...

...

AGROBLOGER

Боғ қатор ораларига экиладиган экинларни танлашда тупроққа ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ва бошқа чора-тадбирлар дарахтларни яхши тарбиялашга, илдизини ривожлантиришга, чиройли шакл беришга ҳамда очиқ ердан унумли фойдаланиб тупроқнинг унумдорлигини оширишга қаратилиши керак.

Мевали дарахтлар биринчи йил экилганда унга ажратилган майдоннинг экиш схемаси бўйича фақат 1–2 фоизидан фойдаланади. Уларнинг илдиз тизими ривожланиши натижасида ажратилган майдондан данакли дарахтлар фақат 4–6 йилдан, уруғли мевали дарахтлар эса 5–8 йилдан кейин тўлиқ фойдаланади. Мевали боғларга экиш схемаси бўйича ажратилган майдоннинг кўп қисми, нисбатан узоқ муддат давомида ўзлаштирилмасдан ётади. Ёш боғлар орасини қора шудгор (черный пар) сифатида сақлаб туриш мақсадга мувофиқ бўлмайди.

Боғларни қатор ораларига экиш учун экинларни тўғри танлаш муҳим аҳамиятга эга. Тадқиқотлардан маълумки, олма ва нок боғларини қатор орасига улар 6–8 ёшга киргунга қадар сабзавот экинларини ва қатор ораларига ишлов берадиган ўсимликларни экилгани яхши.

Данакли боғлар олти ёшга киргунча улар қатор орасига сабзавот ва полиз экинларини экиш тавсия қилинади. Бунда томатдош экинлардан помидор, қалампир, бақлажон ва картошка экинлари вирус касалликларини тарқатишга мойил бўлганлиги сабабли уларни боғ қатор ораларига экиш тавсия қилинмайди.

Боғ қатор ораларига оралиқ экинлар экиладиган бўлса биринчи икки йил давомида дарахт танаси қаторига эни 1 м, кейин ҳар йили 0,5 м. дан ошириб бориб, сабзавотлар экилмай қолдирилади. Боғ тўлиқ ҳосилга кирганда қатор ораларига экин экиш фойдасиз бўлади.

Боғ қатор ораларига экилган экинлар ердаги озиқ моддалар ва намнинг бир қисмини олиб қўяди. Бу эса баъзан мева дарахтларининг ўсиши ва ҳосил беришига таъсир этади. Шунинг учун қатор ораларига экиладиган экинлар танланганда боғдаги мева дарахтларининг сувга ва озиқага бўлган талаби бир пайтга тўғри келмаслиги керак.

Мевали дарахтлар баҳорда, барг ёзаётганда, новдалари ва мевалари ўсаётганда сувни кўпроқ талаб қилади. Шунинг учун боғ қатор ораларига баҳорда сувни кўп талаб қилмайдиган экинлар экилиши керак. Бундан ташқари қатор ораларига сентябрь ойида суғорилмаслик учун, ўсув даври қисқа бўлган, кузгача вегетацияси тугайдиган сабзавот ва дуккакли дон экинларини экиш лозим. Акс ҳолда экинлар суғорилганда, боғ дарахтлари ҳам сувдан фойдаланиб қишга тайёргарчилик қилолмайдилар.

Боғ қатор ораларига баланд ўсадиган маккажўхори, оқ жўхори, яна тупроқдан кўп озиқа оладиган кунгабоқар, уруғлик беда ҳамда дарахтларни соялайдиган экинларни экмаслик керак.

Боғ қатор ораларига сабзавотларни ўсув даври қисқа бўлган турлари ҳамда тупроқларни азот ва чиринди билан боитадиган дуккакли дон экинларидан – мош, кўк нўхат, нўхат ва ловия ўсимликларини экиш тавсия этилади. Боғ қатор ораларига турли сабзавот ва бошқа экинлар экилганда алмашлаб экишни қўллаш мақсадга мувофиқ.

Парваришлаш технологияси. Эртапишар карам навларининг кўчати республикамизнинг жанубий вилоятларида 10–12 февралда, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 25 февраль-10 мартда, шимолий минтақаларда 15–30 мартда далага экиш пайтида кўчатларда 6–7 та барг бўлиши ва улар плёнка остига экилиши керак.

