***

***


Ўзни олиб қочай қайси томонга?

Эзгин тонгларимда ёмғирлар тинди.

Баҳорнинг этагин йиртган шамоллар,

унинг баданига тегинманг энди!


Қаерга яширай ва кимлар қувлаб

ортидан келару ва юлқиб кетар?

Гулнинг ифорига тўйган довуллар,

яшил япроғига чанг солманг, етар!


Лоақал, пок ўлсин байтул-хазанда,

Учса – осмон кенгдир,

қўнса – дунё зич.

Нозик қўлларидан тутган насимлар,

энди ол лабидан тиланманг ўпич!


Ахир, олиб боргум қайси маъвойга

ва қайси саҳрога кўмай жунунвор?

Эй, тоза қонини ичган саройлар,

энди уни хўрлаб бўлманг бузруквор!


На-да бу узлатдан чиқардим бир сас,

Ёлборгум, сукунат ичиндан боқиб.

О, энди хазонга айландими, бас!

Ҳечқурса топтаманг,

юборинг

ёқиб...


10.03.2020


Report Page