...

...

AGROBLOGER

Бодом учун энг яхши тупроқ, таркибида оҳаги бўлмаган, сувни яхши ўтказадиган қумоқ ва бўз тупроқлар ҳисобланади. Бодом кам унум, қуруқ тупроқларда хам ўсиши мумкин, лекин бундай тупроқларда юқори агротехника тадбирларини қўллаш лозим бўлади. Ерларга ҳайдашдан 1-2 ой олдин органик ва минерал ўғитлар солинади. Бунда тупроқ шароитига қараб гектарига 25-30 т чириган гўнгга 300-350 кг фосфорли ўғит аралаштириб солинади ва ер 50-60 см гача чуқурликда хайдалади, паст-баланд жойлар текисланади. Шағалли қатлам, ер бетига яқин бўлса, ер шу қатламга етар-етмас ҳайдалади. Дарахтларнинг четдан чангланишини таъминлаш мақсадида хар бир майдонга камида 2-3 хил нав экиш лозим. Кўчатлар 60х60 см.лик чуқурчаларга экилади. Кўчат экканда илдиз бўғими ер сатҳи билан баробар бўлиши лозим. Бордию илдиз бўғими чуқурроқ жойлашса, кўчатларнинг ўсиши сусаяди, ер сатҳидан баланроқ жойлашса, кўчатлар қуриб қолиши мумкин. Кўчат экишда тупроқнинг намлигидан қатъий назар ҳар бир тупга 1-2 челак сув билан суғорилса яхши натижа беради.

Террасаланган лалмикор ёнбағирликларда намни кўпроқ сақлаш мақсадида қатор оралари ва дарахт атрофини тез-тез юмшатиб турилади, похол, сомон ва бошқа ўсимликлар қолдиқларидан мулчалар ҳосил қилинади.

Ёш кўчатларнинг парвариши асосан cуғоришдан иборат бўлиб, ўсиш даврида камида 6-8 маротаба суғорилади. Апрел, май, июн ва сентябр ойларида камида бир маротаба, июл, август ойларида эса икки-уч маротаба суғориш тавсия қилинади. Қумоқ-шағалли ерларда экилган ниҳоллар нисбатан кўпроқ суғорилишни талаб этилади. Кўчатлар атрофи ҳар бир суғориш ёки қаттиқ ёғингарчиликдан сўнг юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади. Ёз пайтлари сув камчил бўладиган ҳудудларда қишда 1-2 яхоб суви бериш ҳам тавсия қилинади. Бундай муҳим агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш лалмикор ерларда катта аҳамиятга эгадир.

Дарахтлар ҳосилга киргандан кейин суғориш миқдори тўрт мартагача қисқартирилиши мумкин. Бундан ташқари, ҳосил териб олингандан сўнг ва қишда бир мартадан суғорилади. Бу ҳолда дарахтлар ўсув даври бироз чўзилади ва бодомнинг кўкламда бироз бўлсада кечроқ гуллашини таъминлайди.

Лалмикор ерларда асосий эътибор тупроқда кўпроқ нам йиғиш ва сақлашга, бегона ўтлардан холи бўлишига қаратилиб, ёғингарчиликлардан сўнг тупроқ доимо юмшатилиб турилади, куз ва эрта баҳорда қатор оралиғи ҳайдалади, кўчат атрофи чопилади.

Биринчи беш йилда дарахт қатор ораларини 40-50 см, ҳосилга киргандан сўнг эса 25 см гача чуқурликда ҳайдаш лозим.


@AGROBLOGER канали

Абдурасулов А.А. "Ўзбекистонда бодомни боғ типида плантацияларини барпо қилиш бўйича тавсиялар".

dehqon.uz


Report Page