...

...

AGROBLOGER

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани вилоятнинг энг чекка ва тоғли ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ҳудуд аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланади.

Оқова сув танқис бўлгани боис минглаб гектар қир-адирларда жойлашган майдонларда лалми усулда деҳқончилик қилинади. Баҳор серёғин келган йиллари ҳосилдорлик нисбатан яхши, қурғоқчилик келса, лалми экинларнинг унуми жуда паст бўлади. 

Аммо бугун агросаноат соҳасида шундай ривожланган интенсив технологиялар қўлланмоқдаки, улар ёрдамида ҳатто, тошлоқ ерларда ҳам экинлар экилиб, юқори ҳосил олинмоқда. 

Айни пайтда Деҳқонободда ҳам ердан самарали фойдаланиш, аҳоли даромадини ошириш мақсадида тоғ ёнбағирларида узумчилик ишлари бошлаб юборилди. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи давомида берган топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши саъй-ҳаракати билан тумандаги Оқтош МФЙ ҳудудида 200 гектар ер майдонида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидан олиб келинган қора кишмиш навли ток кўчатлари экиб, парваришлаш ишлари бошлаб юборилди. 

– Президентимизнинг ўтган йили вилоятимизга ташрифи доирасида амалга ошириладиган кўплаб лойиҳалар қаторида Деҳқонобод туманидаги аҳоли ва ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида туманнинг узоқ тоғли ҳудудлари ҳисобланган Оқтош ва Белибойли маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидан минг гектар ерни узумчиликка ихтисослаштириш лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди, – дейди OʻzLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Арзиқул Шеров. – Ўша ерда ташкил этилган кооперативларга яна қўшимча минг гектар ер ажратилиб, бу ерда майизбоп, экспорт қилинадиган узум етиштирилади. Бугунги кунда Белибойли ва Оқтош маҳалла фуқаролар йиғинида ажратилган ер майдонларида аҳоли билан биргаликда узум кўчатларини экиш, уларнинг ерини тайёрлаш ишлари амалга оширилди. Ҳар бир фуқарога бир гектардан ер ажратиш орқали ҳудуддаги кўплаб ишсиз ёшлар ва аҳоли вакилларининг бандлиги таъминланди. Ҳисоб-китобларга кўра, узумзорларнинг гектаридан 4-5 тонна сифатли майиз олиш мумкин. Етиштирилган ҳосилни экспортга йўналтириш орқали эса, янада кўпроқ даромад қилиш имкони яратилади. 

Туман ҳокимлиги томонидан Оқтош маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан “Ислоҳ саёҳати” ишлаб чиқариш кооперативига минг гектар ер майдони ажратилган бўлиб, бу ерда асосан Оқтош, Терскай, Қувват, Оққишлоқ, Жийдабулоқ, Белибойли қишлоқларида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларининг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган. Ҳозирда яхши ният билан қадалган ток кўчатларини суғориш учун тоғ бағридаги булоқлардан пластик қувур орқали 10 минг метр масофадан сув олиб келинган. 

– Кооператив ўтган йилда ташкил қилинган бўлиб, минг гектар ер узумчилик билан шуғулланишимиз учун ажратилди, – дейди “Ислоҳ саёҳати” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Алишер Холмирзаев. – 200 гектар ер аҳолига тарқатилиб, ток экиш ишлари якунланди. Пластик қувурларда булоқ суви келтирилди, аммо бу етарли эмас. Экинларнинг суғориш тизимини сифатли йўлга қўйиш учун 6 та артезиан қудуқлари қуришни режалаштирганмиз. Шу мақсадда айни кунларда 4 километр масофадан электр линияси тортиб келиш ишларини бажаряпмиз. Келгусида мазкур ҳудудда минг гектар майдонда узумзор ташкил этилади. Бундан ташқари яна қўшимча минг гектар ер олганмиз ва у ерга бодом, ёнғоқ, писта ва олма кўчатлари экишни мўлжаллаяпмиз. Мақсад, атрофимиздаги 9 та қишлоқнинг ишсиз аҳолиси бандлигини тўлиқ таъминлашдир. 

Лойиҳанинг биринчи босқичида 200 гектар ер майдони 200 нафар эҳтиёжманд оила вакилларига кооператив усулда 1 гектардан бўлиб берилди. Ер майдонларини тақсимлашда биринчи навбатда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳоли вакилларини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

– Ерларимиз асосан лалми жой, – дейди Муродулла Чориев. – Ҳар йили бундай ерларга лалми усулда арпа, буғдой ва нўхат каби экинларни экардик ва ўртача гектаридан 3,5-4 миллион сўм даромад қилардик. Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар ердан самарали фойдаланиб, узум етиштириб майиз оладиган бўлсак, гектаридан 35-40 миллион сўм атрофида даромад олиш мумкин экан. Кўчатлар ҳосил бергунча қатор ораларига бошқа экинларни ҳам экиб, фойдаланишимиз мумкин. Шу боис мен ҳам бошқа тенгдошларим қатори бир гектар ер олдим ва ток экдим. Дўстларимни ҳам таклиф қилдим. Насиб этса, бу ишимиз ўзини оқласа, келажакда еримиз ҳажмини янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз. 

Бу каби истиқболли лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши, келгусида ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши тайин, аммо ҳамма гап мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, лойиҳаларни амалга оширишда. Буни эса вақт кўрсатади. Ўйлаймизки, мазкур кенг кўламли ҳаракатлар ҳам боши бор, лекин охири йўқ, таги пуч лойиҳалардан бўлиб қолмайди. Яна 4-5 йилдан кейин ҳудудда жаҳон бозорида талаб юқори бўлган маҳсулотлар етиштирилиб, халқимиз дастурхонига тортиқ қилинади. 


Ў.Баротов, ЎзА

@AGROBLOGER канали

uza.uz

Report Page