Эртаги карамнинг ҳосилини эрта муддатларда етиштирилиши учун биринчи навбатда уни экишга мос жой танланади ва ер кузда тайёрлаб қўйилади. Кузда тайёрлаб қўйилган эгатларга экилганда ҳосили 8–10 кун илгари етилади ва 20% га кўпаяди.

Эртаги карам 70x25 (30) см схемада экилади. Кўчат экилиб бўлгандан кейин дала кетма кет суғорилади. Орадан 2–3 кун ўтгач, кўчат ўтказилган эгатлар текширилади, хато жойларга яна кўчат экилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатнинг оралари культивация қилинади, сўнг кўчат атрофи юмшатилади ва биринчи марта ўғит берилади. Иккинчи культивация экин бир суғорилгандан сўнг ўтказилади. Эртаги карам икки марта чопиқ қилинади.

Кўчатлар экиб бўлингандан кейин икки-уч ҳафта ўтказиб биринчи ялпи ишлов берилади. Бунда қатор оралари КРН-4,2 культиватор билан 15–16 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимлик атрофи юмшатилади, маъдан ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади. 20–25 кундан кейин яна бир марта ялпи ишлов берилади.

Карамни озиқлантириш учун гектарига 25–30 тонна гўнг, 200 кг азот, 150 кг фосфор ва 75 кг калий солинади.

Иккинчи йил боғларда кузда гўнгнинг йиллик миқдори тўлиқ, фосфорнинг 75, калийни 50% ерни ҳайдашдан олдин солинади. Фосфорнинг 25, калийни 50%, азот ўғитларининг 20% кўчатни экишдан олдин, қолган қисми кўчат тутгандан сўнг, тупбарги пайдо бўлганда ва карамбоши ўрай бошлаган пайтда тенг қисмларга ажратилган ҳолда берилади. Бўзтупроқли ерларда эртаги карамга 8–10 марта, сизот сувлари юза жойлашган ерларда 6–8 марта сув бериш тавсия этилади. Суғориш меъёри гектарига 500–550 м3.

Суғориш. Карамни неча марта суғориш уни экиш муддатига ҳамда сизот сувнинг чуқур ёки юзалигига боғлиқ. Карам кўчати далага ўтқазилгандан кейин тутиб кетиш ва карам бош ўраётган даврда сувни айниқса кўп талаб қилади.

Эртаги карам кўчатини далага ўтқазиш вақтида кўпроқ ёғин-сочин бўлиб туради, бинобарин, бу даврда экинни суғормаса ҳам бўлади. Акс ҳолда экинни албатта суғориш шарт. Шунинг учун эртаги карам кўпинча мартнинг охири ва апрелнинг дастлабки кунларидан бошлаб суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги карам майнинг ўрталаригача ҳар 7–8 кунда бир марта суғорилиши керак. Майнинг иккинчи ярми ва июнда эса 5–6 кунда сув берилади. Йиғиб-териб олиш олдидан сувни тўхтатиш лозим. Умуман олганда сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги карам ўсув даври мобайнида (тупроқнинг дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 80 фоиздан камаймаганда) 10–12 марта, сизот суви юза жойлашган далаларда эса 6–8 марта суғорилади.

Пиёзнинг маҳаллий шароитда яратилган эртапишар Сумбула, Оқ дур, ўртапишар Истиқбол, Зафар навларини экиш тавсия этилади.

Мамлакатимизда пиёз уч муддатда: эрта баҳорги, ёзги-кузги ва тўқсонбости қилиб экилади. Баҳорги муддатда пиёз жанубий вилоятларда 5–25 январда, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 20 февраль-10 март, шимолий минтақаларда 5–25 март, 2-йил боғларга тўқсонбости муддатда марказий минтақада жойлашган вилоятларда 15 ноябр 15 декабр ва шимолий минтақаларда 1 ноябрь-1 декабрда, ёзги-кузги муддатда шимолий минтақаларда 15 август-1 сентябрь, бошқа вилоятларда 15 август-10 сентябрда уруғи экилади.

Пиёз уруғи гектарига баҳорги муддатда гектарига 12–15 кг, ёзги-кузги ва тўқсонбости муддатда 20 кг. гача сарфланади. Пиёз СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялка билан ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70–90 см. дан олиб тўрт қаторли усулда экилади. Уруғлар ерга 1,5–2 см чуқурликка кўмилади.

