...

...

AGROBLOGER

Экинлардан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда тупроқ унумдорлигини ошириш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.

Суғориладиган майдонлар тупроқ таркибидаги чиринди миқдори ва экинлар ўзлаштирадиган озуқа моддалари билан таъминланганлиги жиҳатидан бир-биридан кескин фарқ ҳилади. Шу билан бирга тупроқнинг агрокимёвий хусусиятлари вақт ўтиши, маҳаллий ва минерал ўғитларнинг қўлланилиши ҳамда ҳосил билан бирга озуқа моддаларининг чиқиб кетиши натижасида ўзгариб боради.

Тупроқнинг унумдорлиги олинган ҳосил билан ўлчанади. Бошқача айтганда, юқори ҳосил тупроқ унумдорлигининг асосий ва аниқ кўрсаткичидир. Ердан оқилона фойдаланилганда, унинг унумдорлиги ортади, шафқатсизларча муносабатда бўлинганда эса тақир ерга айланади.

Тупроқ қатламини ағдариб шудгор қилиш бундан кейин ўтказиладиган барча агротехника тадбирларининг юқори самарадорлик гаровидир. Биринчи навбатда маккажўхори, сабзавот-полиз ва озуқабоп экинлар, каноп ва бошқа экинлардан бўшаган майдонлар, кейин (ҳосил йиғим-теримининг тугалланишига қараб) пахта майдонлари шудгор қилинади.

Барча суғориладиган майдонларни шудгорлашда икки ярусли плуглардан, эскидан деҳқончилик қилиб келинаётган оғир тупроқли оқпоя ерларда эса тупроқни 40-45 сантиметр чуқурликда юмшатадиган икки ярусли махсус плуглардан фойдаланилади.

Тупроққа асосий ишлов бериш чуқурлиги тупроқ қатламининг қувватини, далани ўт босиш даражасини ҳисобга олган ҳолда табақалаштирилади. Тупроқни ўт босиш чуқурлиги 30-35 сантиметрни ташкил этади. Бедапоялар чап томондан қирқиб кетувчи лемехлар билан жиҳозланган икки ярусли плуглар ёрдамида ҳайдалади.

Шудгорлашдан олдин ерга органик, фосфорли ва калийли ўғитлар солинади, ҳар гектар майдонга камида 15 тоннадан гўнг ва бошқа маҳаллий ўғитлар солинади. Фосфорли ва калийли ўғитларнинг миқдори эса агрокимё картограммаларига мувофиқ равишда белгиланади. Хўжаликларда ерлар шудгорланганидан кейин кузда далаларни текислашга алоҳида эътибор берилади. Барча ер текислаш ишлари кузда бажариб қўйилади. Чунки бу ишлар баҳорда, ер нам бўлиб турган пайтда бажариладиган бўлса, тупроқ қаттиқ зичлашиб, ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келиши мумкин.

Тупроққа юза ишлов бериш, алмашлаб экишга амал қилмаслик ва ўғитларнинг оз берилиши чиринди (гумус)нинг камайиб кетишига олиб келади. Бундай ўзгаришлар оқибатида тупроқда сув ва шамол эрозиясини кучайтириб юборади. Биргина эрозия туфайли ўсимликка бериладиган азот ва фосфорнинг 40-50 %, калийнинг бундан кўп ювилиши туфайли ғўза ҳосил- дорлиги 5-6 центнергача камайиб кетади.


@AGROBLOGER канали

Муҳаммадиев Б. Қ. "Ширкат ва фермер хўжаликларида органик ҳамда минерал ўғитлардан фойдаланиш".  

dehqon.uz


Report Page