиқ майдонда СБУ-2,4А сеялкасида 70x30, 90x20 см тизимида 4–5 см чуқурликка экилади. Уруғ сарфи гектарига 4–5 кг. Униб чиқиб ниҳоллар уруғ палла баргчалари даврига киргандан кейин биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта ягана қилинади.

Қатор ораларига КРН-2,8А, Кон-2,8А, КХО-4 русумли культиватори билан 15–16 см чуқурликда ишлов бериб, ўсимлик атрофини мунтазам юмшатиб туриш, минерал озиқ ва сув бериб бориш керак. Ўсув даври мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор ораларини 15–16 см чуқурликда культивация қилинади.

Ўғитлаш. Бўз тупроқларда бодрингдан гектарига 15–16 тонна ҳосил олиш учун гектарига 20 тонна гўнг ва N190P100K75 бериш тавсия этилади.

Азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки аммиак селитраси кўринишида берилади.

Фосфорли ўғитлар – аммофос ёки таркибида P2O5-9,5%, N-4,6% бўлган мураккаб фосфор ўғити кўринишида берилади.

Калий ўғити калий хлор кўринишида берилади. Гектарига соф ҳолда N150P100 K75 берилганда тук ҳолда қуйидагича: сульфат аммоний - 571 кг ёки аммиак селитраси - 376,5 кг, аммофос - 217,4 кг, калий хлор - 150 кг бўлади.

Ерга асосий ишлов берилаётганда органик ўғитининг ҳамма миқдори, фосфорнинг 75% ва калийни 75% берилади. Бу кўрсаткич гўнгнинг гектарига 20 т, аммофоснинг 163 кг, калий хлорнинг 112,5 кг тўғри келади.

Азотли ўғитларни 50% га камайтириш мақсадида, биоазотни гектарига 2 л суғориш суви билан биогумусни гектарига 10 тонна, вермигумни гектарига 10 тонна бериш мумкин.

Ўтлоқи ёки ўтлоқи ботқоқ тупроқларда бодринг етиштириш учун гектарига N120P80K60 кг бериш тавсия этилади. Азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки аммиак селитраси кўринишида берилади.

Фосфорли ўғитлар - аммофос ёки таркибида P2O5-9,5%, N-4,6% бўлган мураккаб фосфор ўғити кўринишида берилади.

Калий ўғити - калий хлор кўринишида берилади. Гектарига соф ҳолда N120P80 K60 берилганда тукда қуйидагича: сульфат аммоний - 456,8 кг ёки аммиак селитраси - 301,2 кг, аммофос-174 кг, калий хлор-120 кг бўлади.

Ерга асосий ишлов берилаётганда фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади. Бу кўрсаткич аммофоснинг гектарига 130,5 кг, калий хлорнинг гектарига 90 кг. дан берилганда тўғри келади.

Биринчи озиқлантириш ўсимликнинг 2–3 чинбарг чиқарган даврида берилади. Бу озиқлантиришда азотнинг 10%, фосфор ва калийнинг қолган 25% берилади. Бу сульфат аммонийнинг гектарига 45,7 кг, аммиак селитрасининг гектарига 30 кг, аммофоснинг гектарига 44 кг тўғри келади.

Иккинчи озиқлантириш оналик гулларининг ялпи гуллаган даврида берилади. Бу озиқлантиришда азотли ўғитнинг 45 фоизи берилади. Бу кўрсаткич сульфат аммонийнинг гектарига 205,6 кг, аммиак селитрасининг гектарига 135,5 кг тўғри келади.

Учинчи озиқлантириш ҳосилни иккинчи ёки учинчи теримидан сўнг берилади. Бу озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган 45 фоизи берилади, бу сульфат аммонийнинг гектарига 205,6 кг ёки аммиак селитрасини эса 135,5 кг берилишига тўғри келади.

Суғориш. Бодринг жуда серпалак экин. Унинг асосий пояси 1–2 метрга етади, поядан ён шохчалар ва йирик барглар чиқади. Бодрингнинг илдизи эса унчалик ривожланмаган ва унинг асосий қисми тупроқнинг ҳайдалма қатламига, яъни 25–30 см чуқурликка таралади. Ўсимликни ернинг устки қисми билан илдизларининг ривожланиши ўртасидаги номувофиқлик экинни тез-тез суғориб туришни тақозо қилади. Экиннинг сувга талабчанлигининг боиси ҳам шунда.

Сувга талабчанлиги жиҳатдан бодринг сабзавот экинлари орасида биринчи ўринда турадиган экинлар қаторига киради. Найчалаш ва меваси етилган даврда бодринг сувни айниқса кўп талаб қилади.

Тупроқ нами етишмаса ўсимликнинг ўсиши сустлашади, ҳосил тўплаш даври қисқаради ва махсулотнинг сифати пасаяди. Бундан ташқари бодринг эгри-бугри ва мазаси аччиқ бўлиб етилади. Тупроқ нами қочганда бодрингнинг барги тўқ яшил, сернам бўлганда эса оч яшил тусга киради.

Бодрингни суғоришда об-ҳаво шароитини, тупроқдаги намни ва ўсимликнинг қайси фазада ўсаётганлигини ҳисобга олиш жуда муҳимдир.

Кўкламда экилган бодрингнинг ҳосил тўплаш даври одатда кечкисига қараганда узоқроқ давом этади. Экиннинг найчалаш-ҳосил тўплаш даври ёзнинг иссиқ пайтига тўғри келади. Ҳар қайси фазада ҳар хил миқдорда сув талаб қилиши, ҳарорат шароитини эътиборга олиб сизот суви чуқур жойлашган ерларда кўкламда экилган бодринг ҳар 7–8 кунда суғориб турилади. Ҳосил тўплаш даври бошланиши биланоқ экин тез-тез, ёппасига ҳосилга кирганда эса ҳар қайси теримдан кейин, яъни камида 2–3 кун оралатиб суғорилади. Ана шундай қилинганда сизот суви чуқур участкаларда эртаги бодрингга ўсув даврида 14–15 марта, юза ерларда эса камроқ 9–11 марта сув берилади.

Биринчи чопиқдан то 2–3 та чинбарг чиқаргунича ўсимликни қантаришнинг суғориш тартиботида аҳамияти каттадир. Чопиқдан кейин навбатдаги сувни 10–12 кундан сўнг, яъни унинг барги тўқ яшил тусга кирганда бериш керак.

Бодринг найчалагунича тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 80%, найчалаш даврида эса 85–90% бўлганда суғорилса ўсимлик яхши авж олиб ҳосил бирмунча ортади. Сув сиғими кам ва механик таркиби жиҳатдан енгил тупроқли ерларда суғориш меъёри камайтирилади, нам сиғими яхши бўлган оғир тупроқли участкаларда эса кўпайтирилади.


AGROBLOGER канали

 Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали

dehqon.uz

Report Page