Пиёз икки-уч марта дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6–8 см. га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор ораларидаги бегона ўтлар КРН-2,8 А культиватори билан ерни 15–16 см чуқурликда ишлов берилади.

Ўғитлаш. Пиёз ўсимлиги патак илдизли сабзавот бўлиб, илдиз тизими асосан тупроқнинг устки қисмига яқин жойлашган. Шунинг учун у ернинг устки қисмида асосий озиқа элементларни кўп бўлишини талаб қилади.

- Бўз тупроқларда пиёздан 30 тонна ҳосил олиш учун ҳар гектар ерга ўртача 300 кг азот, 220 кг фосфор ва 90 кг калий бериш керак.

- Ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ тупроқларда эса 250 кг азот, 200 кг фосфор, 80 кг калий беришни тақозо этади.

- Шўрланган, тупроқ бонитети паст бўлган ўтлоқи тақир, тақир тупроқларда пиёз етиштирилганда гектарига 320 кг азот, 220 кг фосфор ва 100 кг калий бериш керак.

Ўғитларни бериш муддати. Режалаштирилган ҳосилга белгиланган фосфор ўғитни йиллик миқдорининг 70–75% ерни асосий ишловида, қолган қисми эса ерни бороналашдан олдин берилади. Азот ўғитини эса вегетация даврида озиқлантириш пайтида тенг иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш пиёз яганалаб, ўтоқ қилингандан сўнг, иккинчиси эса пиёз боши шакллана бошлаганда берилади. Пиёз ўсимлигига органик ўғитлардан янги гўнгни бериш тавсия этилмайди. Гўнг берилганда гўнгдаги бегона ўтлар уруғлари униб чиқиб, олинадиган ҳосилга салбий таъсир этади.

Суғориш. Пиёз ҳаво нами паст жойларда яхши ўсади, аммо тупроқнинг сернам бўлишини хоҳлайди. Пиёзнинг барг шапалоғини кичиклиги ва сувни тежаб-тергаб сарфлашига қарамасдан, унинг илдизи яхши ривожланмаганлигидан тупроқ намлигига талабчанлиги ниҳоятда кучли. Уруғ униб чиқаётган ва пиёз боши шаклланаётган даврда экиннинг сувга талаби айниқса ошади. Фақат ўсув даврининг охирида ва пиёз бошлари етилган пайтдагина ўсимликнинг сувга бўлган талаби бир оз камаяди. Бу даврда тупроқ ҳаддан ташқари сернам бўлса, пиёз кечроқ етилади ва уни узоқ сақлаб бўлмайди. Тупроқ нами етишмаса, пиёз бошининг катталашиши сустлашади,ўсув даврини барвақт тугаллайди, камбарг ва пиёзбоши майда бўлади, натижада ҳосилдорлик кескин камаяди.

Суғорганда тупроқ етарли даражада намиқмаса барги оқиш-яшил тусга кириб, учи эгилади. Ортиқча намланганда эса барги оч яшил рангга киради.

Сизот суви чуқур жойлашган бўзтупроқли ерларда кўкламнинг охири ёзнинг бошларида пиёз ҳар 7–10 кунда суғорилади.

Пиёзни тез-тез суғориш то пиёз боши шаклланишининг охиригача давом эттирилиб, янги барг ўсиб чиққандан сўнг тўхтатилади. Июннинг иккинчи ярмидан бошлаб, яъни пиёзбошининг ўсиши тўхтагандан кейин экин 12–14 кун оралатиб икки марта суғорилади ва йиғиб-териб олишга бир ой қолганда суғориш тўхтатилади. Экин шу тарзда суғорилганда пиёзбоши қаттиқ-тиғиз ва узоқ сақланадиган бўлиб етилади. Мана шу даврда ўсимлик суғориб турилса, у қайтадан кўклаб кетади ва бундай пиёз яхши сақланмайди. Сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда кўкламда экилган пиёзни ўсув даврида 11–13 марта, сизот суви яқин бўлган участкаларда 7–9 марта суғориш керак.

Юқорида айтилганидек, пиёз илдизлари тупроқнинг юза қатламига таралишини ҳисобга олиб ҳар галги суғоришда гектарига 350–400 м3 ҳисобидан сув берилади.

