...

...

AGROBLOGER

Шу кунларда юртимиздаги барча ташкилот, муассаса ва корхоналарда диёримизни бунданда обод қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Кўчат экиб, боғ яратиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири экани айни шу паллада янада яққолроқ намоён бўлади.

Фарғона вилояти Қува туманида кўчат етиштиришда катта тажриба мактаби яратилган. Ҳар йили юз миллион донадан зиёд мевали, манзарали ва гул кўчатлари парваришланиб, вилоятларга ва хорижга етказиб берилаётгани уларнинг миришкорлигидан далолатдир.

Тумандаги Томорқа ер участкаларини ривожлантириш республика илмий-амалий марказида эса бугун иш қизғин. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги «Томорқа хизматлари» билан шартномалар тузилган бўлиб, мазкур ҳудудларга мевали кўчатлар жўнатилмоқда.

– Бу ердаги кўчатларимиз белгиланган агротехник тадбирлар асосида етиштирилган, – дейди марказ раҳбари ўринбосари Ҳожиакбар Ҳожиматов. – Улар ишончли, кафолатлаган ва ҳосилдорлиги юқори бўлгани учун юртимизда талаб катта. Ҳозирга қадар 5 миллион донадан зиёд мевали кўчатларга буюртма олдик.

Шу билан бирга аҳоли ҳам ўз хонадонларида кўчат етиштиришда марказдан асло қолишмайди. Уруғни ерга қадаб, парваришлаб, пайвандлаб, мевали кўчатга айлантириш учун деҳқондан катта сабот, меҳнатга ижодкорона ёндашув талаб этилади. Айни кунларда катта йўл бўйида жойлашган Янги чек, Турк, Терактаги, Мозортаги, Пахтаобод каби маҳалла хонадонларида кўчат савдоси авж паллага кирди. Қишлоқ миришкорлари етиштирган мевали, манзарали кўчатлар, гул ниҳолчаларига харидорлар оқими узилмайди.


М. Сулаймонов, ЎзА

@AGROBLOGER канали

Report Page