...

...

AGROBLOGER

Бухоро вилоятида сўнгги бир неча йилдан буён маҳалла ва қишлоқларга яқин, чўлга туташ массивларда “яшил қалқон” барпо этиш, чўл ўсимликларини экиш ва кўпайтириш орқали экологик муаммоларнинг олдини олишга тизимли равишда киришилган.

––Шу йилнинг ўзида вилоятимиз чўл ҳудудларидаги жами 96 минг гектардан ортиқ майдонда саксовул уруғини қадаш ишлари бошланди,––дейди вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Акмал Жумаев. ––Ўрганишлар натижасида Пешкў тумани чўл массивидан 14 минг 305 гектар, Жондор тумани ҳудудидан 13 минг 503 гектар, Қоракўл тумани чўлидан қарийб 30 минг гектар, Ромитан туманидан 16 минг 900 гектар, Шофиркон тумани чўл массивидан 5 минг 61 гектар, Ғиждувон ҳамда Қоровулбозор туманларининг ҳар бирида 2 минг гектардан ошиқ майдонда саксовул экишга қарор қилинди. Шу йил якунигача, яъни эрта баҳор ва кеч кузги мавсумда уруғ қадаш––экиш ишлари олиб борилади.

Олот тумани чўл массивида ҳам уруғ қадаш ишларига киришилди. Ҳудуддаги кимсасиз чўлнинг 12 минг 423 гектарида “яшил қалқон” ҳосил қилиш кўзда тутилган.

––Туманнинг қумликларга туташ “Қирлишон” МФЙ га яқин массивда ҳозир вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси тизимидаги 70 га яқин ишчи-ходим меҳнат қилмоқда,––дейди Акмал Жумаев. ––Умуман, саксовул экишни ташкиллаштириш, ўтган йил кеч кузидан бошланган чўл ўсимликларидан уруғ териш ва қадаш ишларига жорий йил якунигача 700 ишчи-мутахассис, шунигдек, бошқарма туман бўлимлари тасарруфида бўлган қирққа яқин техника, трактор ва механизмлар жалб қилиниб, умумий миқдори 287 тонна саксовул уруғини жамғариш ва экиш тадбирлари олиб борилади.

Саксовул уруғи асосан “АН-2” русумли самолёт воситасида чўл минтақасига ҳаводан сепилади. Мутасаддиларнинг далолат беришларича, бу борада ташкилий масалалар ҳал қилинган ва муаммога ўрин қолдирмай, жорий баҳорги мавсумнинг ўзида ҳудуддаги 70 минг гектарга уруғ қадаш талаби қўйилган.


@AGROBLOGER канали

Зариф Комилов, ЎзА

uza.uz


Report Page