и кесиб, сўриб зарарлайди. Занг канани оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Уни фақат микроскоп остида кўриш мумкин, шунинг учун унинг зарари билинмайди ҳамда помидор ва картошканинг барглари тез қуриб қолади. Бу зараркунандага ўргимчак канага қарши қўлланиладиган препаратлардан фойдаланиш мумкин ёки сувда эрувчан 80 фоизли олтингугуртни 5–7 кг ҳисобида ишлатиш тавсия қилинади.

Ширалардан полиз шираси, акация шираси сабзавот-полиз экинларига, карам шираси эса фақат карамга сўриб зарар келтиради. Ширалар ўсимлик баргларининг орқасига, ўсиш нуқтасига жойлашиб, уларни сўриб зарарлайди. Зарарланган ўсимлик ўсишдан, ҳосилдан қолади. Уларга қарши БИ-58 (1–1,5 л/га) ёки Нурелл-Д (0,5 л/га) ёхуд Актеллик (1,5 л/га) ёки Талстар препаратларини (0,8 л/га) қўллаш мумкин.

Зарарланган ўсимликнинг барглари устида ёпишқоқ ширалар пайдо бўлади. Бу шираларга қора замбуруғлар ёпишиши оқибатида ўсимлик барглари қуриб қолади, оқибатда ҳосил кескин камаяди, Бу зараркунандаларга қарши Аплоуд (0,5 кг/га) ва Талстар препаратини (0,8 л/га) қўшиб пуркалса, оққанот ва личинкасига 95–99% таъсир қилади ёки Трихопорус кушандасидан 1:5 ҳисобида қўллаш мумкин.

Касалликлардан – замбуруғли касалликлар помидорга, қўнғир доғланиш, илдиз чириш, бодринг, қовун, қовоққа ун шудринг, сохта ун шудринг касаллари зарар келтиради. Бу касалликлар намлик ортган, ҳаво иссиқ бўлган пайтларида кўп зарар келтиради.

Уларга қарши Топсин-М гектарига 0,7 л ёки Топаз 0,5 л ёки Сапрол 0,8 л ёки сувда эрувчи 80 фоизли олтингугуртдан 4 кг ҳисобида пуркаш мумкин.

Қовун пашшаси – республикамизнинг Қашқадарё, Сирдарё, Жиззах, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида кўп тарқалган. Бу зараркунандага қарши 50 фоизли Карбофос 1,5 л/га, 57 фоизли Фуфанон 1 л/га, Крузиер препаратлари билан 0,2 л/га ҳисобидан гуллаш даврида, сўнгра 25–30 кун ўтказиб иккинчи марта ишлов бериш талаб қилинади.

Столбур билан касалланган ўсимликларнинг учларидаги барглари майдалашади, гул косачалари супоқлашиб, мевалари ноксимон бўлиб қолади. Бу касаллик кўпроқ очиқ ва ёпиқ майдонлардаги помидорда учрайди.

Мозаика билан касалланган помидор, бодринг, қовун ва қовоқларнинг барглари қалинлашиб, тарновсимон ва тез синадиган бўлиб қолади.

Стрик касаллиги кўпроқ помидорда учрайди. Бу касалликка чалинган помидорнинг пояси қотиб қурийди, мевалари эса қотиб ёрилади ва истеъмол учун яроқсиз бўлиб қолади.

Вирус касалликларининг олдини олиш учун помидор уруғлари икки кун 50–52 даража, учинчи куни бир кун (24 соат) 80 даража иссиқликда қиздирилади ва 0,03%ли Метилсинк ёки марганцовкада 8 соат ивитилиб, сўнг экилади. Бундай усулда қарши курашилганда уруғда сақланиб қолган вирус касалликлари йўқ бўлади.

Ўсув даврида вирус касалликлари билан касалланган ўсимликлар ҳар хил микроэлементлар, яъни марганец, рух, цинк, бор, молибден, йод кабилар билан дориланади. Бактерияли касалликлар билан касалланган экинларда Топсин-М препаратини гектарига 0,7–1 кг ҳисобида сарфлаш мумкин.

Юқорида келтирилган препаратлар очиқ майдонларда гектарига 600 л, ёпиқ майдонларда 1 тонна сувга аралаштириб сепилади. Пуркаш ишлари қўл ёки тракторга тиркалган аппаратлар орқали ўтказилади. Пирэтроид ва кимёвий дориларни албатта мутахассис назорати остида ишлатиш зарур.


@AGROBLOGER канали

Р.Ҳакимов, Б.Азимов

dehqon.uz

Report Page