...

...

AGROBLOGER

Пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида 10 март куни “Ўзбекистон – Нидерландия“ агробизнес форуми иш бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган тадбирда Нидерландия Қироллиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари, шунингдек, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган 40 дан ортиқ компания вакилларидан иборат делегация иштирок этмоқда.


Форумдан кўзланган мақсад мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, чорвачилик ва паррандачилик, мевали дарахтлар ва ўсимликларни парвариш қилиш, иссиқхоналар қуриш, шунингдек, ушбу йўналишларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.


Нидерландияда қишлоқ хўжалигини юритиш маданияти юксак даражада шаклланганини бутун дунё эътироф этади. Жаҳоннинг тараққий этган, йирик давлатлари билан таққослаганда, ер майдони жуда кичик бўлган ушбу Европа мамлакати қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми бўйича дунёда 2-ўринни эгаллаши ҳайратланарли. Шу маънода, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини замонавий талаблар, халқаро стандартлар асосида ривожлантириш учун Нидерландия Қироллиги билан ҳамкорликни кенгайтириш юқори самара бериши шубҳасиз.


Учрашув давомида икки мамлакат ишбилармонлари савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш ва турли йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.


Нидерландия компаниялари вакиллари иссиқхоналар тузилмаси, боғдорчилик ва логистика, чорвачилик, паррандачилик ва савдо-сотиқ фаолиятига оид ўз тақдимотларини намойиш этди.


Форум доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида В2В форматидаги учрашувлар ҳам ташкил этилди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, турли корхоналар вакиллари ҳамда Қиролликнинг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, шунингдек, мева-сабзавот, картошка етиштириш ва қайта ишлаш, инновацион суғориш тизимлари, ўсимлик етиштириш, иссиқхона қуриш, чорвачилик, отчилик, боғдорчилик, паррандачилик ва бошқа йўналишларда фаолият кўрсатаётган йирик компаниялар масъул ходимлари ўртасида қизғин музокаралар бўлиб ўтди.


Очиқ мулоқот ва келишувлар истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш, ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини аниқ белгилаб олиш, қолаверса, Ўзбекистон ва Нидерландия ишбилармон доиралари ўртасидаги муносабатларни самарали йўлга қўйиш имконини беради.


“Ўзбекистон – Нидерландия“ агробизнес форуми дастури доирасида Самарқанд шаҳрида ҳам тадбирлар ташкил этилади.


Ғайрат ХОННАЗАРОВ

ЎзА

@AGROBLOGER канали

Report Page