...

...



Касаллик мевали дарахтларда бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам тарқалган.

Касаллик белгилари. Олма ва нокнинг асосан илдиз бўғзида (кўпинча пайванд қилинган жойларида), камроқ даражада илдизида ва баъзан поянинг пастки қисмларида ўлчами бир неча мм дан 15 см га етадиган, юмшоқ ёки қаттиқ (ёғочсимон) галлар (шишлар) пайдо бўлади (55-расм). Баъзи олма навларида ён томирлар йўғонлашиши кузатилади. Илдиз системаси яхши ривожланмайди, шишлар ёнидаги поя тўқимаси қораяди. Кичик шишларни нематодаларнинг галлари билан адаштириш мумкин.

Касалликнинг зарари. Касалликнинг энг катта зарари кўчатзорлардаги ниҳолларда кузатилади. Одатда асосан бу касаллик туфайли ёш ниҳолларнинг 5-10 фоизи, баъзан эса 80 фоизгачаси бракка чиқарилади. Кўчатзорларда зарарланган ниҳоллар кўпинча сўлиб қолади, биринчи йил боққа кўчириб экилганлари эса ўсмасдан, жуда паст бўйли бўлиб қолади ва баъзилари нобуд бўлади.

Зарарланадиган ўсимликлар. Касаллик билан 93 оилага мансуб бўлган 600 тадан кўпроқ икки паллали ўсимлик турлари, жумладан олма, нок, шафтоли, ток, ёнғоқ, анор, хўжағат, атиргул, хризантема, помидор, сабзи, лавлаги, кунгабоқар ва бошқалар зарарланади.

Қўзғатувчи Agrobacterium tumefaciens бактерияси (синонимлари Pseudomonas tumefaciens ва Rhizobium tumefaciens), аэроб, грамсалбий, учлари тўмтоқ таёқча, 1-6 та хивчинчали перитрих, ҳаракатчан ёки баъзан ҳаракатчан эмас, спорасиз, эндоспоралари йўқ, 1,0-3х0,4-1,0 мкм, биттадан ёки занжирчаларда жойлашган, битта хивчинчаси ёрдамида ҳаракатланувчи. Бактерия тупроқда яшайди. КДА ва бошқа одатдаги озуқа муҳитларида колониялари оқ ёки сарғиш-оқ, бўртган шаклли, ялтироқ ва тиниқ.

Қўзғатувчининг учта кенжа тури (биовари) мавжуд бўлиб, улардан 2-патовар олмани, 3-патовар эса токни зарарлайди. Қўзғатувчи бактерия ва унинг биоварларини ажратиш учун махсус озуқа муҳитлари кашф қилинган, аммо тўғри ташхис қўйиш учун бактерия билан хўжайин ўсимликни сунъий зарарлаш ва қайта ажратиб олиш зарур. Индикатор ўсимликлар сифатида помидор, тамаки, кунгабоқар ишлатилади ва бактериянинг вирулент штаммлари уларда шишлар ҳосил қилади.

Бактериянинг галл қўзғатиш (вирулентлик) хусусиятини ДНК дан ташкил топган Ti-плазмида (Ti-ДНК) таъминлайди. Қўзғатувчининг номенклатураси анча чалкаш, чунки номенклатура бактериянинг касаллик қўзғатиш хусусиятига асосланган, бу хусусият эса плазмидага боғлиқ. Бактериянинг шишлардан ажратилган, аммо плазмидасини йўқотган штаммлари патогенлик хусусиятини (вирулентлигини) ҳам йўқотади.

Касаллик ривожланиши (11-расм). Бактерия тупроқда қишлайди ва баҳорда хўжайин ўсимлик илдизига кириб, зарарлайди. Бунда қўзғатувчи ўсимлик геномига плазмида киритади. Плазмида ўсимликда ўсиш гормонлари жуда катта миқдорда синтез қилинишига, бу эса ҳужайралар назоратсиз ўсиши, кўпайиши ва шишлар ҳосил бўлишига олиб келади. Бактерия баҳорда шишлардан суюқлик таркибида оқиб чиқиб, ўсимликнинг соғлом қисмларига ва бошқа ўсимликларга ўтади ва уларни зарарлайди. Бактерия ўсимликларга ёмғир томчилари, суғориш суви, ерга ишлов бериш учун қўлланиладиган асбоб-ускуна, ҳашаротлар ва пайванд учун ишлатиладиган материаллар билан тарқалади ва тўқималарга фақат механик жароҳатлар орқали киради. Зарарланган ўсимликларда 20оС ҳароратда 2-4 ҳафта ўтгач янги, кичик шишлар ҳосил бўлади, 15оС да галлар пайдо бўлиши кўпроқ вақт олади ёки инфекция кейинги 1-2 йилгача латент (яширин) ҳолатда қолади.

Олдин шиш билан зарарланган мевали дарахтлар, ток, хўжағат ва атиргул бўлган ерларда ўсган дарахтлар, айниқса ниҳоллар кучли зарарланади. Касаллик нейтрал ва бироз ишқорли, оғир тупроқларда, ерости сувлар яқин жойлашган ерларда кучлироқ ривожланади. Нордон тупроқларда бактерия ривожланиши камаяди, рН 5 дан паст бўлса, ривожланмайди. Тупроқ намлиги етарли бўлмаган шароитда касалликнинг зарари ортади.

Кураш чоралари. Мевали дарахтлар илдиз бўғзининг бактериал рак касаллиги билан курашда калмараз, ун-шудринг ва Pseudomonas syringae бактериясига қарши тавсия қилинган барча агротехник чора-тадбирларни қўллаш; дарахтларни ҳар хил механик жароҳатланишдан асраш; кўчатзорларда шишлари бўлган ниҳолларни қазиб олиб, ёқиб юбориш; бактерияга чидамли илдиз пайвандтаглари қўллаш; иложи борича куртак билан пайвандлаш усулини қўллаш; пайванд жойларига 1% ли мис купорос суртиш ва сув билан бир неча марта ювиш; кўчатзор яратиш учун ерости сувлари тўпланмайдиган, олдинги йиллари шишлар билан зарарланган мевали дарахтлар ва ток бўлмаган, нордонроқ тупроқли ерларни танлаш, тупроққа фосфор ва калийли ўғитлар солиш, пайванд учун материални соғлом ўсимликлардан олиш лозим; токзорда ишлатилган токқайчи ва бошқа асбоб-ускуналарни 5%-ли формалин билан зарарсизлантириш лозим.


Пайванд учун ишлатиладиган материални қўллашдан олдин қуйидагилардан бирига ботириш бактерияга қарши яхши самара беради: 1) ZnSO4 тузининг 0,2%-ли эритмасига 5 мин давомида (сўнгра тоза сув билан яхшилаб ювиш лозим); 2) окситетрациклин гидрохлорид эритмаси; 3) галлекс препарати (таъсир этувчи моддаси ароматик гидрокарбон, АҚШ да қўлланилади); 4) стрептомицин эритмаси билан Agrobacterium radiobacter бактерияси К84 штаммининг стрептомицинга чидамли мутантининг суспензияси аралашмаси (биологик усул)

| Youtube | Веб сайт | Telegram |

Report Page